Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон сайёҳлик полициясининг салоҳияти ортиб бормоқда

Айдар Ашимов

Қозоғистон ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев сайёҳлик полицияси фаолиятини текширмоқда, 18 апрель куни Нур-Султонда олинган сурат. (Қозоғистон ички ишлар вазирлиги)

Қозоғистон ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев сайёҳлик полицияси фаолиятини текширмоқда, 18 апрель куни Нур-Султонда олинган сурат. (Қозоғистон ички ишлар вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – Бугунги кунда Қозоғистон сайёҳлик полицияси бўлинмалари мамлакатнинг барча вилоятларида хизмат кўрсатмоқда.

Илк бор апрель ойида ташкил этилган бўлинма ихтиёрида олтита пост бўлиб, уларнинг охиргиси 16 август куни Олмаота аэропортида ишга туширилган эди.

«Сайёҳлик полицияси сафида чет тиллар, мамлакатимиз қонунлари ва тарихига оид юксак билим, муомала қобилиятлари ва жавобгарликка асосланган изчил танловдан ўтган ходимлар хизмат қилади», дейилади Ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) расмий сайтиида эълон қилинган баёнотда.

Сайёҳлик полицияси ходимлари тана камералари, радиоқурилма, планшет, ҳимоя нимчаси ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминланган.

Нурсултондаги полиция call-маркази, 17 июль куни олинган сурат. (Қозоғистон ички ишлар вазирлиги)

Нурсултондаги полиция call-маркази, 17 июль куни олинган сурат. (Қозоғистон ички ишлар вазирлиги)

Полиция ходимларининг асосий вазифаси сайёҳларга маслаҳат бериш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўлиб, бунда уларга барча керакли жиҳозлар – тана камералари, радиоқурилма, планшет, ҳимоя нимчаси ва ҳоказолар берилган.

Тезкор ёрдам

Шу кунгача сайёҳлик полицияси кўплаб сайёҳларга ёрдам бериб улгурди.

Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларидан келган сайёҳ ўз видео камерасини Олмаотадаги таксиларнинг бирида нутиб қолдирган, деб ёзади 14 август куни Олмаота полицияси ўзининг Facebook саҳифасида.

Сайёҳлик полицияси оддий полиция ходимларига таржимон сифатида ёрдам кўрсатган ва машина дарҳол топилиб, камера ўз эгасига топширилган.

Июль ойида эса Олмаотада германиялик сайёҳлардан бири мотоциклини ўғирлатган. Бир кун ҳам ўтмай, сайёҳлик полицияси ходимлари бошқа қисмлардаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда гумондорни қўлга олишган ва мотоцикл эгасига қайтарилган.

«Сайёҳлик полицияси ўта юқори талабларга жавоб бериши шарт», деди ИИВнинг миграция хизмати ходими Ерлан Тойимбаев.

«Хорижий тилларни билишдан ташқари, улар сайёҳларда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар юзасидан бошқа мамлакат идоралари билан самарали ҳамкорлик қила олишлари керак», деди Тойимбаев.

Туризмни рағбатлантириш

Сайёҳлик полицияси 2019-2025 йилларда Қозоғистон туризм соҳасини ривожлантириш дастури доирасида ташкил этилган.

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ичида бундай бўлинмани ишга туширган тўртинчи давлатдир.

2017 йил декабрь ойидан Ўзбекистонда сайёҳлик полицияси ўз ишини бошлаган эди. Тожикистон эса 2018 йил Данғара туманида 29 июл куни тўрт нафар хорижий сайёҳга қилинган қонли ҳужумдан сўнг, шундай полиция бўлинмаларини ташкил қилган. Ҳужумни «Ислом давлати» (ИД) ўз зиммасига олган.

Бу орада Қирғизистон фақат Бишкекда фаолият олиб борувчи алоҳида сайёҳлик бўлинмасини ишга туширган.

Қозоғистон давлат дастурига кўра, сайёҳлик полицияси ходимлари туристларга ёрдам беришлари ва оғир вазиятларда воситачилик қилишлари керак.

Дастур, шунингдек, туристик хизматлар сифатини ошириш, сайёҳлик учун қулай муҳит яратиш ва туризм соҳасини бошқаришни яхшилашга қаратилган.

Масалан, 1 январдан бошлаб 117 мамлакатдан келган сайёҳлар онлайн шаклни тўлдириш ва консуллик йиғимини тўлаш орқали Қозоғистонга электрон визаларни олишлари мумкин. Шунингдек, 23 давлат фуқаролари учун бизнес ва тиббий визаларни ҳам онлайн усулда олиш имконияти мавжуд.

«Чегарани кесиб ўтаётганимизда бизга сайёҳлик полициясининг фаолияти ҳақида сўзлаб беришди, улар билан боғланиш маълумотларини ҳам олдик», дейди оиласи билан жанубий Қозоғистон бўйлаб саёҳат қилаётган 39 яшар Глеб Ткаченко.

«Миграция полициясига мурожаат қилишимиз шарт эмас, чунки рўйхатдан ўтиш онлайн режимда амалга оширилади», деди у чет эл фуқароларининг миграция полициясини хабардор қилиши кераклиги ҳақидаги талабни назарда тутган ҳолда.

«Қозоғистонда сайёҳликни кенгайтириш учун барча имкониятлар мавжуд. Бу ерда кўплаб ноёб тарихий жойлар ва гўзал табиат, эндиликда эса чет эллик сайёҳлар хавфсизлигини таъминлайдиган махсус полиция ҳам бор», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500