Карвонсарой

Қирғизистон фуқароси Магнитогорскдаги портлашга алоқадорликда гумон қилинмоқда

Карвонсарой

БИШКЕК – Россия полицияси ўтган ойда Магнитогорск шаҳрида юз берган ҳалокатли портлашга алоқадорликда гумон қилиб, қирғизистонлик меҳнат мигрантини қўлга олган, деб хабар берди жума куни 24.kg нашри.

31 декабр куни кўп қаватли тураржой биносида юз берган портлаш натижасида жами 39 киши, жумладан, икки тожик оиласининг 8 нафар аъзоси ҳаётдан кўз юмган эди.

Фалокат газ сизиб чиқиши оқибатида юз бергани айтилса-да, воқеа ортидан меҳнат мигрантларининг тураржойларида ўтказилган рейдлар портлаш террорчилик ҳаракати бўлиши мумкин, деган гап-сўзларни келтириб чиқарган.

Асли қирғизистонлик бўлган 29 яшар Ҳусниддин Зайнобиддинов портлашга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган. Уни аввалги айбловлар юзасидан жавобгарликка тортиш учун Қирғизистонга экстрадиция қилишлари мумкин, деб хабар берган Россия оммавий ахборот воситалари.

Полиция Зайнобиддиновни қийноққа солиб, портлаш билан боғлиқ айбни бўйнига олишга мажбурлаган, бироқ, иқрор бўлмаганидан сўнг маҳаллий прокуратура уни Қирғизистонга қайтариш учун ҳужжатларни расмийлаштирган. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиосига унинг рафиқаси сўзлаб берди.

Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) маълумотларига кўра, Зайнобиддинов 2010 йил июнь ойида Қирғизистонда миллатлараро низо ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган эди.

У Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаган ва 8 йил аввал Қирғизистонни тарк этган, дейилади ГКНБ хабарида.

Тураржой биносидаги портлашдан бир кун ўтиб, 1 январь куни Магнитогорск майдонида микроавтобуснинг портлаши натижасида 3 киши ҳаётдан кўз юмди. Расмийларнинг маълум қилишларича, портлаш носоз газ баллони сабабли юз берган.

Январь ойи ўрталарида «Ислом давлати» (ИД) гуруҳи иккала портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500