Карвонсарой

Марказий Осиёлик судланувчилар Россия куч тузилмаларини қийноқлар қўллашда айблади

Карвонсарой

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, Россия – 2017 йил апрелда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги метро портлашига алоқадор бир неча судланувчи Россия ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан қийноқларга дучор қилинганини айтди. Бу ҳақда чоршанба (3 апрель) куни Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) хабар берган.

Худкуш Акбаржон Жалилов 15 йўловчининг ўлимига сабаб бўлган. У ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқароси бўлган, дейди расмийлар. Сешанба (2 апрель) куни унга шерикликда айбланган 11 киши устидан суд жараёни бўлиб ўтди.

Даъволарга кўра, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари 11 кишидан тўрт нафарини қийноққа солган. Муҳаммадюсуф Эрматовнинг сўзларига кўра, унга нисбатан электрошокерлар қўлланилиб, Федерал хавфсизлик хизматларининг (ФСБ) «махфий қамоқхонасига» олиб борилган. Бу ҳақда россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Яна Теплицкая хабар берган.

Куч ишлатар тузилмалар Эрматовни 2017 йил апрель ойида қўлга олган, аммо бу факт ошкор этилгунига қадар у махфий жойда ушлаб турилган, деди у.

Эрматовнинг бошига қоп кийдиришган, уни калтаклашган, емаксиз ва сувсиз қолдиришган, деб қўшимча қилди Теплицкая.

Эрматов укаси Ибрагимжон ҳам қийноққа солинганини айтмоқда.

Яна икки судланувчи, ака-ука Аброр ва Акрам Азимовлар ҳам ҳибсга олинганларидан сўнг қийноқларга дучор қилинганликлари ҳақида хабар беишган.

Барча 11 нафар судланувчи Марказий Осиёлик бўлиб, собиқ Совет давлатлари фуқароларидир. Сешанба куни уларнинг бари айбсиз деб топилган.

Россия расмийлари бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаганлар.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Ғарб давлатларига кўра, Россияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан қийноққа солиш ҳолатлари кўп учрайди. Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантлар ҳукумат тарафидан бўлаётган таъқиб ва бошқа ҳақоратлар ҳақида тез-тез шикоят қилиб турадилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500