Карвонсарой
Хавфсизлик

Тожик ва афғон чегарачилари учун тренинг ташкил этилди

Карвонсарой

Тожикистон чегарачилари жойлардаги оператив салоҳиятни кучайтиришга қаратилган тўрт ҳафталик ўқув курсларида иштирок этдилар, 3 сентябрь куни Тожикистоннинг Ҳисор туманида олинган сурат. (ЕХҲТ)

Тожикистон чегарачилари жойлардаги оператив салоҳиятни кучайтиришга қаратилган тўрт ҳафталик ўқув курсларида иштирок этдилар, 3 сентябрь куни Тожикистоннинг Ҳисор туманида олинган сурат. (ЕХҲТ)

ДУШАНБЕ – 20 сентябрь куни Тожикистон ва Афғонистон чегарачилари Душанбеда дала шароитларидаги оператив салоҳиятни кучайтириш бўйича тўрт ҳафталик ўқув курсларини якунладилар. Бу ҳақда душанба (23 сентябрь) куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти хабар берган.

15 та тожикистонлик ва 10 нафар афғон чегарачиси иштирок этган тренинг «Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш орқали Тожикистон чегара қўшинларининг чегара патруль бўлинмалари салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Иштирокчилар «хариталарни ўқиш, альпинизм ва дала шароитида биринчи ёрдам кўрсатишни» ўргандилар, деб хабар берди ЕХҲТ. Шу билан бирга, улар «топографик хариталар ва сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида чегарада патруль назоратини режалаштириш ва бошқариш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда альпинизмга оид билимларини оширдилар».

Тренингни аввалроқ ЕХҲТ томонидан ўтказилган курсларни тамомлаган Тожикистон чегара қўшинларининг 5 нафар йўриқчиси олиб борди.

Иштрокчилар гендер муаммолари, инсон ҳуқуқлари ва миналарга оид хабардорлик мавзуларида қўшимча маълумотга эга бўлдилар.

Битирув маросимида ЕХҲТнинг Душанбедаги идораси раҳбари Валериу Чивери иштирокчиларни табриклар экан, чегара хавфсизлигидаги ҳамкорликлари учунхалқаро ҳамжамият ва Тожикистон чегара қўшинларига миннатдорчилик билдирди.

Ўқув курси «икки давлат зобитларига давлат чегарасини қўриқлашда ўзаро англашувга эришиш имконини беради», деди Тожикистон чегара қўшинларининг халқаро бўлинмаси раҳбари, полковник Зафар Шарифов.

«Хавфсиз чегаралар террорчилар келтириб чиқараётган хатарларни камайтиришда муҳим роль ўйнашига ишонаман», деди Душанбедаги Афғонистон элчихонаси ҳарбий атташеси, полковник Муҳаммад Мустафо.

Лойиҳа бошланган 2018 йилдан бери ЕХҲТ томонидан 164 та тожикистонлик ва 10 нафар афғон чегарачиси учун тренинглар ташкил қилинди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500