Карвонсарой
Терроризм

Бишкекда терроризм даҳшатлари ҳақидаги «Уйга қайтишни истайман» мусиқали драмаси намойиш этилди

Айдар Ашимов

19 сентябрь куни Бишкекда намойиш этилган «Уйга қайтишни истайман» спектаклини 400 дан ортиқ ўқувчилар томоша қилдилар. (Айдар Ашимов)

19 сентябрь куни Бишкекда намойиш этилган «Уйга қайтишни истайман» спектаклини 400 дан ортиқ ўқувчилар томоша қилдилар. (Айдар Ашимов)

БИШКЕК – 19 сентябрь куни Бишкекда Суриядаги жангларда ҳалок бўлган қозоқлар ҳақида ҳикоя қилувчи мусиқали драма намойиши аншлаг билан ўтди.

Қозоғистоннинг Жамбил драма театри томонидан ижро этилган «Уйга қайтишни истайман» спектаклини Бишкек мактабларининг 6-11 синфларида ўқийдиган тўрт юздан ортиқ бола томоша қилди.

Чипталар 100 қирғиз сўми (1,40 АҚШ долларидан) сотилган. Бишкекда намойиши бўлиб ўтган спектакль ёшлар орасида радикализмнинг олдини олишга қаратилган.

Спектакль режиссери – олмаоталик Евгений Дубовик. Уни тайёрлашда Қозоғистон балетмейстерлари, бастакор ва қўшиқчилари иштирок этган. Драма бош қаҳрамони – 1987 йилда туғилган қозоғистонлик Амирхон.

«Уйга қайтишни истайман» спектаклининг эълонини кўздан кечираётган ўткинчилардан бири, 18 сентябрь, Бишкек. (Айдар Ашимов)

«Уйга қайтишни истайман» спектаклининг эълонини кўздан кечираётган ўткинчилардан бири, 18 сентябрь, Бишкек. (Айдар Ашимов)

Ҳаётдан мазмун ахтариб, интернетдаги экстремистик даъватлар таъсирига тушган йигит «Ислом давлати» (ИД) сафларида жанг қилиш учун Сурияга йўл олади.

Урушда у қийноқлар ва қатлларга, аёлларнинг жинсий эксплуатацияси ва қуллар савдосига гувоҳ бўлар экан, бу интернетда тарқалган ташвиқот видеолавҳаларидаги мусулмонлар учун адолатли давлат эмаслигини англаб етади.

Рақиб жангари гуруҳ сафларида жанг қилаётган бошқа бир қозоғистонлик билан учрашув унинг ҳаётини ўзгартириб юборади. Ўлжани бўлиша олмаган дала қўмондонлари уларни бир-бирига қарата ўқ узишга мажбур қиладилар.

Уйга қайтиш истагидаги Амирхон олдида икки йўл бор эди – у терроризмнинг сохта ғоялари йўлида ҳалок бўлиши ёки қочишга урингани учун қатл қилиниши мумкин эди.

Драмадан параллел равишда бошқа сюжет линиялари ҳам ўрин олган бўлиб, экстремизм даъватчиларига алданган бошқа эркаклар ва аёллар ҳақида ҳам ҳикоя қилинган. Улар чуқур умидсизликка дуч келадилар, фарзандлари ҳалок бўлади, аёлларни бир эркакдан бошқасига топширадилар, очлик, оғриқ ва азоб-уқубатлар ҳар куни уларни таъқиб этади.

«Нега у ерга борган?»

Спектаклдан сўнг, мактаб ўқувчилари уни муҳокама қилишни бошладилар. Кўпчилик «Нимага у ерга борган?» деб ҳайрон бўларди.

Бишкек шаҳридаги 70-гимназиянинг 9-синф ўқувчиси Тамирис Жайлабекова мусиқий драма унга жуда маъқул келганини айтади.

«Сценарий ниҳоятда қизиқарли. Мароқ билан томоша қилдим», деди у. «Терроризм ва интернетдаги ёлловчилардан хабарим бор. Бу маълумотларни ёдга олиш эса янада фойдали бўлди.»

60-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Иван Сивохин спектаклни дўстлари билан томоша қилди.

«Спектакль менга жуда ёқди. Айниқса, мусиқага бой экани ва бундай мураккаб мавзудаги фикрларнинг қўшиқлар орқали ифодалангани маъқул келди», деди Иван.

«Сюжет ҳозирги замон учун жуда долзарб», дейди 70-сонли гимназия ўқитувчиси Бахтигул Шералиева.

«Болаларга бу ҳақда сўзлаб бериш керак, токи бу муаммо уларни четлаб ўтсин», деди у. «Спектаклни кўрганларидан сўнг уларнинг дунёқараши ўзгаради. Улар қаҳрамонлар қилган хатоларга йўл қўймайдилар».

Ўқувчилар тарбиявий соат давомида спектакль сюжетини муҳокама қиладилар ва олган таассуротлари ҳақида иншо ёзадилар, деди у.

«Бу болалар учун жуда фойдали маълумот», дейди мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси Издегул Манасбаева.

«Айримлар бу мавзу мактаб ўқувчилари учун оғирлик қилади дейиши мумкин, аммо бугунги кун болалари ҳамма нарсани тушунадилар», деди у. «Умид қиламанки, спектакль болаларимизда тўғри таассурот қолдирди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500