Европа Кенгаши раҳбарининг ташрифи чоғида Тожикистонда Google cайтларига кириш осонлашди

AFP

ДУШАНБЕ – Минтақа бўйлаб сафар қилаётган Европа Кенгаши (ЕК) раҳбари Дональд Тускнинг пайшанба (30 май) куни Тожикистонга ташрифи чоғида мамлакатда бир қатор машҳур вебсайтлар ва Google хизматларига қўйилган тақиқ олиб ташланган.

Туск Марказий Осиёнинг бошқа икка давлати – Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифи олдидан пайшанба куни Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан музокара ўтказган.

Туск Европа Кенгашининг раҳбари сифатида Европа Иттифоқи учун сиёсат йўналишларини белгилашга ҳисса қўшиб келмоқда. Ўз навбатида Европа Иттифоқи «Марказий Осиёда чегараларни бошқариш» дастури орқали минтақа чегаралари хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.

Аввалроқ, интернет фойдаланувчилари бир қатор янгиликлар сайтлари, Facebook, YouTube ва Google хизматларидан фойдаланишда муаммолар юзага келаётгани ҳақида хабар берган эдилар.

Google хизматлари шу ойда тожик қамоқхонасида юз берган қонли ғалаёндан сўнг ишламай қолган. Расмий маълумотларга кўра, мазку ҳодиса натижасида 35 киши, жумладан «Ислом давлати» (ИД) аъзоларидан бўлган 19 маҳбус ҳалок бўлган эди.

Сайтларга май ойи давомида кириб бўлмаган

Тожикистонлик фойдаланувчиларга кўра, Facebook ва YouTube Тускнинг ташрифигача бир ой давомида блокланган ҳолатда бўлган. Улар бу икки сайтга кириш учун мунтазам равишда айланиб ўтиш воситаларни ишга солишга мажбур бўлмоқдалар.

Бироқ, Тожикистондаги икки етакчи провайдер мижози бўлган фойдаланувчилар пайшанба куни бу сайтларнинг бари ишлаб кетганини айтганлар.

Фойдаланувчиларнинг айтишича, «Озод Европа»/«Озодлик» радиосининг тожик хизмати ҳам блокдан чиқарилган.

Апрель ойида «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти мамлакатдаги кам сонли мустақил янгиликлар сайтларидан бири бўлмиш «Азия-Плюс»нинг 5 ой давомида блокланганини маълум қилар экан, тожик ҳукуматини сайтларни блоклаш амалиётини тўхтатишга чақирган эди.

Интернет фойдаланувчиларига кўра, «Азия-Плюс» нашри Тускнинг ташрифи чоғида ҳам блокланган ҳолатда бўлган.

Тожикистон ҳукумати сайтларнинг блокланишини камдан-кам ҳолларда расман тан олса-да, 2013 йилда президент Раҳмон ўғлининг тўйида қўшиқ айтиб, рақсга тушаётгани акс этган видеолавҳанинг тарқалиб кетиши ортидан Youtube сайтига тўсиқ қўйилган эди.

Туск 31 май куни Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, иккала мамлакат раҳбарлари билан музокаралар олиб боришни мўлжаллаган.

Сизга мақола ёқдими?

0
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha