Карвонсарой
Бизнес

Барқарорликни кўзлаётган Марказий Осиё давлатлари Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамламоқда

Ксения Бондал

3 август куни Олмаотадаги кўргазмада қозоғистонлик харидор Афғонистондан келган заргарлик буюмлари сотувчиси билан сўзлашмоқда. (Ксения Бондал)

3 август куни Олмаотадаги кўргазмада қозоғистонлик харидор Афғонистондан келган заргарлик буюмлари сотувчиси билан сўзлашмоқда. (Ксения Бондал)

ОЛМАОТА – Олмаотадаги афғон маҳсулотлари кўргазмаси иштирокчиларига кўра, Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик – минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Марказий Осиё давлатлари урушлардан жабр чеккан Афғонистонни барқарорлаштириш саъй-ҳаракатларига устувор аҳамият қаратмоқда. Минтақанинг Афғонистон билан чегарадош уч мамлакати учун, мамлакатдаги муаммолар умумий муаммоларга айланишига йўл қўймаслик муҳим.

3-4 август Олмаота давлат Марказий музейида «Афғонистон: янги савдо уфқлари» деб номланган бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбир билан бир вақтда ўтказилган кўргазмада зираворлар, ёнғоқлар, қуритилган мевалар, гиламлар, кийим-кечак, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи 72 та афғон компанияси ўз маҳсулотларини намойиш этди.

Суратда: Олмаотадаги кўргазмада Афғонистоннинг Бомиён вилоятидан келган Заҳро Козимий, аёллар кийим-кечаклари, пойафзаллар, сумкалар ва шарфлар билан савдо қилмоқда, 3 август. (Ксения Бондал)

Суратда: Олмаотадаги кўргазмада Афғонистоннинг Бомиён вилоятидан келган Заҳро Козимий, аёллар кийим-кечаклари, пойафзаллар, сумкалар ва шарфлар билан савдо қилмоқда, 3 август. (Ксения Бондал)

Минтақанинг инвестицион жозибадорлигини Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билангина ошириш мумкин, дейди 3 август куни бизнес-форумда сўзга чиққан АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Кристофер Эдвардс.

«Қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик Афғонистон учун янги иш ўринлари яратишда муҳим роль ўйнайди, Марказий Осиё эса афғон корхоналарига ўз маҳсулотлари учун янги бозорларни кашф қилишга имкон беради», деди Эдвардс. «Бу aфғон халқининг фаровонлигини юксалтиришга кўмаклашади.»

Марказий Осиё, жумладан Афғонистон Осиё, Яқин Шарқ ва Европани боғлаган Буюк Ипак йўлининг асосий савдо йўлаги сифатида тарихий аҳамиятга эга, деди Эдвардс.

Сўнгги бир неча йил давомида Афғонистон иқтисодий соҳада сезиларли ютуққа эришди ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш орқали бу ҳаракатни давом эттиради, деди у.

«Кўргазма USAIDнинг Марказий Осиёда минтақавий савдо ривожини қўллаб-қувватлаётганидан дарак беради», деди Эдвардс.

Қозоғистон билан алоқалар

Эдвардснинг сўзларига кўра, Афғонистон учун Қозоғистон бозори муҳим, чунки у шарқ ва ғарб ўртасида «кўприк» бўлиб хизмат қилади.

Афғонистоннинг иқтисодий тараққиёти Марказий Осиёдаги барқарорликнинг таъминланишида катта аҳамиятга эга, деди форумда сўзлаган Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг Олмаотадаги идораси раҳбари Эрлан Искаков.

«Қозоғистон Афғонистонни барқарорлаштиришда фаол роль ўйнамоқда ва бу йўлда сўнгги йиллар давомида гуманитар ёрдам тариқасида 70 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратган. Афғонистонлик ёшларнинг Қозоғистон университетларида таълим олиши, озиқ-овқат, кийим-кечак ва зарур маҳсулотларни етказиб бериш, шунингдек Афғонистонда инфратузилма объектларининг қурилиши шулар жумласидандир», деди Искаков.

2018 йилда Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми 795 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Шундан Афғонистоннинг Қозоғистонга экспорти атиги 4 миллион АҚШ долларини ташкил этди, деди Афғонистоннинг Қозоғистондаги элчиси Муҳаммад Фарҳод Азимий форум давомида.

«Биз Афғонистондан Қозоғистонга экспортни ошириш йўлларини ўйлашимиз лозим, шу сабаб форум доирасидаги учрашувларни B2B (бизнесдан бизнесга) форматида ўтказамиз», деди Азимий.

