Карвонсарой
Аёллар ҳуқуқлари

Қирғизистонда ҳижоб ўраган аёллар мусулмонларга оид стереотипларга қарши

Муаллиф: Аскер Султанов

Комила Ўрозбоева, 12 ёш, Бишкекдаги камончилик клуби машғулотлари чоғида, октабр. Август ойида ўз тенгдошлари орасида Қирғизистонда ўтказилган миллий мусобақаларда бронза медалига сазовор бўлган. [Аскер Султанов]

Комила Ўрозбоева, 12 ёш, Бишкекдаги камончилик клуби машғулотлари чоғида, октабр. Август ойида ўз тенгдошлари орасида Қирғизистонда ўтказилган миллий мусобақаларда бронза медалига сазовор бўлган. [Аскер Султанов]

БИШКЕК -- Дунёвий ҳаёт тарзига амал қилувчи кўпгина Қирғизистон фуқаролари кўз ўнгида Ислом жамият, иқтисод ва ҳаётнинг бошқа соҳаларида аёллар ўрнини чеклайдигандек бўлиб кўринади.

Лекин бундай қарашлар ҳижоб ўраган Қирғиз аёлларининг тадбиркорлар, иш бошқарувчилар ва спорт чемпионларига айланаётгани туфайли ўзгариб бормоқда.

Ислом оламидаги аксар мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида жинсий ажратиш деб аталувчи муаммо мавжуд бўлиб, у касбларни «эркакларники» ва «аёлларники»га ажратишда намоён бўлади. Шунингдек, бу муаммони аёллар учун иш ва таълим даражаси эркакларникига нисбатан пастроқ даражада эканлигида ҳам кўриш мумкин, дейди Қирғиз аёллари ҳуқуқини ҳимоя қилувчи «Мукталлим» нодавлат ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек қизи.

Шунга қарамай, муваффақиятга эришган муслима аёллар Қирғизистонда бундай стереотипларга барҳам бермоқда.

Опа-сингил Ўрозбоевалар

Бишкеклик опа-сингил Ўрозбоевалар - Рофия, Омина ва Комила ўзларини диндор деб ҳисоблайдилар; улар беш вақт намоз ўқийдилар, ҳижоб ўрайдилар ва Ислом арконларига амал қилиб яшайдилар.

Шу билан бир вақтда улар таҳсил оладилар, ишлайдилар ва Қирғизистон учун ноёб бўлган спорт тури - камончилик билан шуғулланадилар.

Опа-сингилларнинг каттаси - 26 яшар Рофия исломий эътиқод унинг ҳаётдаги ўрнини яхшилашга ёрдам беришини ва Ислом унинг ўз устида ишлаши ҳамда ривожланишига ҳеч қандай тўсиқ қўймаслигини айтади.

«Қўлимдан келмайди» деб аталувчи чегарани босиб ўтишингиз билан имкониятларингиз битмас-туганмас эканлигини тушунасиз, дейди у Карвонсарой нашри билан суҳбатда.

Бир йилча аввал 21 ёшли Омина узоқ излаб Бишкекда камончилик клубини топди ва опаси Рофия билан машғулотларга қатнай бошлади. Кейинроқ, уларнинг сафига синглиси, 12 яшар Комила ҳам қўшилди.

«Болалигимдан куч-қувватга тўла қиз эдим ва турли хил ишларга қизиқардим», – дейди Омина Карвонсарой нашрига. «Диндор оила аъзоларим эса мени ҳамиша қўллаб-қувватлаган».

«Рўмол ўрашимиз бизга камондан ўқ отиш машғулотлари чоғида халақит бермайди», – деди Рофия.

Август ойида опа-сингиллар Қирғизистонда камондан ўқ отиш бўйича халқаро мусобақада иштирок этдилар.

«Динга эътиқод қилишим менга тенгдошларим билан мулоқот қилишга, туғилган кунлар ёки шунга ўхшаш бошқа байрамларга боришимга тўсқинлик қилмайди» - дейди 10 ёшида ҳижобга кирган Комила Карвонсарой нашрига. - «Шу йил ёзда мен камончилик бўйича мамлакат биринчилигида бронза медал соҳибаси бўлдим.»

Муслима аёллар тадбиркорлик билан машғул

Бишкеклик Маҳабат Алимқулова ўзининг ўта диндор эканлиги, ҳижоб ўраши ва беш фарзандини Ислом арконлари бўйича тарбиялашини айтади.

Бир вақтнинг ўзида у кийим-кечак, китоблар, атир-упа ва бошқа маҳсулотлар савдоси бўйича ўз бизнесига ҳам эга.

«Мен нафақат диндорлар, балки турли инсонлар билан мулоқотда бўламан» деди у Карвонсарой нашри билан суҳбатда. «Ислом гўёки аёллар ҳуқуқига қатъий чекловлар қўйиши, уларга фақат уй бекаси бўлишга рухсат бериши ҳақидаги стереотиплардан, очиғи, жуда ажабланаман».

Ислом аёлларнинг таълим олиши ёки фуқаролик ҳаётига ҳеч қандай тўсиқлар қўймайди, дейди у.

«Қирғизлар орасида ҳаётнинг турли соҳаларида фаол иштирок этувчи муслима аёллар кўп», – деди у. «Бу ишлар барчанинг кўз ўнгида содир бўлмагани боис, уларни кўпчилик билмайди».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500