Карвонсарой

Қизларга фан ва технологиялар бўйича таълим беришга оид ўзбек лойиҳаси АҚШ грантини қўлга киритди

Карвонсарой

ТОШКЕНТ – АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистоннинг фан, технологиялар, муҳандислик ва математика (STEM) соҳаларида қизларнинг ролини оширишга қаратилган «Technovation» лойиҳасини молиялаштиради. Бу ҳақда 10 июль куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди. Грант миқдори маълум қилинмаган.

Лойиҳа АҚШ Давлат департаментининг 2018 йилги Alumni Engagement Innovation Fund (Алмашув дастурлари қатнашчилари учун грант дастури) танловида ғолиб бўлган 70 лойиҳанинг биридир. Танловда қатнашиш учун жами 1300 та ариза юборилган эди.

Лойиҳа АҚШ Давлат департаментининг STEM бўйича Африка, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқдаги аёл етакчиларни қўллаб-қувватлайдиган TechWomen алмашинув дастурининг бир гуруҳ битирувчилари томонидан ишлаб чиқилган.

Битирувчилар билан бир қаторда бизнес етакчилар, ўқитувчилар, талабалар ва бошқа мутахассислардан иборат маслаҳатчилар 10-18 ёшли қизларга мўлжалланган Technovation мусобақасида маҳаллий қизлар жамоаларининг қатнашиши учун уларга мураббийлик қиладилар.

Мусобақа «ёш аёл-қизларни ўз жамиятларидаги муаммоларни технология ва тадбиркорлик орқали ҳал қилишга илҳомлантиради ва қўллаб-қувватлайди», дейилади баёнотда.

АҚШ Давлат департаментининг AEIF – Алмашув дастурлари қатнашчилари учун грант дастури 2011 йилдан бери АҚШ алмашинув дастурларининг иштирокчи жамоаларига кичик грантларни ажратиб келади. У ҳозирга қадар дунё бўйлаб 360 та ташаббус ва лойиҳани қўллаб-қувватлаган, дейилади баёнотда.

Бу йилги мусобақа мавзулари қуйидагича бўлди: иқтисодий фаровонликни ошириш; фуқаролик иштироки, мустаҳкам ҳокимият ва жамият барпо этиш; фан, технология, саломатлик ва инновацияни ривожлантириш; инклюзив таълим ва ўқитиш имкониятини рағбатлантириш ҳамда аёл ва қизларга имкониятлар яратиш.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500