http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/newsbriefs/2019/02/25/newsbrief-01

АҚШ делегацияси Бишкек ва Тошкентга ташриф буюради

Карвонсарой

ТОШКЕНТ – Душанба-пайшанба (25-28 февраль) кунлари Америка Қўшма Штатлари делегацияси Бишкек (Қирғизистон) ва Тошкент (Ўзбекистон) шаҳарларида бўлиб, ҳукумат расмийлари билан музокаралар ўтказади, деб хабар қилди Тошкентдаги АҚШ элчихонаси душанба кунги баёнотида.

Делегацияга АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс раҳбарлик қилади.

Уэллс Бишкекка ташрифи давомида Марказий Осиёдаги Америка университетининг ўқитувчи ва талабалари билан учрашиши кутилмоқда.

Шунингдек, у «собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг оиласи томонидан ўғирланган 4,6 миллион доллар маблағни қирғиз халқига қайтариш бўйича АҚШ ҳукумати олиб бораётган муваффақиятли қўшма саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун Қирғизистон Республикаси Молия вазири Бактигул Жеенбаева билан бўладиган оммавий тадбирда қатнашади», дейилади элчихона хабарида.

Уэллс, шунингдек, Тошкентда АҚШ ҳукумати идоралараро делегациясининг раҳбари сифатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан биргаликда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларни ўтказади.

Уэллс Ўзбекистон ҳукуматининг юқори лавозимли вакиллари билан «глобал ва минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги тинчлик жараёни, иқтисодий ва савдо келишувлари, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар ҳамда суд ислоҳоти, халқ таълими ва хотин-қизлар ҳуқуқи бўйича АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма дастурларни муҳокама қилади», деб хабар беради элчихона.

Бу Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берган, президент Шавкат Мирзиёвнинг 2018 йил май ойида Вашингтонга қилган ташрифидан сўнг ўтказилаётган биринчи йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар бўлади.

«Қўшма Штатлар Президент Мирзиёевнинг ислоҳот дастурлари ҳамда икки халқ ўртасидаги ўзаро мустаҳкам алоқаларнинг ривожини қўллаб-қувватлар экан, Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янада кучайишидан умидвор», дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha