Карвонсарой

Қозоқ шаҳарчасидаги ҳарбий қисм омборхонасидаги портлаш туфайли аҳоли тезкор эвакуация қилинди

Карвонсарой ва AFP

НУР-СУЛТОН – Душанба (24 июнь) куни Қозоғистон жанубидаги ҳарбий қисм омборхонасида юз берган бир қатор портлашлар сабабли 40 минг киши яшовчи шаҳарча аҳолиси эвакуация қилинди. Ўнлаб кишилар шифохонага ётқизилгани хабар қилинган.

Арис шаҳарчаси яқинида юз берган ҳодиса «омборхонадаги ёнғин ортидан келиб чиққан портлаш» туфайли юз берган, дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида. Расмийлари хавфсизлик важидан шаҳарча аҳолисини эвакуация қилганлар.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари осмонга кўтарилаётган тутун фонида ҳудудни тарк этаётган одамлар акс этган видеоларни тарқатишди.

Вазирлик хабарига кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Аммо Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати мамлакат жанубида жойлашган иккита касалхонадаги манбага асосланиб 50 дан ортиқ одам шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган.

Бир миллион кишилик аҳолига эга Чимкент шаҳридаги шифохонада уч киши оғир аҳволда, деб хабар берган Озод Европа радиоси.

Душанба куни шаҳарча «тўлиқ» эвакуация қилинади, деди Арис жойлашган вилоят раҳбари.

«Юз бераётган ҳодиса кўламини инобатга олиб, шаҳарни тўлиқ эвакуация қилиш зарурлигига амин бўлмоқдамиз», деб айтган Туркистон ҳокими Умирзак Шукеев Tengrinews нашри хабарига кўра.

Nur.kz нашрига кўра, мудофаа вазири ўринбосари Тимур Дандибаев воқеа сабаблари ўрганилишини айтган.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев вазиятни шахсан назорат остига олиш учун воқеа жойига етиб борган, деб хабар берган вазирлик.

Ёнғинни бартараф этиш учун ҳарбийлар ва Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг Туркистон бўлими ходимлари сафарбар этилган, деб хабар берган Фавқулодда вазиятлар қўмитаси.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500