Карвонсарой
Терроризм

Сурияда ИД сафига қўшилиб, мудҳиш жиноятлар содир этган қозоғистонликларга ҳукм ўқилди

Айдар Ашимов

Нур-Султонда ИД гумондорларининг суд жараёни бўлиб ўтмоқда, 29 октябр куни КТК телелавҳасидан олинган кадрлар. Қозоғистон ҳукумати ИД сафига қўшилган қозоғистонликлар томонидан содир этилган мудҳиш жиноятларнинг видеоёзувлари ва суратларини намойиш қилган.

Нур-Султонда ИД гумондорларининг суд жараёни бўлиб ўтмоқда, 29 октябр куни КТК телелавҳасидан олинган кадрлар. Қозоғистон ҳукумати ИД сафига қўшилган қозоғистонликлар томонидан содир этилган мудҳиш жиноятларнинг видеоёзувлари ва суратларини намойиш қилган.

НУР-СУЛТОН – Сурияда «Ислом давлати» (ИД) сафида жанг қилишда айбланган қозоғистонликлар даҳшатли жиноятларга қўл уришган – прокурорлар мудҳиш видеоёзув ва фотосуратларни далил ўлароқ тақдим этганлар.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ИД жангарилари бўлган 14 қозоғистонликнинг Суриядаги террорчилик фаолиятини исботловчи далилларни тақдим этди.

Ҳукумат уларни «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида ватанига қайтарган эди.

2019 йилги инсонпарварлик операцияси давомида Сурия ва Қозоғистон орасида бир нечта авиарейс амалга оширилиб, 600 га яқин қозоғистонлик ватанига олиб келинган.

Суд жараёнида айбланувчилар томонидан содир этилган ёки уларга алоқадор жиноятлар акс этган видео ва фотосуратлар далил ўлароқ тақдим этилган. Суратда: ИДнинг ўтган йилги видеолавҳаси кадрлари – Сурия кўчалари бўйлаб жасадни судраб кетаётган гуруҳ аъзолари. (Файл)

Суд жараёнида айбланувчилар томонидан содир этилган ёки уларга алоқадор жиноятлар акс этган видео ва фотосуратлар далил ўлароқ тақдим этилган. Суратда: ИДнинг ўтган йилги видеолавҳаси кадрлари – Сурия кўчалари бўйлаб жасадни судраб кетаётган гуруҳ аъзолари. (Файл)

Нур-Султондаги суд жараёни 22 октябрдан бери 166/10 рақамли қамоқхонада бўлиб ўтяпти.

Бундан аввалги суд жараёнида 15 нафар қозоғистонлик ИД жангарилари турли айбловлар билан қамалган эди. Бу ҳақда Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) октябрь ойида хабар берган.

100 нафар қозоқ фуқароси Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудида қолиб кетган, деб хабар берди AKIpress сешанба (19 ноябр) куни МХҚга асосланиб.

90 дан ортиқ қозоғистонлик, жумладан 56 та аёл ҳамон Сурияда. Икки нафари қамоқхона ёки жамлоқда, яна олтитаси эса Ироқда қўлга олинган.

ИД тор-мор этилганидан кейин жами 277 та фуқаро, жумладан 57 эркак, 220 нафар аёл ва 547 нафар вояга етмаган бола Сурия ва Ироқдан ватанига қайтиб келган, деб хабар берган МХҚ.

Ватанига қайтарилганлар орасида 44 нафар айбланувчи, жумладан 10 та аёлга 1 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси белгиланган бўлиб, улар террорчилик ташкилотлари фаолиятида ва халқаро қуролли можароларда қатнашиш, терроризм ташвиқотини олиб бориш, ёллаш ва бошқа турдаги террорчилик фаолиятларида айбланган.

МХҚ хабарига кўра, 200 га яқин аёллар ва 545 та ёш бола ҳукумат томонидан реабилитация марказларига жойлаштирилган.

Душанба (18 ноябр) куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги 10 нафар қозоқ боласини Қозоғистонга қайтариш борасида Ироқ билан музокара олиб бораётганини маълум қилганди.

«Оқланишларига имкон берманг»

Далил сифатида тақдим этилган суратларнинг бирида Сурияда қўлга олинган 33 яшар қозоғистонлик эркак танасидан жудо қилинган бошлар билан суратга тушган, бошларнинг бири унинг оёғи остида бўлган.

Шу билан бирга, айбланувчи ташвиқоти видеолавҳаларида ҳам кўриниш берган. Суд жараёнида тақдим этилган сурат ва видеоёзувларда акс этган айбланувчиларга кўра, улар қўмондонларининг буйруқлари билан бу ишларни қилганлар, деб хабар беради Tengri News нашри.

Суд жараёнлари очиқ бўлиб, унда айбланувчиларнинг қариндошлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишмоқда.

«Ватандошлари нималарга қўл урганини қозоғистонликларга кўрсатиш мақсадида шундай қарор қабул қилинган. Бу айримлар учун огоҳлантириш бўлиши ва уларни ДАИШ террорчилик ташкилотига қўшилиш фикридан қайтариши мумкин», дейди Нур-Султонлик ҳуқуқшунос Алибек Башеев.

