Карвонсарой
Терроризм

Сурияда ҳалок бўлган жангариларнинг фарзандлари Қозоғистонга қайтадилар

Александер Богатик

Видеодан олинган тасвирда Қозоғистонлик болалар Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) ўқув лагерларида машғулот ўтаётгани кўрсатилган. Жангариликда айбланган қозоғистонлик Нурхон Сейткали 2014 йилнинг сентябрида видеони интернетга жойлаштирган эди. (Скриншот Александер Богатик томонидан олинган)

Видеодан олинган тасвирда Қозоғистонлик болалар Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) ўқув лагерларида машғулот ўтаётгани кўрсатилган. Жангариликда айбланган қозоғистонлик Нурхон Сейткали 2014 йилнинг сентябрида видеони интернетга жойлаштирган эди. (Скриншот Александер Богатик томонидан олинган)

ОСТОНА – Қозоғистон ҳукумати Сурияда ҳалок бўлган қозоғистонлик жангариларнинг фарзандларини уйга қайтариш чораларини кўрмоқда.

«Биз уларга оддий болалик ва нормал ҳаётни қайтариб беришимиз керак», дейди Таразда жойлашган Беибит Аспан (Тинч осмон) номли нодавлат ташкилоти раиси Руслан Сексенбаев.

«Болалар қочқинлар лагерларида. Уларни зудлик билан ватанларига қайтариш учун барча чораларини кўришимиз керак», деди у Карвонсарой нашрига.

«Сурияда террорчилар сафида курашган кўплаб қозоғистонликларҳалок бўлганлар, лекин уларнинг фарзандлари қолиб кетган» дейди Ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизмати бўлими раҳбари Ардак Мадиев Карвонсарой нашрига. «Биз ваколатли органлар билан бирга бундай болаларни излаб топиб, ватанга қайтариш режасини ишлаб чиқмоқдамиз.»

Аммо бу ҳаракатлар айниқса, ёш болаларнинг Қозоғистондан эканликларини айтишга қийналганликлари сабаб янада мураккаблашади.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар

Сурияда оташкесимни қўллаб-қувватловчи кафил давлатлар делегациялари ўртасидаги сўнгги музокаралар 21-22 декабр кунлари Остонада шаҳрида бўлиб ўтганди.

Остона ҳукуматининг хабар беришича, музокараларда кўтарилган масалалардан бири – Сурияда қолиб кетган қозоғистонлик болаларни ватанларига қайтариш бўлган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) хабарига кўра, Сурия ва Ироқда 16 ёш ҳамда ундан кичик бўлган 390 га яқин болалар ҳимоясиз қолган.

«Биз билган болаларнинг ҳаммаси тирик ёки йўқлигини аниқ айта олмаймиз», деган эди КНБ раиси ўринбосари Нургали Билисбеков декабр аввалида Tengri News нашрига.

«Ҳозирга қадар ҳукумат 63 нафар болани уйига қайтарди, яна 50 та бола ватанга қайтиши кутилмоқда», деди у.

Ватанга қайтган заҳоти бу болалар билан Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Таълим ва фан вазирлиги реабилитация ва дерадикализация тадбирларини ўтказади.

Реабилитация ва дерадикализация

Болаларнинг фикрлашини ўзгартириш осон, тинч ҳаётга қайтганларидан сўнг, улар «худди бошқа болалар каби ўсиб-унадилар», дейди Шимкентлик психолог Инна Болшакова.

«Болалик даврида кўрган машаққатларига ҳамда келажакда «террорчиларнинг фарзандлари» деган тамға босилиши мумкинлигига қарамай, улар оддий ҳаётга қайтишлари ҳамда мутаассиб бўлмай, балки ҳурматга лойиқ фуқаро бўлиб етишишлари мумкин», деди у Карвонсарой нашрига.

«Бошларидан кечирганларини ҳисобга олиб, улар билан нафақат реабилитация, балки дерадикализация тадбирларини ўтказиш зарур», деди у. «Бу жуда муҳим қадам, сабаби улар ўлдириш, қуролли «жиҳод» қилиш каби фикрлар таъсирида бўлишган. Ўгил болаларга қизларни ҳақорат қилиш ва бошқа радикал қарашлар мажбуран сингдирилган.»

Махсус тайёргарликдан ўтган руҳшуносларнинг болалар билан қизиқарли суҳбат ўтказиши ҳамда оддий болалик қувончларига тўла тинч ҳаётга қайтиш дерадикализациянинг энг самарали усулларидир, деди у.

«Ота-оналари ҳалок бўлганига қарамай, оддий ҳаётга қайтишлари, ота-оналари қисматини такрорламасликлари – уларнинг бахтидир», деб қўшимча қилди у

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500