Карвонсарой
Бағрикенглик

Кузатувчилар: Қирғизистон экстремизмга қарши курашда ижобий натижаларга эришмоқда

Аскер Султанов

Қирғиз мусулмонлари 25 июнь, Рамазон ҳайити куни Бишкек шаҳрида намозни адо этмоқда. (Вячеслав Оселедко/AFP)

Қирғиз мусулмонлари 25 июнь, Рамазон ҳайити куни Бишкек шаҳрида намозни адо этмоқда. (Вячеслав Оселедко/AFP)

БИШКЕК – Қирғизистон ҳукумат идоралари, нодавлат ташкилотлари ва руҳонийлари ўтган йилда экстремизмга қарши курашда ижобий натижаларга олиб келган турли чора-тадбирларни амалга оширди, дейди хавфсизлик бўйича таҳлилчилар.

«2017 йилда бирорта ҳам террорчилик ҳаракати содир этилишига йўл қўйилмади», дейди бишкеклик хавфсизлик бўйича таҳлилчи ва Аксилтеррор нодавлат ташкилоти раиси, истеъфодаги генерал-майор Артур Медетбеков.

«Бунга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган разведка ишлари ва жамиятнинг фаоллиги натижасида эришилди», деди у Карвонсарой нашрига. «Жамият мазкур таҳдидга қарши курашишга тайёр… ва бу жиддий масала эканлигини тушуниб етган.»

Терроризмга қарши курашдаги муваффақият

2017 йилда Қирғизистон экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича ҳукумат дастурини жорий этди, дейди Бишкекдаги хавфсизлик ва диний ишлар бўйича таҳлилчи Иқболжон Мирсаитов.

«Бу дастур экстремизм ва терроризмга қарши курашда иштирок этаётган барча ҳуқуқ-тартибот органлари, фуқаролик жамияти ва бошқа идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича илк ҳаракат бўлди, деди у Карвонсарой нашрига.

«Албатта, дастур айрим тузатишларга муҳтож, аммо энг муҳими – томонлар вазифалар ва асосий чораларни ишлаб чиқдилар» деди у. «Уларни амалга оширса бўлади. Бу вазифалар эришиб бўлмайдиган нарсалар эмас.»

Ўтган йили ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва маҳаллий ҳукумат идоралари кўмагида Дин ишлари бўйича давлат комиссияси (ГКДР) радикаллашувнинг олдини олиш мақсадида мамлакат бўйлаб минглаб тадбирларни ўтказди, дейди ГКДР раисининг биринчи ўринбосари Зокир Чотаев.

«Биз тизимли ўзгаришларни жорий қилдик ва динга оид янги қонунни ишлаб чиқдик», деди у Карвонсарой нашрига. «Халқаро майдонда дин эркинлигини рағбатлантирувчи дунёвий давлат моделини тарғиб қилиш масаласини кўтариб чиқдик.»

Шу билан бирга, ўтган йили ГКДР 56 та мактабда диншунослик фанини жорий этди, дейди Чотаев.

Жумладан, Карвонсарой нашри аввалроқ айрим қирғиз мактабларида янги «Диний маданият тарихи» дарси ўқув дастурига киритилгани ҳақида хабар берганди.

«2018 йил сентябрь ойидан бошлаб, Қирғизистоннинг барча мактабларида диний фанларни жорий қилишни режалаштирмоқдамиз», дейди Чотаев. «Профилактик ҳаракатларимиз ўз самарасини бера бошлади ва кўпчилик дин арбоблари биз дунёвий давлатда яшаётганимизни тушуна бошладилар. Бу ишлар давом этиши ва кучайтирилиши керак.»

«Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳаракатлари туфайли, 2017 йил бирорта ҳам қирғиз Яқин Шарққа кетмагани билан эътиборли бўлди», деб қўшимча қилди у.

Радикаллашув таҳдиди сақланиб қолмоқда

Ютуқларга қарамай, Қирғизистонда радикал ташкилотларни қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бормоқда, деб огоҳлантирди Медетбеков.

«Ишсиз, ўқимаган ёшлар таъсирчанроқ ва экстремистларнинг мафкуравий манипуляциясига мойилроқ», дейди у.

«Кўп ҳолларда, айниқса, охирги 2-3 йил ичида ёшларимиз иш излаб МДҲ мамлакатлари, жумладан Қозоғистон, Туркия ва Яқин Шарққа кетишган, у ерда уларнинг кўпчилиги экстремистлар таъсирига тушиб, турли жангари гуруҳларга қўшилиб қолишган», дейди у.

Медетбеков расмий маълумотларга асосланиб, чет элда 700га яқин қирғиз жангарилар сафида жанг қилаётганини айтиб ўтди.

Унинг айтишича, ҳукумат кўплаб экстремистик мадраса ва ташкилотлар жойлашган Покистон, Туркия, Иордания ёки Мисрга кетган фуқаролар фаолиятини кузатишга қодир эмас ва бу унинг заиф томонлардан биридир.

Қирғизистон «у ерларда нечта фуқаро таълим олаётгани ва улар нималарни ўрганаётгани»ни билиш имкониятига эга эмас, дейди у.

Яна бир бошқа йўналиш, бу –веб-сайтлар орқали Марказий Осиё мамлакатлари, айниқса Қирғизистонга«экстремистик ғояларнинг экспорт қилиниши», дейди у.

«Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари билан солиштирганда, Қирғизистонда интернетга кириш имкониятлари чекланмаган», дейди у. «Бир неча минг террорчи ва экстремистик веб-сайтлар аҳолини манипуляция қилиш учун замин яратмоқда.»

Экстремизмга қарши курашни кучайтириш

Экстремизм ва радикаллашувга қарши курашишни даъво қилувчи бир қатор нодавлат ташкилотлар «буни қандай қилиб амалга оширишни билмайди», дейди Мирсаитов.

«Биз ким билан курашаётганимизни ва оммани нимага жалб қилаётганимизни билишимиз керак», дейди у.

Қирғизистон Сурия ва Ироқдан қайтиб келаётган собиқ жангариларни реабилитация қилиш бўйича давлат дастурини жорий қилиши керак, дейди у.

«Биз ўз фуқароларимиз ва уларнинг фарзандларига ватанга қайтиш ҳамда ижтимоий, сиёсий ва диний реабилитациядан ўтиш учун имкон яратиб беришимиз керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500