Карвонсарой

Қирғизистон бош вазири Қизил-Омпол уран конида олиб борилаётган ишларни тўхтатишга буйруқ берди

Карвонсарой

БИШКЕК – Қирғизистон бош вазири Мухаммедкали Абулгазиев Иссиқкўл вилоятидаги Қизил-Омпол уран конида олиб борилаётган геология-разведка ишларини тўхтатишга буйруқ берган, деб хабар қилади душанба (22-апрель) куни 24.kg нашри ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Душанба куни Абилгазиев уран конига оид ҳар қандай қарор ўтган йилнинг декабрь ойида тузилган ҳукуматлараро комиссия хулосасига кўра қабул қилинишини айтган. «Агар ушбу кон фаолияти аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар келтириши аниқланса, бу ерда конни ўзлаштириш ғоясидан воз кечишимиз керак бўлади. Агар бундай хавфлар мавжуд бўлмаса ва технологик жараён мутлақо хавфсиз бўлса, шунга мос қарор қабул қилинади.»

Ушбу қарор Қизил-Омпол конини ўзлаштириш режаларига қарши аҳолининг норозилиги кучайгани муносабати билан қабул қилинган. Иссиқкўл вилоятида мамлакатнинг асосий сайёҳлик масканларидан бири бўлган Иссиқкўл жойлашган. Akipress.com нашрининг душанба кунги хабарига кўра, 15 мингдан ортиқ киши ҳукуматдан уран конини ўзлаштириш тўхтатиш талаби билан онлайн-петиция имзолаганлар. Ташкилотчилар имзо тўплашни давом эттирмоқдалар.

Норозиликлар ўтган йил декабрь ойида бошланган. Кондаги геологик тадқиқотлар 2010-йилда бошланган.

Қирғизистондаги «UrAsia» корхонаси Канаданинг «Azarga Uranium» компанияси шўъбаси ҳисобланади ва 2020-йилнинг 31-декабрига қадар жойда қазилма ишлари олиб бориш лицензиясига эга. Уран қазиб чиқаришга яна бир даъвогар Россия бўлиб, март ойида Қирғизистондаги Қора-Болта тоғ-кон комбинатини (КБМП) модернизация қилиш ва Қизил-Омполдан қазиб олинган уранни қайта ишлаш бўйича Россиянинг «Central Asian Uranium Co. LLC» компанияси билан шартнома имзолаган.

Марказий Осиёликлар Совет Иттифоқининг минтақадаги уран конлари ва чиқиндихоналарни тозалашга қодир бўлолмагани ва бундан бош тортгани сабаб келиб чиққан ифлосланишни бартараф этиш учун халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган эдилар.

Олимлар ва экологларга кўра, Тожикистондаги айрим чиқиндихоналарда жангарилар олиб ишлатиши ва қўлбола бомбалар ясаши учун кифоя қиладиган радиоактив чиқиндилар бор.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500