Карвонсарой

Тожикистонда ерларни ирригация ва мелиорация қилиш бўйича олтита лойиҳа амалга оширилади

Карвонсарой

ДУШАНБЕ – Тожикистон ерларнинг мелиоратив ҳолати ва суғориш тизимини яхшилашга қаратилган олтита инвестиция лойиҳаси устида иш олиб бормоқда, деб хабар беради Asia-Plus тожик расмийларидан бирига таяниб.

Лойиҳаларнинг умумий қиймати 165,4 млн. АҚШ долларига (1,56 млрд. сомоний) тенг бўлиб, ҳозирга қадар ушбу сумманинг қарийб ярми сарфлаб бўлинган, деди Мелиорация ва ирригация агентлиги раҳбари Холмурод Раҳмон пайшанба (7 февраль) куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Улар орасида Ислом тараққиёт банки томонидан молиялаштирилаётган Данғара даштидаги ирригация лойиҳаси ҳам бор. Умумий қимати 30,5 млн. АҚШ долларига (290 млн. сомоний) тенг лойиҳа қашшоқликка қарши кураш мақсадини кўзлайди.

Лойиҳа Данғара даштидаги 1750 гектар суғориладиган ерларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида 8 мингта иш ўрни яратишни кўзда тутади.

2013-2020 йилларда амалга ошириладиган яна бир лойиҳа – барқарор қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси бўлиб, унинг қиймати 57,9 миллион АҚШ долларига (546 миллион сомоний) тенг. У Жаҳон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги дастури ҳамда Халқаро ривожланиш уюшмаси томонидан молиялаштирилмоқда.

Хатлон вилоятининг 14 туманида олиб борилаётган лойиҳа бошқаруви суғориш ва дренаж инфратузилмасини тиклаш, қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришни кўпайтириш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича яхшиланган сиёсат ва ташкилотларни қўллаб-қувватлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган.

Бошқа лойиҳалар Панж дарёси ҳавзасини иқлим ўзгаришига мослаштириш, Хамадоний туманида дарё бўйини кучайтириш ишлари ва Панж дарёси ҳавзасида сув ресурларини бошқаришни ўз ичига олади.

Раҳмоннинг сўзларига кўра, ирригация тизимини қайта тиклаш учун Тожикистонга камида 750 миллион АҚШ доллари (7 миллард сомоний) керак бўлади.

«Тожикистонда 800 минг гектардан кўп ерни ўзлаштириш ва улардан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланиш имконияти бор», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сайт Марказий Осиё учун мўлжалланган, лекин нима учун фақат инглиз, рус ва ўзбек тилларида? Дискриминациями бу?

Жавоб бериш