Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Козоғистон куч тузилмалари экстремистлар ва қуролфурушларга қарши курашда ютуққа эришмоқда

Айдар Ашимов

18 июль куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ходимлари қуролфурушликда гумонланган жиноий гуруҳ аъзосини қўлга олди. Гуруҳ Олмаота, Чимкент ва Қизилўрда шаҳарларида фаолият олиб борган. (Қозоғистон МХҚ)

18 июль куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) ходимлари қуролфурушликда гумонланган жиноий гуруҳ аъзосини қўлга олди. Гуруҳ Олмаота, Чимкент ва Қизилўрда шаҳарларида фаолият олиб борган. (Қозоғистон МХҚ)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон куч тузилмалари яқинда экстремизм ва ноқонуний қурол-яроғ савдосига қарши кураш доирасида қатор ҳибсларни амалга оширди.

Бир нечта шаҳарда олиб борилган хавфсизлик операциялари давомида Олмаота, Чимкент ва Қизилўрда шаҳарларида ноқонуний қурол-яроғ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди, дейилади Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) 25 июль кунги баёнотида.

18-19 июль кунлари МХҚ томонидан Олмаота ва Чимкент шаҳарларида бир нечта гумондор ҳибсга олиниб, саккиз дона «АК-47» автомати ва иккита тўппонча мусодара қилинган.

Тергов маълумотларига кўра, гумондорлардан айримлари экстремистик қарашларга эга бўлган.

18 июль куни Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари томонидан мусодара қилинган қуроллар. (Қозоғистон МХҚ)

18 июль куни Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари томонидан мусодара қилинган қуроллар. (Қозоғистон МХҚ)

Аввалроқ, июнь ойида МХҚнинг «Арслон» махсус кучлар бўлинмаси қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи моддалар олди-сотдиси билан шуғулланган йирик канал фаолиятига чек қўйган эди.

Ушбу жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси қўлга олинган. Уларнинг барчаси Олмаота вилоятидан бўлган.

«Ноқонуний қурол савдосига қарши кураш олиб бориляпти. Ҳукумат ноқонуний қурол-яроғни мусодара қилмоқда», деди Нур-султонлик сиёсий таҳлилчи Ернар Бейсалиев.

«Қозоғистонда ҳар йили аҳолидан қуролларни қайта сотиб акцияси ўтказилмоқда, шу тариқа юзлаб ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларнинг жиноятчи ва террорчилар қўлига тушиб қолишининг олди олиняпти», деди у.

Бейсалиевнинг айтишича, Қозоғистонда қуролфурушларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолатлар ноқонуний қурол бозорида жиноий гуруҳларнинг фаоллашаётганидан дарак беради.

Экстремистларни тергов қилиш ва қамоққа олиш

Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари, шунингдек, экстремистларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш ишларини ҳам давом эттирмоқда.

Қарағанда суди «Ислом давлати»нинг (ИД) уч аъзосини 6 йилдан 12 йилгача бўлган турли муддатларга ҳукм қилди, деб хабар беради 19 июль куни Tengri News.

Маълумотларга кўра, гуруҳ етакчиси 2015 йилда экстремистик қарашлар таъсирига тушган. Ў ўз шериклари ёрдамида Қарағанда вилоятининг Жезқозғон шаҳрида теракт уюштиришни режалаган, деб хабар беради tengrinews.kz нашри.

Июль ойида оқтўбалик икки аёл экстремистик хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришга мажбур бўлди.

Беш фарзанднинг онаси, 32 яшар Акмарал Алмагамбетова террорчи ташкилотга аъзо бўлиш ва диний адоват қўзғашда айбланиб, Оқтўба шаҳар суди томонидан 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, деб хабар беради 26 июль куни Қозоғистоннинг «Экспресс К» газетаси.

Алмагамбетова «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида 9 май куни Суриядан қайтарилган эди. Операция чоғида ИДнинг парчаланиши ортидан Сурияда қолиб кетган радикал қозоқлар ва уларнинг қарамоғида бўлганлар оммавий равишда Қозоғистонга олиб келинган.

Июль ойида Оқтўба суди Суриядан ватанига қайтарилган иккинчи аёл – Зарина Акмалаевани худди шундай айбловлар билан 5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Май ойида 231, январь ойида эса 47 нафар қозоғистонлик ватанига қайтарилган.

Алмагамбетова Сурияга 2013 йилда борган эди. У эрини ИД сафига қўшилиб, жанг қилишга кўндирмоқчи бўлди, лекин эри бунга рози бўлмай, у билан ажрашди. Аёл сурияда бир неча бор турли жангариларга турмушга чиқди, ҳар сафар эри жангларда ҳалок бўлганида янгидан турмуш қурди.

Суд аёлнинг ўз қилмишидан пушаймон бўлгани, ёш болалари борлиги ва иқрорлик келишувини инобатга олиб, унга 5 йиллик қамоқ жазоси белгилади.

«Жусан» операцияси давомида ватанига қайтарилган барча аёллар реабилитация жараёнидан ўтмоқда. Террорчилик фаолиятида гумонланганлар жавобгарликка тортилади.

МХҚ фаолиятини ёритиш

МХҚ ўз фаолияти ҳақида оммани хабардор қилиб бормоқда.

Июль ойида қўмита «Тинчлик баҳоси: Ғарб» деб номланган туркум ҳужжатли фильмларнинг биринчисини омма эътиборига ҳавола қилди.

Фильмда айтилишича, МХҚ агентлари жиноий тўдалар таркибига киритилиб, қурол-яроғ савдоси бўйича жиноятчиларни фош этишга қаратилган махсус операцияларни ҳам амалга оширмоқда.

Унда шунингдек, Суриядан қайтарилган жангари Донобек Тореханов ҳақида ҳикоя қилинади. У 6 йил Сурия ва Покистонда жанг қилган, сўнгра Сурия ҳукумат кучлари томонидан қўлга олиниб, «Жусан» операцияси доирасида Қозоғистонга қайтарилган.

Фильм 28 июль куни телевидение орқали эфирга узатилган. 29 июль куни МХҚ уни ўзининг YouTube каналига жойлади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500