Карвонсарой

Тожикистон Ироқдан 75 нафар болани ўз ватанига қайтармоқчи

AFP

ДУШАНБЕ – Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин сешанба (12 февраль) куни Ироқ ҳукумати 75 нафар тожикистонлик болани ватанига қайтаришга розилик беришига умид билдирди. Болаларнинг «Ислом давлати»га (ИД) алоқадорликда айбланиб қамоққа олинган оналари уларнинг Тожикистонга қайтарилишига изн берганлар.

Муҳриддиннинг сўзларига кўра, Ироқда қолаётган 92 тожикистонлик боладан (улар орасида уч ёшгача бўлган 31 бола бор) 75 нафари ватанига қайтарилишга ҳақли бўлиши керак.

Унинг айтишича, аскарият болаларнинг оталари ИД ва бошқа гуруҳлар сафида жанг қилиб ҳалок бўлганлар.

Ироқ қонунларига кўра, болалар мамлакатдан олиб чиқилиши учун ота-оналарининг розилиги олиниши керак, деди у.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати ҳар бир боланинг репатриацияси учун 400 АҚШ доллари (3700 сомоний) тўлаши лозим. Бу сумма Ироқда ўтказилган дипломатик музокаралардан сўнг белгиланган.

Ироқ қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 43 нафар аёлни қайтариш эса осон бўлмайди, деди у.

Унинг айтишича, «Ироқ судлари айрим тожик фуқароларини ўлим жазосига, айримларини эса умрбод қамоққа ҳукм қилган», деб хабар беради Avesta.tj нашри. Шу сабаб репатриация жараёни «узоқ ва оғир кечади».

Яқин орада тожик дипломатлари айни шу муаммо – ҳибсдаги тожикистонликларни ватанига қайтаришни муҳокама қилиш мақсадида Ироққа қўшни мамлакат – Сурияга йўл оладилар, деди у.

Тожикистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2011 йилдан бери Ироқ ва Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш учун 1000 дан ортиқ фуқаро мамлакатни тарк этган, уларнинг айримлари кейинчалик Россияда меҳнат мигранти бўлиб ишлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500