Карвонсарой

«Ислом давлати»га қўшилган полковникнинг акаси истеъфога чиқди

Карвонсарой

ДУШАНБЕ – «Ислом давлати» сафига (ИД) қўшилган тожик полковнигининг акаси ўтган йил охирида Тожикистон жазони ижро этиш тизимидаги лавозимини тарк этган. Бу ҳақда «Озод Европа/Озодлик радиоси» душанба, 5 март куни Тожикистон ҳукуматидаги манбага таяниб хабар қилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус кучлари – ОМОНнинг собиқ қўмондони, 42 яшар полковник Гулмурод Ҳалимов 2015 йилда ғойиб бўлган ва кейинроқ, ИДнинг Яқин Шарқда тасвирга олинган ташвиқот видеоларида кўриниш берганди. У 2016 йилда ИДнинг «уруш вазири»га айланган эди.

Гулмурод Ҳалимов бир неча ой дом-дараксиз кетган бўлса-да, Тожикистон ҳукумати унинг Мосул (Ироқ) шаҳрида ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлай олмаган.

Унинг акаси, подполковник Саидмурод Ҳалимов 2017 йил охирида ўз лавозимини тарк этган. Адлия вазирлиги расмийсига кўра, унинг истеъфоси шу кунгача оммага ошкор қилинмаган эди.

Ҳалимов октябр ойида Тожикистон суди унинг икки биродари ва жиянини турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилиши ортидан истеъфога чиққан. Судланувчилар ўтган йил июль ойида Афғонистонга ўтиб, у ерда ИД сафига қўшилишга уринганликда айбланган. Хатлон вилоятининг Восе туманида махсус кучларнинг қўлга олиш операцияси чоғида Ҳалимовларнинг бошқа тўрт нафари ўлдирилган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500