Карвонсарой
Саломатлик

Жаҳон Банки Қирғизистон қишлоқларига тоза ичимлик суви етказиб бермоқчи

Жаҳон Банки

Чок қишлоғидаги болалар сувни каналдан эшакларга юклаб олиб келишлари учун уч соатча вақт кетади. (Жаҳон Банки гуруҳи)

Чок қишлоғидаги болалар сувни каналдан эшакларга юклаб олиб келишлари учун уч соатча вақт кетади. (Жаҳон Банки гуруҳи)

ЧОК, Қирғизистон – Жаҳон Банки Қирғизистон ҳукумати билан биргаликда мамлакатнинг чекка ҳудудларида жойлашган қишлоқларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш устида ишламоқда.

Халқаро молия институти Қишлоқларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария ҳолатини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 59,5 миллион АҚШ доллари (4,1 миллиард қирғиз соми) ажратди, лойиҳа Ўш, Чуй ва Иссиқкўл вилоятларида жойлашган 90 та қишлоқни сув билан таъминлайди ва бундан 207 минг нафар маҳаллий аҳоли бевосита манфаатдор бўлади.

Лойиҳа қишлоқ аҳолиси, айниқса аёллар, ёш болалар ва ҳимояга муҳтож бошқа аҳоли қатламларининг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда қишлоқ жойларда сув орқали турли касалликлар тарқалишини камайтиришга қаратилган.

Ичимлик сувисиз ҳаёт

Чок қишлоғи Фарғона водийсининг Қирғизистонга қарашли чекка қисмида жойлашган, бу ерлик одамларнинг кўпчилиги Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун кетган. Қишлоқда қолган аҳоли эса буғдой ва пахта етиштириш билан шуғулланади.

Фарзандларини зарарли сувдан асраш мақсадида, Чокда яшовчи ота-оналар уларга қайнатилган сувни бутилкаларга солиб беришади. (Жаҳон Банки гуруҳи)

Фарзандларини зарарли сувдан асраш мақсадида, Чокда яшовчи ота-оналар уларга қайнатилган сувни бутилкаларга солиб беришади. (Жаҳон Банки гуруҳи)

Совет даврида, тоза ичимлик суви Қирғизистон қишлоқларига тиргак қувурлар орқали етказиб берилган. Аммо, Чок қишлоғи суғориш каналларидаги сувга қарам бўлиб қолаверди. Маҳаллй аҳолининг айтишича, ҳаддан ташқари шўр ер ости сувлари туфайли қудуқ қазиш бефойда, адирлар сабаб эса тоғлардан тоза сув учун қувур ётқизиш қийин масала бўлиб келган.

2017-йилда Чок қишлоғидаги вазият 1987-йил ёки ҳатто 1957-йил билан деярли бир хил. Аҳоли қўшни қишлоқдаги суғориш каналидан ёки қишлоқ кўчалари бўйлаб ўтадиган ариқлардан сув олади.

Аёллар ва болалар энг кўп азият чекмоқдалар

23 ёшли Гулкан тўрт нафар фарзанднинг онаси. Ҳар куни тонгда у суғориш ариғидан сув ташиб келади.

Канал ва ариқлардаги сув лойқа ва айтишларича, унинг таркибида пестицидлар бор, аммо аёллар унда идиш ва кирларни ювишади, уни ҳатто егулик тайёрлаш учун ҳам ишлатишади.

«Мен шу қишлоқда туғилиб ўсганман, тоза ичимлик сувининг йўқлиги мен учун оддий ҳолат», дейди Гулкан.

«Кутилмаганда меҳмонлар келиб қолса ёки уйда сув қолмаса, болаларни ўқишдан қолдириб, сув олиб келишга юбораман», деди чоклик Гулканнинг қўшниси Момун Ҳасеков.

Бу болалар саломатлигига ҳам таъсир қилмоқда.

Гулканнинг икки яшар ўғли бир неча ойлардан бери ичбуруғдан азият чекади. «Бу ичадиган ва қўлимизни ювадиган сув сабабли бўлса керак», дейди Гулкан.

Эртак ҳақиқатга айланганда

Маҳаллий қишлоқ йиғини раиси Таалайбек Туйибаевнинг айтишича, Жаҳон Банки томонидан молиялаштириладиган «Олатоу Булоғи» номли қишлоқлардаги сув таъминоти ва санитария дастури асосида, ҳукумат уй-жойларга тоза ичимлик суви етказиб беради.

Қувурлар тармоғи 30 км узоқликда, тоғлар орасида бошланади ҳамда ҳар бир хонадон ўлчагичлар орқали ичимлик суви билан таъминланади.

«Шубҳасиз, қишлоғимизга тоза ичимлик суви келса, эртак ҳақиқатга айлангандек бўларди», деди Туибаев қишлоққа ташриф буюрган Жаҳон Банки жамоасига.

(Ўз веб-саҳифасида кўрсатилган шартларга мувофиқ, Жаҳон Банки гуруҳи ушбу мақоладан фойдаланишга рухсат беради)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500