Афғонистон бошқа маҳсулотлар қатори, зираворлар, қуритилган мевалар, оқ мармар ва қимматбаҳо тошлар экспортини ошириши мумкин, деди у.

«Айни дамда Афғонистон мавжуд ҳудудий иқтисодий алоқалар, шунингдек, хусусий секторимиз маҳсулотларини сотиш учун янги каналлар очилишига муҳтож», деди Азимий. «Қозоғистон ва Афғонистон тарихий ҳамкорлар эканлигини ҳисобга олсак, биз бундан тадбиркорликни ривожлантиришда фойдаланишимиз мумкин.»

Биргаликда ишлаш

Кўргазма ва форум иштирокчилари биргаликда ишлашга қизиқиш билдиридилар.

Улар орасида Афғонистоннинг Бомиён вилоятидан келган 42 яшар Заҳро Козимий ҳам бор. У яшайдиган вилоят 2001 йилда Толибонлар қадимий Будда ёдгорлигини йўқ қилгани билан танилган.

У саккиз йил аввал «Bamiyan Successful Woman Co.» компаниясига асос солган.

«Биз матони бозордан харид қиламиз, аёллар эса унга қўлда кашта тикишади», деди у интервью чоғида. «Компаниямизда 20 нафар аёл ишлайди, яна турли қишлоқларда 100 га яқин хотин-қизлар ўз уйларидан туриб биз учун кашта тикиб берадилар.»

Қозоғистон бир неча сабабларга кўра, афғон тадбиркорлари учун қизиқарли, деди у.

Биринчидан, у бизга яқин. Иккинчи масала – қозоғистонликларнинг бизнес алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканликлари, учинчидан улардаги ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган талаб ва тўртинчидан – уларнинг тўлов қобилияти, деди у.

«Компаниямиз янада кенгайиши учун халқаро бозорга чиқиш имкониятига эга бўлишни истаймиз», деб қўшимча қилди Козимий.

Козимий Афғонистонда тадбиркор аёл бўлиш қийинлигини тан олса-да, қатъият билан ўз ишида давом этмоқда. «Кобул ва Бомиён ўртасида катта магистрал йўли ўтади ва агар Толибонлар у ердан аёл киши ўтаётганини билиб қолишса, йўлни ёпиб, маҳсулотларни олиб қўйишлари мумкин» дейди у.

Кўргазмада қатнашган айрим қозоғистонликлар ўз ҳайратларини яшира олмадилар.

«Биз даставвал Афғонистондаги уруш сабабли, улар билан бизнес алоқаларни бошлашдан хавфсираган эдик, аммо кўргазма ва форумга борганимиздан кейин, у ерда нормал ҳаёт борлигига амин бўлдик», деди «Qazaq-Oner» (Қозоқ санъати) санъат маркази директори Айгул Жансерикова.

«Энг муҳими, уларда ҳунармандчилик жуда кучли ривожланган», деди олмаоталиклардан бири интервью чоғида.

«Биз афғонистонлик ҳунармандларни бу ерда маҳорат дарсларини ўтишга таклиф қилишимиз мумкин, бунинг учун албатта ҳақ тўлаймиз ёки биз у ерга бориб, уларнинг қандай ишлашини кўриб келишимиз мумкин», деди Жансерикова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳмм... Бизникилар ўз мамлакатларини америкослар бизга уқтирмоқчи бўлаётганидек, Афғонистон билан битта минтақа деб ҳисоблайдилар, деган фикрдан йироқман. Ганси авиабазасидаги ҳарбийлар маҳаллий ОАВга берган интервьюларида бизни «станчилар» деб атаганларини эслайман, ёмон асабимга тегар эди бу. Биз Туркистон Россия империясининг бир қисмига айланган вақтда Афғонистондан ажралганмиз. «Советлаштириш» сиёсати эса бизни бу исломий мамлакатдан янада узоқлаштирган! Ўйлайманки, 100 йил олдин Ғарб аралашмаганида, Афғонистон бугунги кунда дунёвий давлат бўларди ва афғон қизлари, худди бизнинг қизларимиз каби, ёзда паранжи ўрнига калта шортик кийиб юришарди! Британлар ва америкосларнинг зарарли аралашуви туфайли афғон аёллари шахсий эркинликка эга бўлолмадилар. Энди улар шундай қолоқ мамлакатни бизга тиқиштиришяпти! Эҳтимол, улар бизни ўрта асрлар феодализмига қайтаришга уринаётгандирлар?!

Жавоб бериш

Россия Афғонистонда тинчлик бўлишини хоҳламайди. Унга Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонни шантаж қилиб туриш учун танглик нуқтаси керак.

Жавоб бериш