Карвонсарой

Қозоғистон ва Афғонистон ҳамкорликни кучайтирмоқда

Salaam Times

ОСТОНА – Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамкулов ва Афғонистоннинг Қозоғистондаги элчиси Муҳаммад Фарҳад Азимий ўтган ҳафта икки мамлакатнинг сиёсат, савдо, иқтисодий ва гуманитар йўналишдаги ҳамкорлигини муҳокама қилди, деб хабар берди сешанба (19 март) куни Казинформ нашри Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига асосланиб.

«Марказий Осиёдаги интеграция жараёнлари доирасида Афғонистон билан қатор йўналишлардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик бизнинг умумий алоқаларимизга ижобий таъсир кўрсатади», деди Атамкулов.

«Қозоғистон Афғонистоннинг тинчлик ва тикланиш жараёнига кўп йиллардан бери ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда», деб қўшимча қилди у.

Атамкуловнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳарбий-техник ҳамкорликни кучайтиришга, Афғонистонга дон маҳсулотлари экспортини оширишга, Қозоғистонда афғонлар учун таълим дастурларини қўллаб-қувватлашга, Афғонистонда темир йўллари ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қизиқмоқда.

2010-2021 йиллар оралиғида 1000 дан ортиқ афғонистонлик Қозоғистонда таълим олди ва бу жараён давом этади, деди Азимий.

Қозоғистон университетларини битирган талабалар ҳозирда Афғонистоннинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар, деди у. Улар, шунингдек, қозоқ ҳукуматидан афғонистонлик талабаларнинг Қозоғистонда таълим олиши учун стипендиялар сонини оширишни сўраганлар.

«Биз Афғонистоннинг тараққиётида Қозоғистоннинг ролини юқори баҳолаймиз», деди Азимий. У Афғонистон ҳукумати Афғонистон ва Қозоғистон муносабатларини стратегик босқичга олиб чиқишидан умидвор эканини айтиб ўтди.

Қозоғистон ҳудудда Афғонистоннинг савдо бўйича энг йирик ҳамкоридир, деди Азимий.

Афғонистон ҳукумати қўшма лойиҳалар, жумладан конларни ўзлаштириш соҳасини қўллаб-қувватлашга тайёр, деди у. Шу билан бирга, Афғонистон Олмаота ва Кобул ўртасида бизнес алоқаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган тўғридан-тўғри авиарейсларни тиклашга қизиқиш билдирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500