Карвонсарой

ЕХҲТ ва БМТ биологик қуролга қарши чораларни ишлаб чиқишда Марказий Осиё давлатларига ёрдам беради

Карвонсарой

БИШКЕК – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) чоршанба-пайшанба (26-27 июнь) кунлари Бишкекда Марказий Осиё мамлакатларининг биологик қурол қўлланишига қарши жавоб чоралари кўриш қобилиятини такомиллаштиришга қаратилган икки кунлик семинар ўтказади. Бу ҳақда ЕХҲТнинг чоршанба (26 июнь) кунги баёнотида сўз боради.

«Биологик қурол қўлланишига тайёргарлик ва унга қарши чора кўриш учун миллий, минтақавий ва халқаро миқёсдаги салоҳиятни мустаҳкамлаш» деб номланган семинар БМТнинг қуролсизланиш масалалари бўйича идорасининг Биологик қуролга оид конвенция (BWC) ижросини таъминлаш бўлими, ЕХҲТ ва Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда BWCга аъзо Марказий Осиёнинг тўрт мамлакати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва давлат cектори вакилларидан иборат 45 та делегат иштирок этди.

Тадбирда БМТнинг қуролсизланиш масалалари бўйича идораси (UNODA), ЕХҲТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти ва Европа Иттифоқининг кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар таъсири хатарларини камайтириш маркази, шунингдек, Россия ва Белоруссиядан келган мутахассислар қатнашди.

Иштирокчилар фаол ўқув машғулотлари давомида 4 та мавзули гуруҳларга бўлинган ҳолда, биологик қурол қўлланишига тайёргарликнинг турли унсурларига оид муайян масалалар, жумладан, касалликлар авж олиши устидан эпидемиологик назорат ва эпидемиология, саводхонлик ва хабардорликни ошириш, соҳалараро ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик каби йўналишларда иш олиб бордилар.

Давра суҳбатлари давомида иштирокчилар қарорлар қабул қилиш механизмлари ва жараёнлари, шунингдек, мамлакат миқёсида фавқулодда вазиятни келтириб чиқариши мумкин бўлган шартлар ва ҳолатлар ҳамда бундай ҳолларда кўриладиган чоралар ҳақида фикр юритдилар.

Тадбир қатнашчилари томонидан 6-7 август кунлари Женевада ўтадиган BWC экспертлари кенгашининг ёрдам кўрсатиш, чора кўриш ва тайёргарлик масалаларига бағишланган мажлисига кўмаклашувчи тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500