АҚШ элчиси Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда бермоқда

Карвонсарой

ТОШКЕНТ – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм чоршанба (10 июль) куни Тошкентда илк бор оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида чиқиш қилди. У 9 май куни қасамёдга келтирилган эди.

Элчи АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар «ҳар қачонгидан ҳам аъло» эканлигини қайд этиб, ўз фаолияти давомида амалга оширишни режалаштираётган беш вазифани санаб ўтди.

Ушбу вазифалар хавфсизлик соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим, маданий, илмий ва ишбилармонлик соҳаларида икки томонлама алмашинувни кенгайтириш ва АҚШ компанияларини Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишга рағбатлантиришни ўз ичига олади.

«Мен Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришни истайман», деди Розенблюм. «Бу нафақат умумий мақсадимиз бўлган Афғонистонда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни, балки зўравонлик экстремизми, трансчегаравий жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва бошқа таҳдидларга қарши курашдаги ҳамкорликни ҳам англатади.»

У Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги йилларда мажбурий меҳнатни камайтириш ва диний эркинликларни мустаҳкамлаш борасидаги ютуқларини алоҳида эътироф этган.

У «Америка компанияларига Ўзбекистонда ўз маҳсулот ва сервисларини сотиш ҳамда фойдали инвестиция киритишдаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ёрдам беришини» айтган.

Розенблюм «келгуси ўн йилликларда икки буюк халқларимиз ўртасидаги муносабат равнақ топиши учун алоқалар тармоғини» барпо этишга бор кучини ишга солишини маълум қилган.

Сизга мақола ёқдими?

1
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha