http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/09/24/feature-03
| Хавфсизлик

Европа раҳбарлари Саудия нефть объектларига қилинган ҳужум ортида Эрон турганини айтмоқдалар

AFP ва Карвонсарой

Саудия Арабистонидаги «Абқаиқ» нефтни қайта ишлаш заводининг вайрон бўлган иншооти, 20 сентябрь куни олинган сурат. [Файёз Нурелдине/AFP]

Душанба (23 сентябрь) куни Франция, Германия ва Англия раҳбарлари Эрон режими шу ойда Саудия Арабистони нефть инфратузилмасига ҳужум уюштирди, деган хулосага келганлар ва Теҳронни «провокация» йўлидан қайтиб, музокара йўлини танлашга чақирганлар.

Франция президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Ангела Меркель ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Абқаиқ ва Хурайс объектларида юз берган портлашлар юзасидан АҚШнинг хулосасини қўллаб-қувватладилар.

«Ушбу ҳужум учун Эрон жавобгар эканлиги бизга аён. Бошқа ҳеч қандай изоҳ йўқ», дейилади уларнинг БМТ Бош ассамблеяси йиғилишидан сўнг Франция томонидан эълон қилинган қўшма баёнотида.

Эрон ҳарбий зобитлари апрель ойида «энг сўнгги ҳарбий ютуқларни» муҳокама қилиш учун йиғилдилар. [DEFAPress]

Аммо уччала мамлакат ҳам «бу масала дипломатик йўл билан ҳал этилиши лозимлигини» уқтирмоқда.

Улар «Эронни музокаралар олиб боришга ҳамда янги провокациялар ва вазиятни янада кескинлаштирадиган хатти-ҳаракатлардан тийилишга» чақирганлар.

«Ушбу ҳужумлар минтақадаги вазиятни юмшатиш, мунтазам дипломатик ҳаракатлар ва барча томонлар билан ҳамжиҳатликда ишлаш зарурлигини кўрсатмоқда», дейилади баёнотда.

Форс кўрфазидаги танглик яқинда юз берган жиддий можаролар, жумладан, июль ойида Эрон режимининг Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (IRGC) тегишли экани айтилган қуролланган зарбдор кемаларнинг Британия танкерини эгаллаб олишга уринганидан сўнг тобора кучайиб бораётган эди.

Бу ҳодисадан бир неча кун ўтиб, Ҳормуз бўғози яқинидаги Америка ҳарбий кемасига таҳдид қилган Эроннинг учувчисиз учар қурилмаси АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан йўқ қилинган.

Сезиларли шикаст

20 сентябрь куни Саудия Арабистони давлатга қарашли энг йирик Aramco нефть ширкатининг Хурайсдаги объектлари ва дунёдаги энг йирик Абқаиқ нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужум туфайли уларга жиддий шикаст етганини аниқлаган.

Саудия Арабистонидаги нефть қазиб олиш ҳажмини икки баробар камайтириб юборган 14 сентябрь кунги ҳужумлар Теҳрон қўллаб-қувватлайдиган Ямандаги хусий исёнчилари томонидан содир этилгани иддао қилинган, Вашингтон эса Теҳронга ишора қилиб, ушбу ҳужумни «жанговар ҳаракатлар» дея қоралаган.

Aramco ширкати вакилларига кўра, «Абқаиқ»қа 18 марта зарба берилган, қўшни Хурайс эса тўрт бор ҳужумга учраб, қатор портлашлар ва кучли аланга ичида қолган. Ёнғинни ўчириш учун бир неча соат керак бўлди.

Aramco ширкати ушбу икки объект жадал суръатларда таъмирланаётганини кўрсатиш мақсадида ўнлаб халқаро журналистларга дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи компания марказига киришга изн берган.

Қўшимча санкциялар

Америка Қўшма Штатлари Теҳронга, жумладан унинг Марказий банкига нисбатан кенг қамровли санкцияларни қўллаб келаётган бўлса-да, 20 сентябрь куни «терроризм» билан боғлиқ қўшимча сабаблар туфайли янги санкциялар жорий этилди. Вашингтонга кўра, Эрон Марказий банки АҚШнинг қора рўйхатидаги икки гуруҳга «миллиардлаб доллар» тақдим этган.

АҚШнинг чоралари Эрон режимининг «Ал-Қудс» кучлари, «Ҳизбуллоҳ» ва бошқа жангари гуруҳлардан иборат террорчилик тармоғини қўллаб-қувватлашда фойдаланадиган муҳим молиялаштириш механизмига қаратилган», дейди АҚШ молия вазири Стивен Мнучин.

«Ал-Қудс» кучлари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (IRGC) халқаро операцияларини амалга ошириб келади, Ливандаги шиа жангари гуруҳи – Ҳизбуллоҳ эса Эроннинг энг яқин минтақавий шерикларидан биридир.

10 сентябрь куни террорчи гуруҳлар етакчилари ҳамда дунё бўйлаб уларни молиявий қўллаб-қувватловчи шахслар ва ташкилотларни таъқиб қилиш мақсадида, АҚШ ўз мансабдор шахслари ва идораларининг ваколатларини кенгайтирган эди.

Янги имзоланган фармойиш «АҚШ ҳукуматига террорчи гуруҳлар раҳбарлари ва мансабдор шахслари, шу билан бирга, террорчиларни тайёрлашда иштирок этган шахсларга қарши янада самаралироқ курашиш имконини беради», дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.

Апрель ойида АҚШ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини бутун дунё бўйлаб амалга оширган ўнлаб тажовузкор хатти-ҳаракатларидан сўнг, террорчилик ташкилоти деб эълон қилган эди.

Сизга мақола ёқдими?
16
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-09-25

Эроннинг ортида Россия турибди.

Жавоб бериш