Карвонсарой
Атроф-муҳит

Жаҳон Банки Марказий Осиёга иқлимий хавф-хатарларга тайёр туришга ёрдам бермоқда

Жаҳон Банки

Кучли сел туфайли пиёдалар сўқмоқлари ювилиб кетганидан сўнг, Барсем қишлоғи аҳолиси тик ва хавфли қиялик бўйлаб ҳаракатланмоқда. (Жаҳон Банки гуруҳи)

Кучли сел туфайли пиёдалар сўқмоқлари ювилиб кетганидан сўнг, Барсем қишлоғи аҳолиси тик ва хавфли қиялик бўйлаб ҳаракатланмоқда. (Жаҳон Банки гуруҳи)

ДУШАНБЕ – Тожикистоннинг Помир тоғларида жойлашган кичик қишлоқ – Барсемдаги вазият таҳликали тус олиб бормоқда.

Бундан 2 йилча аввал, тўсатдан юз берган ёғингарчилик ва қорларнинг эриши сабабли юзага келган кучли сел оқими қишлоқни шип-шийдон қилганди. Табиий офат натижасида 82 та оила бошпанасидан айрилди, қишлоқ бир неча ҳафтага маҳаллий электр узатиш тармоқларидан узилиб, «Помир шоссеси» халқаро транзит йўлидаги ҳаракат тўхтаб қолди.

Бундай офатлар Марказий Осиёда тез-тез содир бўлиб туради. Тожикистоннинг 36 фоиз ҳудуди ер кўчиши хавфи остида. Қирғизистон ҳудуди эса кўчки хавфига мойил бўлиб, 1990-2009 йиллар ўртасида 330 та кўчки юз берган.

Ушбу чекка ҳудудларда тоғ шароитидаги таҳдидлар қашшоқлик, инфратузилманинг заифлиги ва ресурсларнинг озлиги сабабли янада кучайган.

Яқин ўн йилликлар давомида минтақада экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайиши кутилмоқда.

Аср охирига бориб, Марказий Осиё минтақасида ҳарорат Цельсий бўйича 6 даражагача кўтарилади. Ҳавонинг бу каби исиши натижасида, 2050 йилга бориб, Марказий Осиё тоғларидаги музликларнинг учдан бири эриб битиши мумкин, бу эса ушбу ҳудуд аҳолисини хавф остида қолдириб, қийинчилик билан эришилган тараққиётни яна ортга суради.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, чидамлиликни мустаҳкамлаш

Жаҳон Банкининг Марказий Осиёда гидрометеорологияни модернизация қилиш лойиҳаси давлатларни келажакдаги хатарларга тайёрлаш мақсадида минтақада об-ҳавони башорат қилиш қобилиятини ва олдиндан огоҳлантириш ҳаракатларини кучайтирди. 2011 йилда тасдиқланган лойиҳа жорий йилнинг июнь ойида якунланади.

Бу ҳаракатлар, айниқса, минтақадаги хавфга мойил икки давлат – Тожикистон ва Қирғизистон учун аҳамиятли. Бу икки давлат ҳудудининг 90 фоизи тоғлар билан қопланган.

Жаҳон Банки ва Табиий офатларни камайтириш ва унинг оқибатларини тиклаш бўйича глобал фонд томонидан молиялаштирилган, 28 миллион АҚШ долларига тенг мазкур инвестиция минтақада етишмаётган гидрометеорология хизматларини кучайтириш ва иқлимий хавфларга оид ахборотни ишлаб чиқишга қаратилган.

Лойиҳа замонавий ишчи станциялари, автоматлаштирилган кузатув тармоқлари, сунъий йўлдош маълумотларидан ва сонли об-ҳаво башоратидан фойдаланиш имконияти каби сўнгги техник жиҳозлар билан таъминлади, шу билан бир қаторда иштирокчилар учун махсус тренинглар ўтказилди.

Мазкур янгиланишлар натижасида, Қирғизистон ва Тожикистонда об-ҳавони прогноз қилиш аниқлиги 20-30 фоизга ошди.

Хавф-хатарларга оид янада аниқроқ маълумотларни қўлга киритиш орқали, минтақа мамлакатлари экстремал об-ҳаво шароитларини яхшироқ прогноз қила олиш ва ўз вақтида зарурий чоралар кўриш имконига эга бўладилар. Табиий офат хавфи бўлган ҳудудлардаги аҳолини эвакуация қилиш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ва эҳтимолий зарарни минималлаштириш шулар жумласидандир.

Узоқ муддатли истиқболда, қарор қабул қилувчи шахслар инфратузилма соҳасидаги муҳим сармоявий лойиҳаларни янада самаралироқ режалаштиришлари мумкин. Ушбу соҳа Марказий Осиё учун жуда муҳим, сабаби бу ердаги эскирган инфратузилма етарлича хизмат кўрсатилмагани ва давомли табиий офатлар таъсирида тобора ёмонлашиб бормоқда.

Иқлимга оид маълумотлар сифатининг яхшиланиши, бошқа соҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам фойда келтиради. Зеро, ушбу соҳа ноқулай об-ҳаво шароитларига ўта таъсирчандир.

Вегетация даврлари, атмосфера ёғинлари, дўл ёғиши ёки момақалдироқ эҳтимолига оид аниқ прогнозлар фермер хўжаликларининг иш унумдорлиги ва даромадининг ошишига ёрдам бериши мумкин. Бу қишлоқ хўжалиги 60 фоиздан зиёд аҳолининг асосий даромад манбаи ҳисобланган Тожикистон каби мамлакатлар учун ўта муҳимдир.

Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам ночорликка барҳам бериш бўйича сезиларли натижаларга эришди: бир неча ўн йил давомида бу борадаги кўрсаткич 75-80 фоиздан 35-40 фоизгача тушди.

Шунга қарамай, барқарорликни оширишга йўналтирилган салмоқли инвестицияларсиз, ўзгарувчан иқлим муаммолари Барсем каби тоғли ҳудудлар аҳолисини яна қашшоқликка қайтариши мумкин.

(Жаҳон Банки гуруҳи ўзининг http://www.worldbank.org/terms манзилидаги веб-саҳифасида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга ижозат берган).

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500