Карвонсарой
Дин

Таҳлилчилар: Қирғизистонда ислом дини кенгайишда давом этар экан, диндорларни тўғри йўлга бошлаш талаб этилади

Аскер Султанов

Мусулмонлар жума намозини адо этишмоқда, Бишкек шаҳри, октябр ойи. Масжид барча намозхонларни сиғдиролмади. [Аскер Султанов]

Мусулмонлар жума намозини адо этишмоқда, Бишкек шаҳри, октябр ойи. Масжид барча намозхонларни сиғдиролмади. [Аскер Султанов]

БИШКЕК -- Диний уламолар ва таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, ислом динини чуқур англаш қирғиз фуқароларининг радикаллашувининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Асосий муаммо Қирғизистонда кўп кузатиладиган ҳолат, яъни диний таълимнинг паст даражада эканлигидадир, деди Диний масалалар бўйича давлат қўмитасининг (ГКДР) собиқ раис ўринбосари ва Бишкек шаҳридаги Ислом тадқиқотлари институти эксперти Қанатбек Мурзаҳалилов.

Қирғизистон 74 йиллик Советлар тизимидаги мажбурий атеизмдан сўнг (1917-1991), бу масалада исломий эътиқод тарихи бузилмаган мамлакатларга қараганда орқада қолиб кетди.

Радикал ташкилотлар ушбу саводсизликдан ўзларининг бузғунчи мақсадларини олға суришда фойдаланишмоқда, деди у Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ислом билан... шунчаки турли хил дарсларга қатнаш орқали юзаки даражада таниш бўлган шахслар радикаллашувга кўпроқ мойил бўладилар», деди у. «Ислом ҳақида чуқурроқ билимга эга бўлган қирғизлар зарарли радикал таъсирларга бардошли бўладилар, сабаби улар исломни чуқурроқ ўрганганлар».

«Мадраса битирувчилари .... ёки Қирғизистондаги 90 дан ортиқ турли хил диний таълим муассасаларини битирганлар исломни чуқурроқ ўрганганлар тоифасига киради», деди Мурзаҳалилов.

Аммо, мамлакатимизда «ўзини мусулмон санаб лекин ислом дини талабларини бажармайдиган инсонлар тоифаси ҳам мавжуд», дея қўшимча қилди у.

Исломни яхши тушунувчи диндорлар миқдори уни юзаки даражада билувчилар билан солиштирганда озчиликни ташкил қилади.

«Ислом динини чала-чулпа ўрганганлар шариат қонунлари ёки ҳадисларни чуқур билмайдилар ва шу сабабли масжидга қатнаб беш вақт намоз ўқишларига қарамасдан радикаллашувга осон берилиб кетадилар», деди у.

Мусулмонлар сони ва хилма-хиллиги ортмоқда

Ички ишлар вазирлигига кўра мамлакатда 2600 та масжид бор, уларнинг 68%и мамлакатнинг асосий қисми қишлоқлардан иборат ва диндорлар сони кўпроқ бўлган жанубда жойлашган.

Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка Университетида 15 ноябр куни қилган чиқишида, америкалик тадқиқотчи, «Қирғизистонда ислом» номли китоб муаллифи Давид Монтгомери - «Ислом арконларини адо қилишда хилма-хиллик пайдо бўлди ва Қирғизистонда кўпгина мусулмонлар ҳаракатлари вужудга келди», дея сўзлади.

«Айрим инсонлар исломнинг барча амалларини бажарадилар, беш вақт намоз ўқийдилар, бошқалари эса айрим амалларни бажариш билан чекланишади», деди Монтгомери.

Бишкеклик 30 ёшли Султон Муратов пойтахтда мусулмон диндорлар сони ортиб бораётганини таъкидлади. Унга кўра, уларнинг миқдори шунчалик кўпайганки, жума намозларида шаҳарнинг Марказий масжиди одамлар билан тўлиб, жой етмаганидан одамлар кўчада намоз ўқимоқдалар.

«Мен ўзимни мусулмон деб биламан. Гоҳида масжидга бораман... аммо умуман диндор эмасман, мен спиртли ичимликлар ичаман ва сигарет чекаман», деди у.

«Диндор мусулмонлар сонининг сезиларли даражада ўсгани қувонарли ҳолат, тобора кўпчилик ёшлар тўғри йўлга оёқ қўймоқдалар», дейди Карвонсарой билан суҳбатда Бишкекда яшовчи тадбиркор, 10 йилдан бери ислом динига қатъий амал қилувчи Тариел Малашев.

«Аммо, биз уларни тўғри таълим бериш орқали экстремистик ғоялардан ҳимоя қилишимиз керак», деди Малашев.

«Ислом давлати» (ИД) ва бошқа «жиҳодчи гуруҳлар исломни намоён қилмайдилар», деди у. «Улар ҳатто тўғри намоз ўқишни билмайдилар, исломнинг асосий арконларини ҳам англамайдилар».

Экстремистик тажовузга қарши курашиш

Экстремистик ташкилотлар томонидан тинимсиз тажовузга қарамасдан, давлат радикаллашув ва террорчиликка қарши самарали кураш олиб бормоқда, деди Мурзаҳалилов.

«Октябр ойидаҚирғизистонда ўтган президент сайловлари радикал ҳаракатлар сайлов жараёнига аралашмаганини намойиш қилди», деду у.

Тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир гуруҳи одатда президент ва парламент сайловларида қатнашар ва айрим номзодларни қўллаб-қувватлар эди, деди у.

«Октябр ойида ўтган сайловда эса бу ҳолатларнинг ҳеч қайси бири кузатилмади ва бу ҳукумат томонидан диний уламолар билан бирга огоҳликка чақириш ва профилактика ишлари ўз самарасини бераётганидан дарак беради», деди у.

Аммо, яна кўп ишлар қилиниши лозим, дея фикрида давом этди у. Қонунни муҳофаза қилувчи органлар ўз эътиборларини экстремистик қарашлар кенгроқ тарқалган жуғрофий минтақаларга қаратмоқлари лозим.

«Биз Ўш вилоятидаги Қорасув, Араван, Нокат ва Қадамжой туманларида, Жалолобод ва Иссиқкўл вилоятлари, Ўш ва Бишкек шаҳарларида тизимли профилактика ишларини олиб боришимиз лозим», деди у.

«Юқоридаги ишларни амалга оширишда экстремизм ёйилган нуқталарни кўрсатувчи интерфаол харитадан фойдаланиш муҳим», деди у. «Бу ишда имомлар бажарадиган вазифа жуда муҳимдир».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Куфрларга "ислом давлати" керак бўлмагани каби, мусулмонларга ҳам "давлат исломи" керак эмас. Ислом давлат қонунлари асосида эмас, балки давлат ислом қонунлари асосида яшаши лозим.

Жавоб бериш