http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/08/29/feature-02
| Оммавий ахборот воситалари

«Ислом давлати» ОАВ машинасининг ишдан чиққани айтилмоқда

Карвонсарой

Шу йили чиқарилган ИДга тегишли видеолавҳа кадрида гуруҳнинг медиа-жамоаси аъзолари акс этган. (Файл)

Афғонистон, Ироқ ва бошқа жойларда ўтказилган хавфсизлик операцияларидан сўнг, «Ислом давлати»нинг (ИД) ўз вақтида жуда сермаҳсул ишлаган тарғибот машинаси тобора кичрайиб бормоқда.

Сўнгги ойларда ИДнинг Telegram ва бошқа платформалардаги каналларида юқори сифатли сурат ва видеолавҳалар деярли жойланмаган, сўнгги ҳафталарда эса уларда кескин пасайиш кузатилган.

Яқинда содир этилган йирик ҳужумлар террорчилик гуруҳининг сийқаси чиқиб бўлган реклама кампаниясини барбод қилган.

Масалан, Кобулда 17 август кунги тўйда худкуш террорчи томонидан содир этилиб, 80 кишининг ўлими ва қарийб 200 кишининг жароҳатланишига олиб келган портлаш ҳақида ИД фақат матнли хабар эълон қилган. Ўтган йили террорчи гуруҳ фотосуратлар, видео ва бошқа турдаги мультимедиали файлларни жойлаган эди.

Гуруҳ яқинда Ироқ ва Сурияда амалга оширилган бошқа ҳужумлар бўйича ҳам сифатсиз расмларни чоп этган, бу ўтган йилги юқори технологик постлардан кескин фарқ қилади.

ИДнинг бир қатор жабҳалардаги заифлашуви

Кўплаб сабаблар ИДнинг ОАВ машинаси фаолиятини йўққа чиқариб бормоқда.

Биринчидан, март ойида ИДнинг Яқин Шарқдаги мағлубияти гуруҳнинг энг асосий ташвиқот марказига жиддий зарба бўлди, сабаби «халифалик» тор-мор этилиши ортидан унинг кўплаб ходимлари ва ташвиқотчилари ўлдирилган ёки ҳибсга олинган.

Иккинчидан, бир қатор хавфсизлик ва разведка операциялари натижасида гуруҳнинг техник имкониятлари чекланган. Жумладан, 10 июль кунги операцияда хавфсизлик хизмати ходимлари ИДнинг Ироқдаги 100 дан ортиқ серверларини мусодара қилганлар.

Ироқ разведкаси маълумотларига кўра, ИД бу серверлардан ўз терактларини трансляция қилиш орқали тинч фуқароларни қўрқитиш, шунингдек Ироқ ва бошқа ҳудудлардаги фаолиятини «ОАВ орқали ёритиш» учун фойдаланган.

Яқинда Ироқ армияси бўлинмаси ИДнинг «Amaq» радиостанциясида ишлатилган эфирга узатиш ускуналарини мусодара қилган, деб хабар берди Ироқ мудофаа вазирлиги.

Апрель ойида афғон кучлари Кобулда Facebook, Twitter, Instagram ва Telegram тармоқларида Афғонистон ҳукуматига қарши ташвиқот ва янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланганини тан олган олти нафар ИД аъзосини қўлга олдилар.

«ИДни мазкур тизим ва техник имкониятлардан маҳрум қилиш бу босқичда хавфсизлик кучлари кўзлаган асосий мақсаддир», деди ироқлик таҳлилчи Аҳмад ал-Шарифий.

Учинчи сабаб – гуруҳнинг жамоатчилик фикрига нисбатан ўз таъсирини йўқотгани, деди у.

«ИД ҳукмрон бўлган даврда яшаган фуқаролар эндиликда гуруҳ ғоялари диний ва инсонийлик қадриятларидан нақадар йироқ эканлигини тушуниб етмоқдалар», деб қўшимча қилди у.

Гуруҳ инқирозга учрагани сабабли унга қарашли оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳам сустлашган, дейди таҳлилчи Аҳмад ал-Шарифий.

У энди ҳеч қандай ҳудудни назорат қилмаяпти ва олдинги молиявий манбаларидан маҳрум бўлган, деди у.

«Сўниб бормоқда»

Хавфсизликни таъминлаш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатлар гуруҳни аксарият медиа-платформалари, технологиялар, тасвирчилар, овоз созловчилари ва ташвиқотчилари билан бир қаторда бошқа ходимларидан маҳрум қилган, деди Ироқниинг Ал-Фаробий олийгоҳида оммавий коммуникациялар фанидан дарс берадиган Козим ал-Миқдодий.

Ҳукумат гуруҳ мафкураси ва ғояларини онлайн тарзда, «айниқса ижтимоий тармоқлар орқали» тарқатувчи ИД бўлинмалари ва уни қўллаб-қувватловчилар йўлига тўсиқ қўйиш бўйича мақсадли ҳаракатларни олиб бормоқда", деди у.

«ИДнинг медиа-машинаси йўқликка юз тутиб бормоқда», деди ал-Миқдодий. Унинг таъкидича, гуруҳ «ишончни йўқотган ва ундан ҳеч ким қўрқмай қолган».

Бағдод университети медиа коллежининг реклама фани ўқитувчиси Абдул Салом ал-Самир ИДнинг ОАВ машинасини ва унинг дезинформация тарқатадиган, психологик уруш олиб борадиган технологияларини нишонга олиш муҳимлигини таъкидлади.

«Биз унинг технологик имкониятлари ва медиа-контент яратувчи бўлинмаларини йўқотишда давом этишимиз керак», деди у. «Унинг рақамли имкониятлари ва ижтимоий платформалари фаолиятига барҳам бериш лозим.»

Аммо бу имкониятларни чеклашнинг ўзи етарли эмас, ОАВда аксилтеррор тарғиботни кучайтириш зарур, деб таъкидлади у.

«ИД эълон қилган хабарлардаги ёлғон ва дезинформация фош этилгач, жамоатчилик унга хайрихоҳлик билдирмай қўйган», деди у. «Аммо биз одамларнинг террорчиларга қарши норозилигини кучайтиришимиз ва доим уларнинг қабиҳ амаллари ва жиноятларини эслатиб туришимиз керак.»

«Биз уларнинг ғояларига қарши кураша оладиган ижтимоий огоҳлик дастурлари, ҳужжатли фильмлар ва телекўрсатувлар билан уларнинг янглиш мафкурасини нишонга олишимиз керак», деди ал-Самир.

Сизга мақола ёқдими?
7
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-08-30

Адашмасам, ИШИД Исроилга алоқадор бўлган, унинг Афғонистонга кўчиб ўтаётгани эса бўлмаган гап.

Жавоб бериш