http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/newsbriefs/2019/03/13/newsbrief-02

Ўзбек расмийси диний мавзудаги фикр-мулоҳазалари сабаб таҳдидлар остида қолди

Карвонсарой

ТАШКЕНТ – Интернетда кўпхотинлик ва пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида фикр-мулоҳаза билдириши ортидан таҳдидларга дуч келган ўзбек мансабдори мажбурий таътилга чиқарилди ва ички ишлар идоралари ҳимоясига олинди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) чоршанба, 13 март куни.

Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари, 35 яшар Наргиза Раҳимова 3 март куни RFE/RL ўзбек хизматининг Facebook саҳифасида кўпхотинликни ёқлаб чиққан фойдаланувчининг фикр-мулоҳазасига жавоб қайтариб, пайғамбар, унинг биринчи рафиқаси Ҳадича ва куёви Али (р.а.) кабиларни тилга олган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги аноним манбанинг RFE/RL ўзбек хизматига маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда Раҳимовани ишдан бўшатиш талаблари ва таҳдидларнинг авж олиши ортидан эҳтиёт чораларини кучайтирганлар.

9 март куни Раҳимова «Азон ТВ» телеканалида видеомурожаат билан чиқиб, оммадан узр сўраган. Бироқ, босимлар тинмагани туфайли у ижтимоий тармоқларидаги барча аккаунтларини ўчириб ташлаган.

Дин ишлари қўмитаси Раҳимова билан боғлиқ воқеага бевосита изоҳ бермаган бўлса-да, унинг баёнотида «фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаганлик учун қонунда жавобгарлик белгилангани» айтилади.

Fergana News нашрига маълум бўлишича, президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига Раҳимовани жазога тортиш, уни ишдан бўшатиш бўйича юзлаб мурожаатлар келган.

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha