ЎШ, Қирғизистон -- Ўш вилоятидаги янги ташкил этилган меваларни қайта ишлаш заводлари ва музхона омбори фермерларга ўз маҳсулотларини олдингига қараганда афзалроқ шартларда сотиш ва четга экспорт қилиниши мумкин бўлган қайта ишланган мева-сабзавотларни яратиш имконини беради, деб айтишмоқда ҳиссадорлар.
Иккита мева қуритиш заводи йилига 1000 тоннадан зиёд маҳсулотни қайта ишлаш имконини беради, янги омборхонада эса 40 тоннагача олма сақлаш мумкин бўлади, дейилади 13 ноябр куни Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси томонидан тарқатилган баёнотда.
Баёнотда айтилишича, қайта ишлаш заводларини қуриш учун АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) бир нечта фермерлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилган.
«Қайта ишлаш корхоналарининг фаолияти 2000дан ортиқ маҳаллий оилаларга фойда келтиради, зеро улар ўз ҳосилларини сақлаш ёки қайта ишлаш учун сотилшлари мумкин бўлади», дейди Ўшлик тадбиркор аёл Айсалқин Максутова.
«USAID ёрдами шарофати билан улар ҳосилни қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш имконини берувчи замонавий ишлаб чиқариш дастгоҳлари билан жиҳозланди», деди у Карвонсарой билан суҳбатда.
Янги қайта ишлаш заводлари меваларни мураббо, компот, шарбат, ширали мевалар ва бошқа маҳсулотлар кўринишида қуритиш ва қайта ишлаш имкониятига эга бўлади, деди у.
«Умуман олганда, ушбу ҳаракатлар кичик фермерларнинг даромадларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳаллий ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятини тақдим этиш орқали орттириш мақсадини кўзлаган.
Бу ҳол шунингдек истеъмолчиларга ҳам пишиқчилик мавсумидан ташқарида мева маҳсулотларини тановул қилиш имконини тақдим қилади», деди у.
Маҳаллий ва халқаро қўллаб-қувватлов
USAIDнинг иккита қайта ишлаш заводига кўмаги заводларни модернизация қилиш, ускуналарни ўрнатиш, халқаро сифат назорати тизимини жорий қилиш ва техник ёрдамни ўз ичига олган.
Оржемил МЧЖ томонидан юритилаётган заводлардан бири «шафтоли, олхўри, гилос каби тез айнийдиган ва бозорда янги узилган ҳолда сотиш учун тўғри келмайдиган қаттиқ меваларни қайта ишлайди», дейилади элчихона баёнотида. У йилига 600 тонна мева маҳсулотларини ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлади.
«Қуритилган меваларни ишлаб чиқарувчи иккинчи корхона Адвантех МЧЖ эса ўзининг Ўзгандаги янги заводидан маҳсулот ишлаб чиқаришни йилига 500 тоннага етказиш учун фойдаланади», деб айтилмоқда ушбу баёнотда.
Қирғиз ҳукумати ҳам маҳаллий фермерларга ёрдам беришга эътибор қаратмоқда, деб Карвонсарой билан фикрини ўртоқлашди Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирининг ўринбосари Эркинбек Чодуев.
Маҳаллий банклардан имтиёзли кредит олган фермерлар сонининг ўсишига олиб келган ҳукумат лойиҳасининг амалга оширилиши туфайли бу йил Қирғизистон томонидан қилинадиган экспорт ҳажмининг ортиши кутилмоқда, деди у.
«Бундан буён биз маълум сабабларга кўра экспорт қилинмасдан қолиб кетадиган ҳосилимизнинг бир қисмини йўқотмаймиз», деб сўзлади у.
Қишлоқ хўжалигида «Катта ўзгаришлар»
Ўш вилоятининг Қорасув туманида истиқомат қиладиган фермер Фахриддин Қосимов бу йил у экспорт қилишни мўлжаллаб қўйган шафтоли ва узумнинг ҳосили мўл бўлганини сўзлаб берди.
«Аммо йиғиб олинган ҳосилни бузилмасидан экспорт қилиш учун биз транспорт ва бошқа хизматлар учун яхшигина ҳаражат қилишимзга тўғри келади», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Шу сабабли менга бундан буён ҳосилимни қайта ишлаш заводларига бозор нархида сотиш фойдали бўлади».
«Бу соҳада катта ўзгаришдир», деди Карвонсарой билан суҳбатда Бишкеклик тадбиркор Дониёр Тайчабаров.
«Авваллари, фермерлар йиғиб олган ҳосилларини қаерда сотишни билмай бошлари қотар эди», деди у. «Масалан, шунақа ҳолатлар ҳам бўлар эдики, олма ҳосилининг учдан бир қисми уй ҳайвонларига озуқа сифатида ишлатиб юборилар эди».
Мева-сабзавотларни қайта ишлаш заводлари ва музхона омборлари қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини орттиради, деди Тайчабаров.
«Олдинлари, ўрикнинг 80% қўшни Тожикистонга арзон гаровга экспорт қилинар эди ёки олча ва гилосларнинг деярли барчаси четга арзон нархларга сотилар эди», деди у.
«Энди эса фермерлар ўз мевали дарахтлардан иборат боғларини кенгайтиришни бошладилар», деди у. «Фермерларга маҳсулотларини янги қайта ишлаш заводларига сотиш даромад келтиради».