Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистон экстремистик маълумот тарқатувчи минглаб сайтларни блоклади

Айдар Ашимов

Олмаотадаги интернет-кафе мижози турли веб-сайтларни изламоқда, 1 август куни олинган сурат. Қозоғистонлик таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, интернет террорчи ташкилотларнинг асосий ташвиқот қуроли бўлиб қолмоқда. (Айдар Ашимов)

Олмаотадаги интернет-кафе мижози турли веб-сайтларни изламоқда, 1 август куни олинган сурат. Қозоғистонлик таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, интернет террорчи ташкилотларнинг асосий ташвиқот қуроли бўлиб қолмоқда. (Айдар Ашимов)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати экстремистик мазмундаги сайтларни блоклаш орқали жангари гуруҳларнинг ташвиқотига қарши курашмоқда.

Йил бошидан бери Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) экстремистик мазмундаги материаллар жойланган 4700 га яқин cайтни аниқлаган ва блоклаган, деб хабар берди вазирлик.

ИИВ қозоғистонлик интернет фойдаланувчиларининг ноқонуний саҳифаларга киришини чеклаш учун улар ҳақидаги маълумотни Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигига юборган, деб хабар беради ИИВ.

Вазирлик 2019 йилнинг биринчи ярмида қонунга хилоф бўлган 45 мингдан ортиқ онлайн материалларни аниқлаган бўлиб, уларнинг 90 фоизи террорчиликни тарғиб қилувчи манбалардир, деб хабар берган эди Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Нургул Мауберлинова июль ойида.

Террорчи ташкилотга аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинганлар, Олмаота, 10 январь. Тахминларга кўра, улар Суриядаги ИД жангарилари билан алоқада бўлганлар. (Қозоғистон МХҚ)

Террорчи ташкилотга аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинганлар, Олмаота, 10 январь. Тахминларга кўра, улар Суриядаги ИД жангарилари билан алоқада бўлганлар. (Қозоғистон МХҚ)

Айни вақтда, Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари экстремистларни қўлга олишда давом этмоқда, уларнинг аксарияти интернет орқали ёлланганлардир.

Июль ойида исмлари ошкор этилмаган жезқозғонлик икки эркак ва Сатпаев шаҳридан бир кишига Жезқозғон шаҳрида террорчилик ҳужумини режалаштириш айблови билан узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган. Бу террорчи гуруҳ аъзолари радикал билимларни интернет орқали олишган, деб хабар берган Tengri News.

Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) январь ойида Олмаотада саккиз кишидан иборат террорчи гуруҳи қўлга олинганини хабар қилди.

Улар интернет орқали «Ислом давлати» (ИД) жангариларидан мафкуравий таълимотлар ва портловчи мосламалар ясаш бўйича йўриқномалар олишган, деб хабар берди қўмита.

Асосий ёллаш канали

Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, интернет – террорчи гуруҳлар учун янги аъзоларни ёллашда асосий канал бўлиб қолмоқда.

«Радикал ташкилотларнинг собиқ аъзолари билан суҳбатлашганимизда аксарият ҳолларда уларнинг радикаллашуви – кимдир ижтимоий тармоқда диний ҳамжамиятга аъзо бўлиши ёки интернетда маъруза эшитишидан бошланган», деди таразлик диншунос Санжар Сулейменов.

Бу гуруҳларнинг ёлловчилари эҳтимолий аъзолар билан ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловалари орқали алоқага чиқадилар ва ўзларини диндош биродар деб таништирадилар.

“Улар масофадан туриб бошқаларнинг дунёқарашини ўзгартирадилар ва алдайдилар, уларга адолатли ҳаёт ваъда қилиб, «жиҳод» учун пул эҳсон қилишга ёки Афғонистон ва Суриядаги уруш ҳудудларига боришга қатъият билан даъват қиладилар”, деди Сулейменов.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва динга қизиққан Интернет фойдаланувчилари шунга ўхшаш мавзуларни қамраб олган гуруҳлардаги калит сўзлар ва ҳаволалардан фойдаланган ҳолда Интернетдаги материалларни қидирадилар, деди у.

«Полиция жуда катта иш қилмоқда», деди Сулейменов. «Улар минглаб гуруҳларни блокламоқдалар, аммо янгилари пайдо бўлмоқда. Янги сайтни рўйхатдан ўтказиш, контент билан тўлдириш ва эски саҳифа нима учун блокланганини тушунтириб, содиқ фойдаланувчиларни таклиф қилиш учун кўп вақт керак эмас.»

Веб-сайтларни яратиш осонлиги онлайн экстремизм даъватчиларига қарши курашни қийинлаштирса-да,Қозоғистон ҳукумати бу борада муваффақият қозонмоқда, деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500