Карвонсарой

Ўнлаб болалар Ироқдан Тожикистонга қайтарилди

Карвонсарой

ДУШАНБЕ – Тожикистон ҳукумати Ироқдан 84 нафар вояга етмаган болани ватанига қайтарди,идеб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси чоршанба (1 май) куни. Болаларнинг тожикистонлик оналари «Ислом давлати» гуруҳига алоқадорликда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаётган ёки судланаётган бўлган.

84 нафар бола ва ўсмир сешанба (30 апрель) куни кечқурун Душанбе аэропортига қўнган. Қариндошларига топширишдан аввал уларни тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган эди.

Расмий Душанбе болаларни қайтаришдаги кўмаги учун Қувайт ва Ироқ ташқи ишлар вазирликлари ҳамда ЮНИСЕФга миннатдорчилик билдирган.

Тожикистон ҳукумати келажакда хавфсизликка таҳдид юзага келиши эҳтимоли сабабли, тожик болаларини Ироқ ва Сурияда қолдириш ниятида эмаслигини бир неча бор баён қилган эди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ироқ қамоқхоналарида 43 нафар тожик аёли сақланмоқда. Ватанига қайтарилган 84 боладан ташқари, яна 11 нафар бола жазо муддатини ўтаётган онаси билан қамоқхоналарда қолган, деб хабар беради AsiaPlus.

Вазирликнинг хабар қилишича, ҳозирда ана шу қолган 11 нафар болани ҳам Тожикистонга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шу йили Тожикистоннинг Ироқ ва Қувайт давлатларидаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода Озодлик радиоси билан суҳбатда тожикистонлик айрим маҳбус аёллар фарзандларининг ватанига қайтарилишига розилик бермаганини айтган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500