Аввал қамалган 15 нафар ИД жангариси каби бу 14 айбланувчи ҳам жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айбланган, деди у. Уларга террорчилик гуруҳлар фаолияти, қуролланган низолар, ёллаш ва террорчилик ташвиқотида иштирок этиш айблари қўйилган.

«Ислом давлатининг ташвиқоти, фанатизм ва босим шу даражада кучли бўлганки, улар Сурияга келиб, у ерда юз бераётган вахшийликларни кўриб туриб ҳам ташвиқотни давом эттирганлар ва яқинларини Қозоғистондан келиб қуролли жиҳодда иштирок этишга ундаганлар» деди Башеев.

ИД гумондорларида бирдамлик йўқ, улар «ўзларини ҳимоя қилиб айбни бир-бирларига тўнкамоқдалар», деб қўшимча қилди у.

Маҳкама жараёнига ўз муносабатини билдираётган қозоғистонликлар ғазабнок фикр-мулоҳазалар қолдирмоқдалар.

«Уларни нега олиб келишди? Фуқароликдан маҳрум қилиш керак эди, ўша ерда қолиб кетсин эди», деб ёзади интернет фойдаланувчиларидан бири.

«Оқланишларига имкон берманг, улар у ерга ўз ихтиёри билан кетган, нима учун кетаётганини билган», деб ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Яна бир онлайн фойдаланувчининг фикрича, улар «у ерга одам ўлдиришга кетишган, улар террорчи ва қотиллар».

Барча ёш ва турга мансуб

Айбланувчиларнинг ҳаммаси мутахассислар, жумладан руҳшунослар томонидан ақли расо деб тан олинган, деб хабар беради Baige News нашри. Улар асосан қишлоқ ҳудудларидан чиққан фуқаролардир.

Baige News хабарига кўра, Нур-Султондаги маҳкама айбланувчиларидан бири, туркистонлик 41 яшар Нурлан Камалов Суриядаги қозоқ аёллари жамоатининг амири ёки қўмондони бўлган. Унинг ўз шахсий ҳайдовчиси ва офиси бор эди.

Хабарда айтилишича, яна бир судланувчи, Оқмола вилоятилик 33 ёшли Аманжол Янсенгиров мерган бўлган ва ИДнинг «Амият» хавфсизлик хизматида ишлаган. У тўрт маҳбуснинг бошини танасидан жудо қилиб, каллаларни ушлаб суратга тушганликда айбланаётган судланувчидир.

Атирау вилоятидан бўлган 34 ёшли судланувчи Эрмухан Айипқалиев эса Сурияда жароҳатлангани ва қисман фалаж бўлгани сабабли судда иштирок этолмаган. Айни вақтда у касалхонада бўлиб турибди.

Ақтўбе вилоятидан бўлган 32 ёшли Данабек Тўреханов Сурияга келганидан ИД унга 3500 АҚШ доллари (1,4 млн. тенге) тўлаганини тан олган, дея хабар беради Baige News.

Ақтўбелик 31 яшар судланувчи Даурен Сабитули Америкага қарашли Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида ўтиришни орзу қилганини, у ерда «жазо енгилроқ» эканлигини айтган, деб хабар беради КТК телеканали.

Айбланувчиларнинг энг каттаси, қустанайлик 50 яшар Газинур Бахижанов илгари Қозоғистон полициясида хизмат қилган, деб хабар беради Остона телевидениеси. У 2013 йилда акаси билан бирга ИД сафига қўшилиш учун Сурияга жўнаб кетган эди.

Бахижанов билан суҳбатлашган психологларнинг сўзларига кўра, у «ҳар ким Аллоҳнинг қонунларига мувофиқ яшаши кераклиги, бунга рози бўлмаганлар эса ўз ҳаётини қурбон қилиб ҳақ тўлаши керак», деб ҳисоблайди.

Янги хавф: «Якка бўрилар»

14 ноябр куни Қозоғистон Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти томонидан чиқарилган ҳисоботда терроризмнинг кучайиб бораётгани ҳақида сўз юритилган.

Ҳисоботга кўра, «экстремистларга нисбатан босим ортиб бораётганига қарамай, улар яшовчанлик хислатларини намоён этмоқда. Улар жанговар усулларни ўзгартириб ва тезда янги шароитларга кўникмоқдалар».

«Ушбу хавфли эволюциянинг маҳсули – «якка бўрилар»дир. Уларни анъанавий усуллар билан аниқлаб бўлмайди ва шунинг учун хавфсизлик идоралари уларининг ҳужумларини қайтаришга тайёр эмас», дейилади унда.

Ҳисоботда айтилишича, Сурия ва Ироқдаги таянч марказларидан бўлган ИД ўз фаолиятини «вилоятлар» ёки ташқи базаларга, жумладан Афғонистонга кўчиришга ҳаракат қилади.

«ДАИШ («Ислом давлати») бунга параллел равишда интернетдаги тарғиботни ҳам кучайтиради. Ижтимоий тармоқлар ва турли веб-сайтлар гуруҳнинг экстремистик ғояларни глобал миқёсда ёйинлаш учун асосий восита сифатида ишлатилади», дейилади тадқиқотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500