ТОШКЕНТ – АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистонга ўзининг экспорт салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш борасидаги 20 йиллик орзусини амалга оширишга ёрдам беради, деб тахмин қилмоқда кузатувчилар.
«ЖСТга аъзолик Ўзбекистонга янги бозорлар ва имкониятларни очиши, бу эса ниҳоят СССР қулаган вақт, яъни 1991 йилдан бери давом этиб келаётган яккаланиш даврига барҳам бериши мумкин», дейди Карвонсарой билан суҳбатда тошкентлик иқтисодчи Шукурулло Мавлонов. «АҚШ каби нуфузли давлатларнинг ёрдами ушбу жараённи сезиларли даражада осонлаштириши мумкин».
Ўзбекистоннинг ЖСТга бўлган эҳтимолий аъзолиги йўлидаги ҳаракат минтақа учун нисбатан кеч ҳисобланиши мумкин. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аллақачон ушбу ташкилот аъзолари ҳисобланади.
Яккаланишдан чиқиб кетиш
Ўзбекистон 1994 йилдан бери ЖСТга киришга уриниб келмоқда, аммо унинг узоқ муддат давлат раҳбари бўлган Ислом Каримов бошқаруви давридаги яккаланишдан иборат иқтисодий сиёсати мамлакатнинг ташкилот аъзолигига қабул қилинишини ортга сурган.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш учун Каримов ҳукумати кўп маҳсулотлар учун юқори тарифларни ушлаб турган ва миллий валюта сўмнинг конвертациясини қаттиқ чеклаб қўйган.
Бу каби чекловлар мамлакатнинг эркин савдога асосланган ЖСТга аъзолигини хомхаёлга айлантирган эди, деди Мавлонов.
Каримов 2016 йилда оламдан ўтди.
«Хатоларни тузатиш учун ҳали анча иш қилишимиз лозим», деди Мавлонов. «(АҚШ каби) ривожланган давлатларнинг кўмаги жуда ҳам зарур».
АҚШ билан ҳамкорлик
АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича савдо вакили Марк Линскоттнинг 14 декабр куни Тошкентга амалга оширган ташрифи АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишда давом этаётганидан дарак беради.
Ташриф чоғида Линскотт Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги (ТСВ) расмийлари билан учрашув ўтказиб, унда ЖСТга қўшилиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
«АҚШ делегацияси Ўзбекистонга ЖСТга қўшилиш жараёнидаги техник муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз ёрдамини аямаслигини билдирди», дейилади 14 декабр кунги ТСВ баёнотида.
Томонлар «ушбу масалаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ходимлари ва АҚШнинг савдо ваколатхонаси офиси билан доимий алоқа ўрнатишга келишиб олди», дея қўшимча қилди ТСВ.
Ўз ёрдамини таклиф қилган яна бир давлат Жанубий Корея бўлиб, у Ўзбекистон билан анча ривожланган иқтисодий алоқаларни ўрнатган. Бунинг сабабларидан бири Ўзбекистонда кўплаб этник корейсларнинг яшаётганидир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 ноябр куни иқтисодий муносабатларни муҳокама қилиш учун Сеулга қилган сафари чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш нияти борлигини расман эълон қилганди.
Ўша куннинг ўзида, Мирзиёев ва Жанубий Корея Президенти Мун Жае-ин Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш учун қилаётган ҳаракати борасидаги ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.
Келишувга кўра, Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишининг оқибатларини баҳолашга ва Ўзбекистон қонунларининг ЖСТ талабларига қанчалик жавоб беришини ўрганишда ёрдам беради. Келишув, шунингдек, Жанубий Кореянинг ўзбек вазирликлари ва идораларига маслаҳат ва бошқа турдаги кўмагини назарда тутган, дея Мирзиёевнинг матбуот хизматидан иқтибос келтирган ҳолда хабар берди Gazeta.uz.
АҚШ билан яхшиланиб бораётган савдо алоқалари
Сентябрь ойида АҚШ билан иқтисодий муносабатлар янги чўққиларни забт этди.
Мирзиёев бошқариб борган Ўзбекистон делегацияси 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон бизнес-форумида 2,6 миллиард долларга тенг (20,9 триллион сўм) шартномаларни имзолади.
Мирзиёев форумни «кўлами бўйича беқиёс» деб атади.
АҚШ Савдо вазирлиги хабарига кўра, 2015 йилда Ўзбекистонга қилинган экспорт АҚШда 400 ишчи ўрнини яратди. Савдо кўлами кичик ҳажмлардан бошланган бўлсада, у анчайин тез ривожланмоқда – АҚШнинг Ўзбекистонга экспорти 2006 йилдан 2016 йилгача 490% ошди.
2016 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 349 миллион долларга (2,8 триллион сўм) тенг бўлди.
Даҳшат, зўр
Жавоб беришФикрлар 1