Карвонсарой

ЕИ ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Қирғизистонга 6,5 млн. евро тақдим этди

Карвонсарой

БИШКЕК – Европа Иттифоқи (ЕИ) сешанба (18 декабрь) куни Қирғизистонга ижтимоий ҳимоя бўйича миллий дастурларни қўллаб-қувватлаш учун 6,5 млн. евро (517 млн. қирғиз сўми) ўтказиб берди, дейилади Қирғизистондаги ЕИ ваколатхонаси хабарида.

Баёнотга кўра, Молия вазирлиги тез кунларда маблағни қабул қилиб олади.

Бу умумий қиймати 26 млн. еврога тенг 3 та траншнинг иккинчисидир. 4,25 млн. евролик дастлабки ёрдам 2016 йил бошида тақдим этилган эди. Сўнггиси эса 2019 йил охирига қадар амалга оширилади.

ЕИнинг ёрдамидан кўзланган асосий мақсад – ижтимоий хизматлар сифати ва кўламини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига оид аввалги дастурлар доирасида эришилган барқарор ислоҳотлар ва ютуқларни мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг изчиллигини таъминлашдир. Бунда 2012 йилда қабул қилинган Болалар тўғрисидаги Кодексда белгиланганидек, болаларни ҳимоя қилиш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда хавф гуруҳига кирувчи болалар учун ижтимоий хизматлар сифати ва кўламини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу маблағ Қирғизистон ҳукуматига «ижтимоий соҳадаги давлат харажатлари самарадорлигини ошириш, бу соҳада давлат бюджетини тўғри тақсимлаш ва самарадорликни баҳолаш, ҳукумат ислоҳотларининг ўрта муддатли устуворликларини инобатга олган ҳолда ички аудитни кучайтириш орқали харажатлар мониторингини яхшилашга» ёрдам беради.

Европа Иттифоқи шунингдек, Меҳнат, Ижтимоий тараққиёт ва Молия вазирликлари ходимлари учун техник ва консультатив ёрдам ҳамда тренинглар ташкил этади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500