http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/23/feature-01
| Хавфсизлик

Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришда давом этмоқда

Максим Енисеев

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Аляскадаги (АҚШ) «Black Rapids» ўқув полигонида машқ қилмоқдалар. (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси)

ТОШКEНТ – Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон йил бошидан бери ўтказилган қатор ўқув машғулотлари, учрашувлар ва муҳокамалар доирасида навбатдаги қўшма ҳарбий машғулотни якунладилар.

Икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги муносабатларнинг янги даври январь ойида, Ўзбекистон махсус кучлари ва АҚШ миллий гвардияси илк маротаба Миссисипи штатининг Кемп Шелби шаҳрида қўшма машқлар ўтказиши ортидан бошланган эди.

Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги муносабатлар август ва сентябрь ойларида бир қатор ўзаро ташрифлар билан давом этди.

10 сентябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари делегацияси учувчилар билан қўшма машғулотлар ва парвозларда иштирок этди. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

9-10 сентябрь кунлари Миссисипи миллий гвардияси подполковниги Бред Хоу бошчилигидаги АҚШ ҳарбий делегацияси вертолёт учувчилари малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. 10 сентябрь куни америкалик ва ўзбекистонлик учувчилар биргаликда парвозларни амалга ошириб, Тошкент яқинидаги Чирчиқ гарнизонида ўтган машғулотларда иштирок этдилар.

АҚШ вакилларига ўзбекистонлик учувчилар таркибининг тайёргарлик даражаси, жумладан тоғли ҳудудлар оша унча юқори бўлмаган баландликдаги мураккаб парвозлар намойиш этилди, дея хабар беради Ўзбекистон мудофаа вазирлиги.

«Биз Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучлари учувчиларининг раҳбарлигида парвозларни амалга оширдик. Айтиш керакки, улар юксак парвоз маҳоратини намойиш этишди», деб айтган Хоу Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг хабарига кўра. «Бу миссисипилик учувчиларимиз учун ҳақиқий маҳорат дарси бўлди. Бизнинг машғулотларимиз деярли текис ерларда бўлиб ўтмоқда, шу боис сиздаги тажриба учувчиларимизнинг тайёргарлигини яхшилашда катта аҳамиятга эга.»

Машғулотлар чоғида АҚШ ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси кучлари раҳбарияти билан учрашди.

«Тарих яратилмоқда»

Шунингдек, АҚШ вертолётлар ва транспорт авиацияси мутахассислари турли иқлим шароитлари, тоғ ва чўл ҳудудлари, айниқса тунги вақтдаги парвозлар билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбекистон мудофаа вазирлиги.

«Биз, шубҳасиз тарих яралишига гувоҳ бўлмоқдамиз», дейди тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хон нашр билан суҳбатда. «Икки мамлакат ҳарбийлари 2005 йилда АҚШнинг Хонободдаги базаси ёпилгандан кейин кўп йиллар давомида алоқа қилмадилар. Ўзбекистон минтақада хавфсизликни самарали таъминлаш учун халқаро шериклар ёрдамига муҳтож.»

Август ойи бошида АҚШ ҳарбий тиббиёт мутахассислари делегацияси Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий клиник госпиталида амалий машғулотлар ўтказган эди.

26-29 август кунлари бўлиб ўтган тренинг жанговар жароҳатлар билан ишлашни ҳам ўз ичига олди.

Август ойида ҳам АҚШдаги полигонда яна бир ўзаро манфаатли тренинг ўтказилган.

26-30 август кунлари Аляскадаги «Black Rapids» ўқув полигонига олти нафар ўзбекистонлик аскар ташриф буюрган, деб хабар берган Тошкентдаги АҚШ элчихонаси. Тоғли ҳудудда ўтган машқлар чоғида ўзбек ва америкалик аскарлар ҳарбий тажриба алмашдилар.

«Ўзбекистон жамоаси ҳарбий альпинизм бўйича юксак маҳоратни намойиш эди ва бу машғулотларнинг муваффақиятли якунланишини таъминлади», дейилган баёнотда.

«Тактика ва техникани солиштирар экан, икки жамоа ўртасидаги тажриба алмашинуви ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам берди», дейилади АҚШ армияси баёнотида.

Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов бошчилигидаги ҳарбий делегация ҳарбий таълим ва икки давлатнинг таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш мақсадида 9-13 сентябрь кунлари АҚШга ташриф буюрди.

9 сентябрь куни Икромов АҚШ миллий мудофаа университети президенти ўринбосари Фриц Ругге билан учрашди. Томонлар зобитларни тайёрлаш ва ҳарбий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар, Ўзбекистон делегацияси университет ва унинг инфратузилмаси билан танишди.

Делегация, шунингдек, бир қатор расмийлар, жумладан АҚШ мудофаа вазирлигининг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Терри Вольф, Америкалик конгрессмен Трент Келли ва Мудофаа вазирлиги котибиятининг Жанубий Осиё масалалари бўйича раҳбари Амер Латиф билан учрашган.

Делегация, шунингдек, Пенсилвания штатидаги АҚШ армияси ҳарбий коллежига ташриф буюрди.

Қўшнилар билан ҳарбий машғулотлар

Ўзбекистон армияси минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлида нафақат узоқ хориждаги шериклар, балки яқин қўшнилари билан ҳам ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

«Сўнгги вақтларда Марказий Осиё мамлакатлари ҳарбий хизматчилари йилига бир неча марта қўшма машғулотлар ўтказмоқдалар», дейди сиёсатшунос Хан. «Алоқалар мустаҳкамланди, бу эса ижобий ўзгариш.»

10 сентябрь куни Ўзбекистондаги Чирчиқ полигонида қозоқ ва ўзбек ҳарбий бўлинмалари иштирокида «Қалқон-2019» машқлари ўтказилди.

Ўзбекистон мудофаа вазирлигига кўра, машқлар халқаро терроризмга қарши курашда жанговар тайёргарликни ошириш ва тажриба алмашишга хизмат қилади.

16-21 сентябрь кунлари Наманган вилоятида «Марказ-2019» йирик қўмондонлик-штаб машғулотлари бўлиб ўтди, унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон ва бошқа давлатларнинг аскарлари ва зобитлари иштирок этдилар.

Сизга мақола ёқдими?
10
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-09-23

АҚШ биз учун устувор. Асосийси, фашист Россиядан узоқроқ бўлиш.

Жавоб бериш