Россиянинг йирик телеком ширкати Гулнора Каримовага пора бергани учун АҚШга жарима тўлайдиган бўлди

AFP

НЬЮ-ЙОРК – Пайшанба (7 март) куни АҚШ прокуратураси Россиянинг етакчи телекоммуникация компанияси билан келишувга эришди – компания Ўзбекистон собиқ президентининг оиласига пора бергани учун 850 млн. АҚШ доллари (7,1 трлн. сўм) миқдорида жарима тўлаши керак бўлади. АҚШ прокурорлари, шунингдек, собиқ президентнинг қизига нисбатан айблов эълон қилганлар.

Мазкур жиноий иш Ўзбекистонни 1990 йилдан 2016 йилдаги вафотига қадар бошқарган президент Ислом Каримов даврига оид коррупция ҳолатига ойдинлик киритган.

Москвада жойлашган ва акциялари Нью-Йорк фонд биржасида сотувга қўйилган «МТС» компанияси АҚШ адлия вазирлиги ҳамда Қимматли қоғозлар ва биржа бўйича комиссия билан бу борада келишувга эришилганини маълум қилган.

Шунингдек, Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан ҳам айбловлар эълон қилинган бўлиб, у қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали жами 865 млн. доллар (7,3 трлн. сўм) пора олганликда айбланмоқда, дейилади прокуратура хабарида.

Каримова пул ювиш мақсадида «Ўздунробита» компаниясининг собиқ бош директори, 44 яшар Беҳзод Аҳмедов билан жиноий тил бириктиришда айбланган. Ушбу компания кейинчалик «МТС»нинг Ўзбекистондаги шўъба компаниясига айлантирилганди.

Аҳмедов «тахминан 2001 йилдан 2012 йилга қадар» Каримовага телеком ширкатларидан пора олишда ёрдам бериб келган, дейилади Йорк жанубий округи прокуратураси хабарида.

Айни пайтда Аҳмедов Россияда истиқомат қилади. Каримова 2017 йилда 5 йиллик уй қамоғига ҳукм қилинган эди. Бироқ, ўтган ҳафтада мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари уни уй қамоғи шартларини бузгани учун жазони ўташ муассасасига ўтказганлар.

2012 йилда Ўзбекистон томони «МТС»нинг мамлакатдаги шўъба компаниясини солиқ тўлашдан бўйин товлаш айбловлари билан тортиб олган эди. Филиал 2013 йилда банкротлик эълон қилган.

Сизга мақола ёқдими?

3
0
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат Captcha
Comment bubble | 2019-03-11

Россия пора ёрдамида бошқа мамлакатларнинг ички бозорига йўл очаётган бўлиб чиқмоқда.

Жавоб бериш