http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/newsbriefs/2019/02/27/newsbrief-02?language_switcher=true

Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилди

Карвонсарой

ТОШКЕНТ – Сешанба (26 февраль) куни Тошкентда АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича давлат котибининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан АҚШ-Ўзбекистон йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларини ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

Томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида Қўшма Штатларга ташрифи АҚШ - Ўзбекистон муносабатларида янги даврни бошлаб берганини қайд этдилар.

«Ўзбекистон муҳим иқтисодий ва бошқарувга оид ислоҳотларни қабул қилиш ҳамда ён қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан савдо ва инвестиция учун янги имкониятлар эшигини очиш орқали дунёга янгидан танилди», деди Уэллс очилиш маросимида сўзлаган нутқида.

«Ўзбекистон жаҳон майдонида ҳаққоний ўрин эгаллагани ортидан бутун Марказий Осиё фойда кўрмоқда. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг дунё саҳнасига қайтадан чиққанини қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради», деди у.

Уэллс 2018 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами қарийб 28,1 миллион долларга (236 млрд. сўм) ўсгани, бу кўрсаткич 2016 йилда 10,1 миллион доллар (85 млрд. сўм) бўлганини қайд этди.

АҚШ делегацияси сиёсат, иқтисод, таълим, хавфсизлик, маданият ва бошқа соҳаларга оид кенг кўламли алоқаларни келгусида янада чуқурлаштиришга рағбатлантириб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

Уэллс ва Комилов Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш каби ҳамкорликнинг аниқ шаклларини кучайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Маслаҳатлашувлар якунида томонлар энергетика ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган иккита англашув меморандумини имзолаб, навбатдаги йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларни 2020 йилда Вашингтонда ўтказишга келишиб олдилар.

Сизга мақола ёқдими?
1
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-03-06

(Америкаликлар) Венесуэладан 30 миллиард доллар ўмаришган, ўз позициясини илгари суриш учун Ўзбекистонга ҳам мўмайгина пул ажратса бўлади.

Жавоб бериш