АҚШ савдо делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Карвонсарой

ТОШКЕНТ – АҚШ Савдо вазирлигининг Ўзбекистон учун расман тасдиқлаган савдо делегацияси жорий ҳафтада илк бор Тошкентга ташриф буюрди, деб хабар берди Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси сешанба (18 июнь) куни.

Миссия таркибидан 13 та Америка компаниясининг 30 га яқин вакили ўрин олган. Улар Ўзбекистондаги бизнес ва инвестиция муҳити билан танишадилар.

Делегация «General Electric», «Bechtel» ва «John Deere» каби йирик АҚШ компаниялари вакилларини ўз ичига олган.

«АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 2017 йилда қарийб 150 миллион доллар (1,3 трлн. сўм), 2018 йилда эса 300 миллион доллардан (2,6 трлн. сўм) ортиқни ташкил этиб, икки баравар ошган бўлса ҳам, тижорий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун зарур имкониятлар мавжуд», деб айтган АҚШ Савдо вазири Уилбур Росс элчихона хабарига кўра.

«Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий ислоҳотлари натижасида Ўзбекистоннинг иқтисодий қиёфаси жадал ўзгариб бормоқда», деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм. «Биз АҚШ ва Ўзбекистон хусусий секторлари ўртасида янада чуқурроқ ва кенгроқ муносабатлар ўрнатилишини қўллаб-қувватлаймиз.»

Ўзбекистоннинг энергетика, транспорт ва соғлиқни сақлаш вазирлари ўз соҳаларидаги инвестиция имкониятлари ҳақида тақдимотлар қилиб, савдо делегациясининг саволларига жавоб бердилар.

«Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикасининг стратегик ҳамкоридир. Ишончим комилки, бундай тадбирлар мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ҳамкорлик учун янги соҳаларни топишга ёрдам беради», деди Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов.

Сизга мақола ёқдими?

2
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha