Карвонсарой
Терроризм

Янги тадқиқот Қирғизистонда ёшларнинг радикаллашув сабабларини аниқлади

Мунара Боромбаева

Бишкек марказидаги қирғиз ёшлари, 31 август. Тадқиқотларга кўра, ёшлар орасидаги радикаллашувнинг асосий сабабларидан бири уларнинг адолатсиз муносабатга нисбатан норозилигидир. [Мелисовский]

Бишкек марказидаги қирғиз ёшлари, 31 август. Тадқиқотларга кўра, ёшлар орасидаги радикаллашувнинг асосий сабабларидан бири уларнинг адолатсиз муносабатга нисбатан норозилигидир. [Мелисовский]

БИШКEК – Сўнгги икки тадқиқот натижаларига кўра, экстремизм Қирғизистон ёшлари учун таҳдидлигича қолмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатда терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятлар содир этган 400 дан ошиқ маҳбус жазо муддатини ўтамоқда.

Али ва Назира тахаллуси остидаги эр-хотиннинг ҳикояси бунга мисол бўла олади.

Ўша вақтда 34 ёшда бўлган Али 2014 йилда иш қидириб, ўзи туғилиб ўсган Ўш вилоятидан Туркияга жўнаб кетганди. Бир йилдан сўнг у хотини Назира ва уч ёшли қизини ёнига чақириб олади. Бу ҳақда исмини ошкор қилмаслик шарти билан Назиранинг онаси сўзлаб берган.

Туркияга келишгач, икки ой давомида онаси билан ёзишган ва телефонда гаплашган Назира, Алининг ишлаётгани, ўзи эса уйда қизига қараётганини айтади.

Кейинчалик алоқа узилиб қолди. Назиранинг қариндошлари унинг қаердалиги ва унга нима бўлганидан бехабар эдилар.

Бир неча йилдан сўнг, Назира уч фарзанди билан (икки нафар Сурияда туғилган) Ироқдаги лагерда экани ҳақида Қизил Хоч ташкилотидан хат келади. Унинг эри ҳақида эса ҳеч нарса маълум эмас эди.

Қирғизистон ҳукумати октябрь ойида Ироқдаги лагерлардан қирғиз жангариларининг фарзандларини олиб келмоқчи, деди Назиранинг онаси. Лекин, Назиранинг ўзини ватанига қайтариш режалаштирилмаяпти.

Радикаллашув сабаблари

Али ва Назира ҳикояси Қирғизистон фуқароларининг радикаллашуви билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Экстремистик ғояларни ҳаракатга келтирувчи асосий куч – бу адолатсизлик, этник ва иқтисодий омиллар асосидаги дискриминациядир, дейди «Марказий Осиёда жанговар экстремизмга олиб борувчи ахборот оқимлари ва радикаллашув» деб номланган Internews ҳисоботи муаллифларидан бири Элнура Қозоқбоева.

Тадқиқот ишсизлик, қарздорлик, қашшоқлик ва қисқа фурсатда мўмай пул ишлаш истаги каби иқтисодий омиллар радикаллашувнинг асосий сабабларидан бири эканлигини аниқлади, деди Қозоқбоева.

«Бундан ташқари, бугунги қадриятлардан қониқмаслик, адолатли ва солиҳ ҳаётга интилиш ва кейинги ҳаётдаги мукофотни кўзлаш каби мафкуравий сабаблар ҳам мавжуд. Буларга миграция, навқирон ёш, гендер (аёллар) ва коммуникация воситалари каби бошқа омиллар ҳам қўшилади», деди у.

Жойларда ўтказилган тадқиқотлар радикаллашув ва жанговар экстремизмни ҳаракатлантирувчи барча омиллар синчковлик билан ўрганилиши кераклигини кўрсатмоқда, деб қўшимча қилди у.

Шу йил бошида Бишкекдаги исломшунослик илмий-тадқиқот институти «Қирғиз ёшларининг радикаллашув, зўравонлик ва экстремизмга мойиллиги ва бардошлилиги: беш соҳадаги таҳлил» номли тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Тадқиқот Қирғизистонда ёшларнинг радикаллашув таъсирига тушиш сабабларини ўрганишни мақсад қилган, дейди ҳисобот муаллифларидан бири ва Исломшунослик илмий-тадқиқот институти директори Маметбек Мирзабаев.

Ташкилот ёшларнинг барча қатламлари, жумладан диндорлар ва диндор бўлмаганлар, ишсизлар ва иш билан бандлар ўртасида сўров ўтказган. Тадқиқот мамлакатнинг барча минтақаларини қамраб олди, деди у.

«Биз радикаллашувнинг энг асосий омилларидан бири адолатсизлик ҳисси эканлигини англадик. Ёшлар «бизга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишмоқда», деб ҳисоблайдилар», деди Мирзабаев. «Қирғизистонда ёшлар қарорлар қабул қилишда иштирок этмайдилар ва иш топишга қийналадилар.»

«Биз яна бир қизиқ ҳолатни аниқладик: нафақат диндорлар, балки диндор бўлмаган ёшлар ҳам радикал фикрлашга мойил эканлиги аён бўлди», деди у.

«Адолатсизлик ҳисси барча ижтимоий ва маданий қатламлар вакиллари орасида юзага келиши мумкин. Қаттиққўл қонунлар, Исломни хавф сифатида кўриш ва жазо чоралари тескари натижага олиб келиши ва «акс таъсирни» келтириб чиқариб, кимларнингдир янада радикалашувига сабаб бўлиши мумкин.

Мирзабаевнинг сўзларига кўра, республиканинг жанубий қисмидаги (Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари) ёшларда норозилик ва ўч олиш ҳисси кўпроқ, улар шимолдаги тенгдошларига қараганда радикаллашувга мойилроқдирлар.

Ёллашга осон

Ёшлар давлат идоралари ва халқаро ташкилотлардан кўра, диний ташкилотларга кўпроқ ишонадилар, дейди Мирзабаев.

«Ёшлар динга тобора кўпроқ мойил бўлиб, Исломга амал қилишни бошламоқдалар. Аксар ёшлар ҳеч қайси диний гуруҳларга эргашмайди, эргашадиганларнинг кўпчилиги эса Таблиғ жамоатини маъқул кўради, деди у Қирғизистондан ташқари Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида тақиқланган гуруҳни назарда тутиб.

Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университети сиёсатшуноси Сейтек Качкинбайга кўра, бу Қирғизистон учун хавфли тенденция.

Вазиятнинг ривожланиш сабаблари эса тушунарли, деди у.

«Буларнинг бари иқтисодий вазиятга боғлиқ. Қирғизистонда ўртаҳол қатлам йўқ, фақат бойлар ва камбағаллар бор. Бу айниқса ёшлар орасида яққол сезилади, чунки бу авлод Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин дунёга келган», деди Качкинбай.

«Уларга коммунистик мафкура сингдирилмаган, коммунизмдан бошқа мафкура эса пайдо бўлгани йўқ. Шу тариқа ярим мистик руҳдаги Ислом ривожланмоқда», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Коммунист мафкураси билан мияси ювилган»

Жавоб бериш

Ҳеч ким Таблиғи жамоат Буюк Британия, Франция, АҚШ ва Германияда тақиқлангани ҳақида гапирмайди. Ёшлар радикаллашув муаммоси замонавий цивилизация трендларига асосланган. Қирғизистон каби камбағал давлатларда бу қашшоқлиқ, адолатсизлик ва самарасиз бошқарув сабали юз бермоқда.

Жавоб бериш