Карвонсарой

EИ ва Ўзбекистон ҳамкорликка оид янги келишувни муҳокама қилади

Карвонсарой

БРЮССЕЛЬ – Европа Иттифоқи (ЕИ) кенгаши 16 июль, душанба куни 1999 йилги шартноманинг ўрнини босадиган ва Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайдиган, Ўзбекистон билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорликка оид янги келишув юзасидан музокараларни бошлаш таклифини маъқуллади. Бу ҳақда унинг расмий сайти хабар бермоқда.

Баёнотга кўра, янги келишув «сиёсий мулоқот ва ислоҳотлар, қонун устуворлиги, адолат, эркинлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, миграция, савдо-сотиқ, шунингдек, иқтисодий ва барқарор ривожланиш» каби соҳаларни қамраб олади.

Келишув «тадбиркорлик ва сармоявий муҳитни яхшилаш, шунингдек, ташқи сиёсат масалалари ҳамда иқлим ўзгариши, коррупция ва терроризм каби глобал таҳдидларга қарши кураш бўйича ҳамкорликка кўмаклашади», дейилади баёнотда.

Кенгашнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ислоҳотларни жорий қилишда «муҳим ютуқларга» эришди. «Инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилаш, Марказий Осиёдаги қўшнилар ва халқаро ҳамкорлар билан ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир».

Янги келишув Европа Иттифоқига «ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга ва икки томонлама алоқаларни ҳам Европа Иттифоқи, ҳам Ўзбекистон учун бирдек манфаатли бўладиган янги даражага кўтаришга ёрдам беради», дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500