http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/19/feature-01
| Энергия

Эрон Транскаспий газ қувурига қаршилик қилаётган Россияни қўллаб-қувватлади

Жумагули Аннаев

Россия ва Эрон президентлари – Владимир Путин ва Ҳасан Руҳоний икки давлат ўртасидаги алоқалар истиқболи, шу жумладан, энергетик лойиҳалар бўйича «ҳамкорлик»ни муҳокама қилиш учун 14 сентябрь куни Туркияда учрашдилар. [Кремль]

АШХОБОД – Эрон режими Туркманистон ва Озарбайжон ўртасидан ўтиши кўзда тутилган Транскаспий сув ости газ қувурига қаршилик қилишда Россиянинг сафига қўшилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Туркманистон ва Қозоғистон табиий газини Россия ва Эронни четлаб ўтган ҳолда, Туркия ва Европанинг қолган қисмига етказиш бўлиб, Марказий Осиё давлатлари суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган давомий ўзгаришларнинг бир қисми ҳисобланади.

Газ бозоридаги рақобатдан хавфсираган Россия ва Эрон режимлари туркман газининг Озайбайжонга, у ердан эса Транс-Анатолия (TANAP) ва Транс-Адриатика (TAP) газ қувурлари орқали жанубий Европага етказиб берилишига анчадан бери қаршилик қилиб келмоқдалар.

Транскаспий газ қувури Туркманистон ва Озарбайжон орасидан ўтиши кўзда тутилган сув ости қувури ҳисобланади. Лойиҳанинг асосий мақсади – Туркманистон ва Қозоғистон табиий газини Россия ва Эронни четлаб ўтган ҳолда, Туркия ва Европага етказиш. [Транскаспий газ қувури веб-сайти]

2010 йилнинг 31 май куни Шатликдаги «Шарқий-ғарбий» магистрал газ қувурининг расмий очилиш маросимида миллий либосдаги туркман боласи президент Гурбангули Бердимуҳамедовни кутмоқда. (AFP)

TANAP 2018 йилда қуриб битказилган эди. TAPнинг қурилиши деярли тугалланган.

«Эрон газ қувури қурилишига қарши», деди 12 август куни Туркманистоннинг Овоза шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Каспий иқтисодий форумида (КИФ) Эрон миллий газ ширкати вакили Беҳруз Намдарий.

Унинг бу сўзлари экологик муаммоларни баҳона қилаётган Россия расмийлариникига нисбатан дангалроқ янграган.

«Москванинг Транс-Каспий газ қувури лойиҳасига нисбатан муносабати ўзгаришсиз қолади», деб айтган Россиянинг Озарбайжондаги элчиси Михаил Бочарников 4 июль куни Озарбайжоннинг Caspian Energy нашрига берган интервьюсида.

«Биз, энг аввало, атроф-муҳитни қўриқлаш ва муҳофаза қилишга оид халқаро келишувлар доирасидаги мажбуриятларимизга риоя қилишимиз лозим», деб айтган Бочарников.

«Айрим иқтисодий ўйинчиларнинг фаразий ва ноаниқ фойдалари Каспийбўйи мамлакатлари аҳолисининг узоқ муддатли манфаатлари ва сув ҳавзаси экотизимини сақлаб қолиш истиқболларидан устун бўла олмайди», деб қўшимча қилган у.

Эрон ва Россия режимларининг умумий мақсади

Москва ва Теҳрон Каспий денгизи тубидан йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бера оладиган қувур уларнинг халқаро газ бозоридаги мавқеига путур етказиши, газ экспортидан тушадиган валюта тушумини камайтириши ва газ бозоридаги монополияни заифлаштириши мумкинлигини тушунмоқда.

«Россия ва Эрон газ захиралари бўйича етакчи учликдан ўрин олган бўлиб, уларнинг иккови ҳам дунё бўйича тўртинчи ўринни эгаллаб турган Туркманистон билан рақобатни истамайди», деди президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг нефть ва газ масалалари бўйича маслаҳатчиси, Яхшигелди Какаев идорасидаги исми ошкор этилмаслигини истаган расмийлардан бири.

«Мен уларни туркманчасига «бахиллар» деб атайман, бу билан ҳасадгўй ва нима қилиб бўлса ҳам зарар етказишга уринадиган одамларни назарда тутяпман», деди мансабдор Намдарийнинг нутқидан сўнг.

Форум давомида Намдарий газ экспорт қилишни истаган қўшни давлатларга Эрон инфратузилмаси, шу жумладан, газ қувурлари ва терминалларидан фойдаланишни таклиф қилган.

«Намдарий томонидан билдирилган таклиф соғлом фикрни очиқдан-очиқ мазах қилишдир», деди мансабдор.

