Карвонсарой
Хавфсизлик

Қирғизистон ва Қозоғистон экстремистик таҳдидларга қарши қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказди

Канат Алтинбаев

Суратда: 3 сентябрь куни Иссиқкўл бўйидаги «Эдельвейс» ўқув марказида ҳарбий машғулотларнинг очилишида иштирок этган қирғиз ва қозоқ ҳарбийлари. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Суратда: 3 сентябрь куни Иссиқкўл бўйидаги «Эдельвейс» ўқув марказида ҳарбий машғулотларнинг очилишида иштирок этган қирғиз ва қозоқ ҳарбийлари. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

ИССИҚКЎЛ, Қирғизистон – Қирғизистон ва Қозоғистон Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш ва террорчилик таҳдидларига қарши курашга қаратилган қўшма ҳарбий машқларни якунладилар.

Сешанба (3 сентябрь) куни Қозоғистон қўшинлари контингенти «Иссиқкўл-Аниракай 2019» махсус тактик ўқув машқларида иштирок этиш учун Қирғизистонга етиб келди, деб хабар берган шу куннинг ўзида 24.kg нашри қирғиз ҳарбий қўмондонлигига таяниб.

Қирғизистон ва Қозоғистоннинг махсус операциялар бўлинмалари иштирокидаги қўшма машғулотлар жума, 6 сентябрга қадар Қирғизистоннинг Иссиқкўли бўйидаги «Эдельвейс» ўқув марказида бўлиб ўтган.

Қозоғистон мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машқларга иккита махсус операция гуруҳи ва битта зирҳли гуруҳ – жами 30 га яқин ҳарбий хизматчи юборилган.

Машқлардан кўзланган мақсад, ноқонуний қуролли гуруҳларни аниқлаш бўйича махсус операция давомида бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлиги ва бирдамлигини текшириш бўлди.

«Бу ўқотар қуроллар, техник разведка воситалари ва жойнинг ҳимоя хусусиятларидан самарали фойдалана оладиган кадрларни тайёрлашда қўмондонлар учун жуда яхши имкониятдир», дейилади Қозоғистон мудофаа вазирлиги баёнотида. «Бундан ташқари, дала шароитидаги бундай машқлар ҳарбий хизматчиларининг психологик ва жисмоний бардошлилигини оширади.»

«Бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда, халқаро экстремизм ва терроризмга биргаликда ва юқори даража қаршилик кўрсатиш мақсадида ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга», дейди Қирғизистоннинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Руслан Ишкарин 24.kg нашри билан суҳбатда. «Машқлар давомида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.»

Ўтган йили «Иссиқкўл-Аниракай» қўшма машқларида Қирғизистон ва Қозоғистондан 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этган эди.

Минтақада ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик жадаллашмоқда

Таҳлилчиларнинг фикрича, минтақада жангари гуруҳларнинг доимий таҳдидига қарши кураш давом этар экан, икки мамлакатнинг ҳарбий ҳамкорлиги бундан кейин фақат кучаяди.

«Ҳозирги кунда терроризм ва экстремизм таҳдиди тобора кучаймоқда, шу боис Қирғизистон ва Қозоғистон ўз жанговар тайёргарлиги ва самарали ҳамкорлик қилиш қобилиятини ошириш устида ишлаши керак», дейди хавфсизлик масалаларига ихтисослашган бишкеклик сиёсий таҳлилчи Эдил Осмонбетов нашр билан суҳбатда.

Терроризм нафақат ташқи таҳдид, балки ички таҳдид ҳамдир, чунки аҳоли орасидаги турли гуруҳлар радикаллашмоқда, деди у.

Халқаро даражадаги қўшма ҳарбий машқлар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга сезиларли кўмаклашмоқда, дейди Олмаотада яшовчи истеъфодаги майор Даурен Оспанов.

«Минтақа ичида бўлгани каби, Ғарб давлатлари билан ҳам доимий тажриба алмашиш жуда муҳим, бу бизга самарали назарий ва амалий ёрдам кўрсатиши мумкин», деди Оспанов ўз интервьюсида.

Июнь ойида Америка Қўшма Штатлари Қозоғистонда бир нечта мамлакат ҳарбий хизматчилари учун «Дашт бургути - 2019» тинчликпарварлик машғулотларини ўтказган эди.

Қўшма машғулотларда Буюк Британия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Ўзбекистон ва АҚШдан келган ҳарбийлар иштирок этди.

Марказий Осиёдан келган аскарлар турли шароитларда жанговар ҳаракатларни амалга ошириш бўйича фойдали кўникмаларни олиш билан тажриба орттирдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Атамбаев жинни бўлиб қолса керак

Жавоб бериш