Карвонсарой

USAID Oʻzbekistondagi taʼlim islohotlarini qoʻllab-quvvatlash uchun grant ajratadi

Karvonsaroy

ТОШКЕНТ – АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 19,5 миллион долларлик (165 миллиард сўмлик) грант ажратилишини эълон қилди, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги душанба (13 май) кунги баёнотида.

Мактабларни яхшилаш экстремистик ташвиқотга қарши чидамли ва маърифатли жамиятни барпо этишга кўмаклашади.

«Ушбу маблағлар мактаб бошқарувига, ўқув қўлланмаларни такомиллаштиришга ҳамда ўқитувчиларнинг мазкур ўқув қўлланмалардан таълим жараёнида фойдаланиш бўйича билимларини оширишга сарфланади», дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликка кўра, лойиҳа мактабларда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга кўмаклашади. Маблағлар, шунингдек, ахборот технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш ҳамда ўқувчиларнинг ахборот технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини оширишга сафарбар этилади.

«Таълим соҳасидаги муаммолардан бири ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини объeктив баҳолаш воситаларининг йўқлигидир», дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, USAID агентлиги кўмагида юртимиз умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида ўқиш ва матeматика (EGRA и EGMA) бўйича дастлабки баҳолаш ишлари олиб борилади. Ушбу тадқиқотлар болаларнинг билимидаги бўшлиқларни аниқлаш ва ушбу муаммоларни бартараф этишга ёрдам бeради.

Мазкур лойиҳа доирасида USAID агентлиги мактабларда замонавий таълим усулларини жорий этиш йўли билан инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришга қаратилган «English speaking nation» дастурини амалга оширишга кўмаклашади.

USAIDнинг бу гранти Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги мутасаддилари ва АҚШ ҳукумат расмийлари ўртасида 27 фeвраль куни Тошкентда имзоланган таълим соҳасини ислоҳ қилишга оид англашув меморандумига киритилган дастлабки лойиҳалардан биридир.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500