http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/newsbriefs/2019/04/30/newsbrief-01

Қозоғистонлик полиция ходимлари ва чегара қўшинлари учун одам савдосига қарши кураш бўйича ЕХҲТ тренинги ўтказилди

Карвонсарой

ЧИМКЕНТ, Қозоғистон – Сешанба (30 апрель) куни Қозоғистонда одам савдоси каналларини аниқлаш ва бартараф этишни такомиллаштириш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан қозоғистонлик полициячилар ва чегара қўшинлари учун ташкил этилган тренинг якунланди.

Одам савдоси қурбонларини ноқонуний олиб чиқиш, олиб кириш ва ташишни тўхтатиш Чимкентдаги икки кунлик семинарнинг асосий мавзуси бўлди.

«Ислом давлати» (ИД) каби террорчилик ташкилотлари одам савдосидан ўз фаолиятини молиялаштириш ва гуруҳ сафига одам ёллаш воситаси сифатида фойдаланади. Биргина мисол, жангарилар сафига қўшилаётган эркаклар учун жинсий қуллар сифатида фойдаланиш мақсадида ИД Ироқдаги язидий хотин-қизларни ўғирлаган эди.

Семинар Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идораси, Қозоғистондаги АҚШ элчихонасининг наркотикларга қарши кураш ва ҳуқуқ-тартиботга фаолиятига оид халқаро ишлар бюроси ҳамда Қозоғистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда Чимкент шаҳри ҳамда Жомбой, Қизилўрда ва Туркистон вилоятларидан йигирма нафар полициячи, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) Чегара қўшинларнинг Онтустик бўлими зобитлари иштирок этишди.

Иштирокчилар «одам савдоси механизмлари, одам савдосини тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, одам савдосига қарши кураш бўйича халқаро ва миллий қонунчилик»ни ўргандилар, дейилади ЕХҲТ хабарида. Тренинг, шунингдек, «гумондорнинг вербал ва новербал хулқ-атворини чуқурлаштирилган тарзда психологик таҳлил қилиш методлари ва муайян хавф кўрсаткичларини аниқлаш усулларини» ҳам ўз ичига олди.

Йиғилиш иштирокчилари олинган билимларни мустаҳкамлаш мақсадида қатор амалий машғулотлар ўтказдилар, деб хабар беради ЕХҲТ.

Семинар ЕХҲТ дастурлари идорасининг Қозоғистонда одам савдосига қарши курашга кўмаклашиш ва ЕХҲТнинг одам савдосига қарши кураш бўйича ҳаракатлар режасини амалга оширишга оид чоралар доирасида ўтказилди.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha