Карвонсарой

Нур-Султонда тинчликпарварлик технологияларига бағишланган БМТ симпозиуми бўлиб ўтади

Карвонсарой

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 28-31 май кунлари Нур-Султонда тинчликпарварлик технологиялари бўйича ҳамкорликка бағишланган 5-халқаро симпозиумни ўтказади. Бу ҳақда чоршанба (22 май) куни Казинформ нашри хабар берган.

Симпозиум давлатлар, академиялар ва халқаро ташкилотлар ўртасида тинчликпарварлик фаолияти самарадорлигини яхшилаш учун алоқа ўрнатиш майдони бўлиб хизмат қилади, дейилади мудофаа вазирлиги хабарида.

Тадбирда вазиятдан хабардорлик, қўлбола портловчи қурилмалар таҳдидларини бошқариш ва зарар таъсирини камайтириш, тинчликпарварлар хавфсизлигини таъминлашда технологик инновациялар каби мавзулар муҳокама қилинади.

Ўтган йил октябрь ойида Қозоғистон Ливандаги БМТ муваққат кучлари сафига 120 аскардан иборат тинчликпарварлар гуруҳини юборган эди.

Ҳозирда икки нафар қозоғистонлик зобит Ғарбий Саҳрои Кабирда БМТнинг референдум ўтказиш миссиясида ҳарбий кузатувчи сифатида хизмат қилмоқда.

2019 йил бошида Қозоғистондаги «Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик» ўқув марказида бутун дунё мамлакатлари ҳарбий хизматчилари учун БМТ тинчликпарварлик курслари ўтказилган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500