Карвонсарой
Дин

Туркманистон муфтиятининг юқори лавозимли мансабдорлари коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди

Жумагули Аннаев

Ашхободдан 15 км узоқликда жойлашган Қипчоқ шаҳридаги масжид ёнидан ўтиб кетаётган туркманистонлик аёл. Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат муфтиятида пора олишда гумон қилинган бир гуруҳ юқори лавозимли мансабдорларни фош қилган. [AFP]

Ашхободдан 15 км узоқликда жойлашган Қипчоқ шаҳридаги масжид ёнидан ўтиб кетаётган туркманистонлик аёл. Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат муфтиятида пора олишда гумон қилинган бир гуруҳ юқори лавозимли мансабдорларни фош қилган. [AFP]

АШХОБОД – Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари яқинда мамлакат муфтиятининг юқори лавозимли мансабдор шахслари орасида коррупция билан боғлиқ ҳолатларни фош этдилар.

13 сентябрь куни ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисида сўзга чиққан Туркманистон бош прокурори Ботир Атдаевнинг айтишича, бир нечта мансабдор шахс Маккага ҳаж қилишни истаган зиёратчилардан пора олган.

Хориждаги туркман оммавий ахборот воситаларининг август ойидаги хабарига кўра, пора 10 минг туркман манатига (расмий курс бўйича 2857 долларга) тенг бўлган.

Ҳукумат мажлисида қўлларига кишан солинган гумондорлар кўрсатилган, мажлис барча миллий телеканаллар орқали эфирга узатилган.

Муфтият ичидаги коррупция ҳолатлари ҳақидаги хабар туркманистонлик мусулмонларни қаттиқ ранжитди. [Pexels]

Муфтият ичидаги коррупция ҳолатлари ҳақидаги хабар туркманистонлик мусулмонларни қаттиқ ранжитди. [Pexels]

Айбланувчилар орасида Туркманистон муфтиятининг бош мутахассиси Ровшен Аллабердиев, кадрлар бўлими бош мутахассиси Мухамметмират Гурбангелдиев ва Туркманистон Вазирлар маҳкамасининг диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Қурбонберди Нурсахедовлар бор эди.

Шунингдек, айрим имомлар ҳам коррупция айбловлари билан жавобгарликка тортилганлар.

Бош прокурор олинган поралар миқдори ҳақида маълумот бермаган.

Ушбу айбловлар туркманистонликларни қаттиқ ранжитди.

«Диний идора мутасаддилари, хусусан, Аллоҳга суюкли бўлган муқаддас ҳаж ибодатини адо этиш учун пора олмайди, деб ишонар эдик», дейди Ашхободдаги Эртуғрул Ғозий масжидининг қавмидан бўлган 40 яшар Гурбанмират.

«Уларнинг ҳибсга олингани ва ҳаром йўл билан орттирган жуда катта миқдордаги пуллари, уйлари, қимматбаҳо машиналари ва тақинчоқларнинг мусодара қилингани яхши бўлди, аммо ишонинг, одамлар кўнглидаги хижиллик тарқагани йўқ», деб қўшимча қилди у.

Бу хабар негадир мансабдорлар аралашган коррупция ҳолатларидан кўра кишини кўпроқ ранжитади, деди у.

«Улар (порахўр имомлар) ўзларини обрўсизлантирганлари етмагандек, кўпчилик мусулмонларнинг дин пешволарига нисбатан ишончига ҳам путур етказдилар», дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган Лебап вилоятидаги масжидлардан бирининг имоми.

Туркманистондан ҳар йили 160 нафар зиёратчи давлат ҳисобидан ҳаж қилиб қайтади.

Ушбу қимматбаҳо ўринлар учун рақобат порахўрликнинг авж олишига сабаб бўлди, деди имом.

«Энди бу омил бартараф этилади», деди у Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедовнинг давлат ҳисобидан ҳаж қиладиган зиёратчилар сонини икки баравар ошириш тўғрисидаги қарорини назарда тутиб. Шунингдек, ўз ҳисобидан ҳаж қилишни истаган фуқаролар учун қўшимча рейсларни ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Саудия Арабистони томонидан туркманистонлик зиёратчилар учун ажратилган Ҳаж квотаси қарийб 4500 кишини ташкил этса-да, Туркманистон ҳукумати уларнинг бир қисминигина Ҳажга юборади.

Коррупция радикаллашувни келтириб чиқармоқда

Кузатувчиларга кўра, муфтиятнинг мансабдор шахслари иштирокидаги коррупция можароси радикал даъватчиларни ҳаракатга келтириши мумкин.

Коррупция ҳолатларини кўриб ҳафсаласи пир бўлган кўплаб туркманистонликлар «ҳақиқий ислом» даъватчилари ва ёлловчиларининг таъсирига тушиб қолишлари ҳеч гап эмас, дейди Лебап имоми экстремистларнинг ўз мурожаатларига берган таърифларини назарда тутиб.

«Афсуски, муфтиятнинг юқори раҳбариятида фош этилган коррупция ҳолатлари сабабли, биз радикал даъватчиларга қарши баҳсда ожиз бўлиб қоляпмиз», деди у.

Унинг айтишича, радикализм ва экстремизм ҳолатларига қарши кураш вазифаси юклатилган хавфсизлик идоралари ҳар қандай радикал даъватчилар фаоллашувига қарши ҳушёр туриши лозим.

«Миллий хавфсизлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва бошқа ҳукумат идоралари террорга ёлловчилар ҳамда Марказий Осиёда «ислом халифалиги» тузишга чақирувчи даъватчилар ва уларнинг издошларини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб туришлари керак», деди у.

Туркманистон муфтияти ҳам юз берган воқеалардан хавотирда эканини маълум қилди.

«Аҳолининг имомларга бўлган ишончи ва ҳурматини тиклаш учун жуда кўп ишлар қилишимиз керак», дейди муфтият мутахассислардан бири.

«Юз берган воқеадан сўнг, ҳажга навбатда турганлар рўйхати қайта кўриб чиқилишига шубҳам йўқ», деди у. «Баъзилар йиллар давомида навбат кутаётган бир пайтда, бошқалар бир неча марта ҳаж қилишган. Энди ҳаммаси тартибга солинади.»

Экстремизмга қарши кураш

Туркманистон Марказий Осиёдаги қўшнилари сингари, экстремизмга қарши курашиб келади.

Сўнгги ўн йил ичида Сурия ва Ироқдаги жангларда қўлга олинган ёки ўлдирилган туркман жангариларининг сони аниқ эмас.

АҚШнинг «Soufan Group» тадқиқот марказининг 2017 йилги ҳисоб-китобларига кўра, террорчи гуруҳ гуллаб-яшнаган даврда 400 дан ортиқ туркман фуқаролари «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500