Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиялик хакерлар Эрон режими ниқоби остида кибержосуслик операциясини ўтказгани маълум бўлди

Карвонсарой

Британия ва АҚШ расмийлари хабарига кўра, россиялик гуруҳ Эроннинг кибержосуслик операциясидан ўз ҳужумларини амалга ошириш мақсадида фойдаланган. (Файл)

Британия ва АҚШ расмийлари хабарига кўра, россиялик гуруҳ Эроннинг кибержосуслик операциясидан ўз ҳужумларини амалга ошириш мақсадида фойдаланган. (Файл)

ВАШИНГТОН, КО – Россиялик гуруҳ ўнлаб хориж мамлакатларидаги давлат ва саноат ташкилотларига Эрон режими ниқоби остида ҳужум уюштириш мақсадида Эроннинг кибержосуслик операциясидан фойдалангани маълум бўлди. Бу ҳақда Британия ва АҚШ расмийлари хабар берганлар.

«Турла» номли гуруҳ ўтмишда «разведка маълумотларни тўплаш мақсадида ҳукумат, ҳарбий, технологик, энергетика ва тижорат ташкилотларини нишонга олишда турли восита ва усуллардан фойдаланган», дейилади АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги ва Бирлашган Қироллик миллий киберхавфсизлик марказининг (NCSC) душанба (21 октябрь) кунги қўшма баёнотида.

«Турла»ни Россия ФСБ разведка агентлиги молиялаштираётгани гумон қилинади.

«Турла ўз мақсадлари йўлида ишлатиш учун Эронга тегишли воситалар ва имкониятларни қўлга киритган», деди Бирлашган Қиролликнинг GCHQ разведка агентлигининг юқори мартабали расмийларидан бири Пол Чичестер.

Хакерлик кампанияси 35 дан ортиқ давлатни нишонга олган бўлиб, уларнинг аксарияти Яқин Шарқда жойлашган. Баёнотга кўра, кибер-операция давомида турли ҳужжатлар қўлга киритилган.

Ҳужумлар даставвал Эрондан туриб амалга оширилаётгандек кўринса-да, NCSC аслида бундай эмаслигини аниқлади, деди Чичестер.

Турла аввалроқ Эроннинг хакерлик гуруҳлари томонидан ўтказилган ҳужумларда қўлланилган «Нейрон» ва «Наутилус» номли имплантларни ўғирлаган. Бу воситаларни қўлга киритиш ва инфратузилмага кириш учун Турла Эрон хакерлик гуруҳларига ҳам зарар етказган, дейилади NCSC баёнотида.

NCSC баёнотига кўра, Турла Эрон инфратузилмасига кириш ҳуқуқини қўлга киритиб, ўзининг зарарли кодини ишга туширишда Эронлик хакерларнинг «бошқарув ва назорат» тизимидан фойдаланишга муваффақ бўлган.

Разведка мутасаддиларига кўра, Россия гуруҳи ва унинг эронлик қурбони ўртасида қандайдир келишув бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Россиянинг сўнгги киберҳужумлари

Ушбу ҳодиса Россиянинг кибержосуслик ва ҳийла-найранглар орқали ўз зарарли таъсирини кучайтириш мақсадида давлатлар ва ташкилотларга қарши амалга оширган навбатдаги ҳужумларидан бири бўлгани айтилмоқда.

2018 йилнинг апрель ойида, Россиялик икки «дипломат» Ҳаагада Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига (КҚТТ) хакерлик ҳужуми уюштиришга уринган пайт қўлга олинган эди.

ГРУ ҳарбий разведка агентлигининг россиялик жосуслари меҳмонхона яқинидаги машинага ўрнатилган электрон қурилмаларни ишга солганлар, деб хабар берган Нидерландия ҳукумати.

Киберҳужумни амалга ошириш учун танланган вақт ҳам бежиз эмасди, сабаби Москва воқеа жойидан далилларни яширишга улгуриш мақсадида Суриянинг Дума шаҳрига КҚТТ мутахассисларининг киришини қасддан кечиктиришда айбланаётган эди.

Шу билан бир вақтда, КҚТТ Суриядаги йирик кимёвий ҳужум ва март ойида Солсберида россиялик собиқ икки ёқлама жосус Сергей Скрипаль ва қизининг заҳарланиши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан тергов олиб бораётган бўлган.

2018 йил май ойида АҚШ адлия вазирлиги ярим миллионга яқин уй ва офислардаги тармоқ роутерларидан ташкил топган хавфли ботнет зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берганди. Бу тармоқ Россия разведкасига алоқадор деб тахмин қилинган хакерлар назоратида бўлган.

Ушбу чора хакерларга компьютерлар устидан назорат ўрнатиш ва маълумотларни осонлик билан ўғирлашга имкон берувчи, кичик ва ўрта ўлчамли компьютер тармоқлари орқали амалга оширилган операцияга барҳам беришга қаратилган.

Гуруҳ 2016 йил АҚШдаги президент сайловлари чоғида демократлар партиясига дахлдор бузғунчи ахборотни қўлга киритиш ва тарқатишга қаратилган хакерлик ҳужуми операциясига алоқадор бўлган, деб хабар берган АҚШ разведка агентликлари.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эронликлар ниқоби остидаги Россиялик хакерларни фош қилишган бўлса, демак Ғарбда кучлироқ мутахассислар бор. Эрон эса Россияга бундай тубанлик учун норозилик нотаси юбориши керак.

Жавоб бериш