«Каспий денгизи орқали бевосита йўналиш турганида, у ердан Озарбайжон, Грузия ва Туркиянинг мавжуд газ ташиш инфратузилмаси орқали Ғарбга борадиган туркман гази учун айланма йўлни таклиф қилишга нима ҳожат бор?», дейди у.

Сўнгги йилларда Теҳрон ва Москва лойиҳага қарши чиқиш учун турли хил баҳоналарни ўйлаб топдилар, дейди Аманмурат Бекиев тахаллуси остида сўзлаган «Туркмангаз» (Туркманистон давлат газ компанияси) вакили.

«Аввалига улар (Россия ва Эрон) денгиз (соҳил бўйидаги ҳарбир давлатлатнинг сув ҳудуди ва ресурслари) юридик жиҳатдан демаркация қилинмагани сабабли, қурилиш тақиқланганини иддао қилдилар», деди у.

«(2018 йил август ойида) Каспий конвенцияси имзоланганидан кейин эса, улар, газ қувури гўёки беш Каспийбўйи давлатининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятларига зид, дейишни бошладилар», деди у Россия ва Эрон режимлари лойиҳани тўхтатиш учун саботаж қилишлари мумкинлигини айтар экан.

Ҳар сафар Туркманистон ҳукумати лойиҳа устида иш бошлаган вақтда, қувурга қарши бўлганларнинг нотиқлиги кучаяди, деб қўшимча қилди у.

Тарафдорлар қаршилардан кўпроқ

Москва ва Теҳроннинг қаршилигига қарамай, халқаро майдонда қувур лойиҳасини кўпчилик давлатлар қўллаб-қувватламоқда.

Август ойида Каспий иқтисодий форумида сўзга чиққан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан лойиҳани ёқлар экан, Туркманистон билан тегишли музокаралар бошланганини эълон қилди.

Туркман газининг Европага олиб ўтилишидан катта даромад кўриши мумкин бўлган Озарбайжон, Грузия ва Туркия билан бир қаторда, Қўшма Штатлар ҳам Транскаспий газ қувури қурилишини қўллаб-қувватламоқда.

АҚШ ҳукумати март ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Наврўз байрами муносабати билан юборган табригида, шунингдек, май ойида АҚШнинг Туркманистондаги элчиси Мэттью Климовнинг АҚШ сенати томонидан ушбу лавозимга тасдиқланиши муносабати билан сўзлаган нутқида Туркманистонни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Ўз чиқиши чоғида Климов Каспий денгизи орқали Туркманистон газининг етказиб берилишини жадаллаштириш учун қўлидан келган барча ишни қилишга сўз берган эди.

«Каспий денгизидан газ қувурини олиб ўтишимизда бизга ёрдам бераётганларни ва турли йўллар бунга билан қаршилик қилаётганларнинг ҳаммасини яхши биламиз», деди Туркманистон нефть ва газ ташкилоти ходими.

«Бу қувур ҳам, Жанубий Осиёдаги ТАПҲ газ қувури лойиҳаси ҳам ҳасадгўй давлатлар қаршилигига қарамай қуриб битказилади», деди у Эрон режими қарши чиқаётган қурилиш жараёнидаги Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувурини назарда тутиб. Режим Афғонистонда ТАПҲ лойиҳасини барбод қилишда Толибон жангариларига бир неча бор кўмаклашган эди.

«Бу қувурлар келажакда Туркманистон иқтисодиётига катта ҳисса қўшади», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?
8
Йўқ
Фикрлар 3
Сиёсат
Captcha
| 2019-10-09

Эрон ва Россия 15 йилдан бери Миср, Сурия, Яман, Ливан, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардаги сунний мусулмонларнинг манфаатларга қарши бўлиб келишмоқда. Улар қатлиомларни ва Мянма ва Хитойдаги мусулмонлар геноцидини рағбатлантирмоқдалар. Мен Москва ва Эронинг сиёсатини тушунмаяпман. Қандай қилиб ахир, АҚШ, Россия ва Эрондан ташқари бутун дунёда 100 дан ортиқ мустақил мамлакат бор. Уларнинг ҳам ўз манфаатлари, ўз сиёсати, ўз мустақиллиги бор. Агар гапларимга қўшилсангиз, менга белги ёки таклиф беринг. Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Омийн!!!

Жавоб бериш
| 2019-09-27

Каспий орқали газ қувури қурилиши хавфли эканми? Болтиқ денгизи орқали ўтган Шимолий оқим қувури-чи? У билан ҳаммаси жойида эканми? Россиянинг асосий телеканалларига ишониладиган бўлса, экологияга ҳеч нарса хавф солмайди.

Жавоб бериш
| 2019-09-20

Мана шунақа, Россия – Қозоғистон ва Туркманистондан Европага ўтадиган газ қувурига қаршилик қиладиган стратегик ҳамкор. Яхшиямки, Хитой бу қувур қурилишида иштирок этишга ваъда берган.

Жавоб бериш