Карвонсарой
Бизнес

Ўзбекистон ўз ташаббусларини инновациялар ва хорижий инвестицияни рағбатлантиришга қаратмоқда

Максим Енисеев

Thundermark Capital компаниясининг венчур ҳамкори Зафар Мирзалиев 10 январь куни Тошкентда Мирзо Улуғбек инновация маркази (MUIC) аъзолари учун ўтказган тақдимоти чоғида.

Thundermark Capital компаниясининг венчур ҳамкори Зафар Мирзалиев 10 январь куни Тошкентда Мирзо Улуғбек инновация маркази (MUIC) аъзолари учун ўтказган тақдимоти чоғида.

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон тадбиркорликни ривожлантириш ва чет эл сармояларини жалб этишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Парламент томонидан 20 февралгача қабул қилиниши керак бўлган «Инновация фаолияти тўғрисидаги» қонун лойиҳаси «2018 йил фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» ҳукумат дастури билан боғлиқ. Дастурнинг жамоатчилик муҳокамаси 5-15 январь кунлари бўлиб ўтди ва ҳаракатлар режасининг якуний лойиҳаси 20 январь куни эълон қилинди.

Ахборот технологиялари ва бошқа инновацион ёки тадбиркорлик соҳаларидаги манфаатдор томонлар ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар.

«Интеллектуал мулк ривожланаётган давлатларнинг гуллаб-яшнаши учун имкониятдир. Ўзбекистоннинг янги ҳукумати бу имкониятдан фойдаланмоқчи», дейди Тошкентда жойлашган «IWT Soft» дастурий таъминот компаниясининг менежери Нурилла Алимов Карвонсарой нашрига.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ватандошлар ва америкалик ўзбеклар билан учрашуви чоғида. (Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ватандошлар ва америкалик ўзбеклар билан учрашуви чоғида. (Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати)

Ҳукумат собиқ фуқароларни ватанга қайтишга чақирди

Ҳукумат чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистонда туғилган эмигрантлар ушбу дастурни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди, деб умид қилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (АТКРВ) 9 ноябрь куни хорижда истиқомат қилаётган ва ишлаётган ўзбекистонликларни ватанга қайтиб, мамлакатнинг АКТ соҳасини ривожлантиришга чақирди. Уларни рағбатлантирувчи омиллар қаторида юқори иш ҳақи, тадқиқотларини молиялаштириш, ипотека дастурлари ҳамда бошқа имтиёзлар бор.

«Ҳозирги кунда Ўзбекистонда АКТ соҳасидаги мутахассислар ва компютер муҳандислари жуда кам», деди Алимов. «Юқори даражадаги тажрибали менежерларга ҳам талаб катта.»

Ўтган йил сентябрь ойида АҚШга ташрифи чоғида,президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда у ердаги ўзбекистонликлар ва ўзбек диаспораси аъзолари билан учрашдиҳамда уларни ўз ватанларига қайтишга ва унинг равнақига ҳисса қўшишга чақирди.

«Мен ватанимиз равнақига ҳисса қўшишни истаган чет элдаги ватандошларимизни Ўзбекистонга таклиф қиламан», деди у 20 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашув чоғида. «Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва бундай ҳамкорликни ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман.»

АҚШда ишлаётган ўзбек мутахассисларини излаб

Ўтган йили Тошкентда ташкил этилган Мирзо Улуғбек инновация маркази Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантиришни режалаштирмоқда.

10 январь куни марказ Американинг «Thundermark Capital» венчур капитал жамғармаси ҳамкори, тошкентлик Зафар Мирзалиев билан учрашув ўтказди. Бу фонд Нью-Йорк ва Сан-Франциско шаҳарларида жойлашган бўлиб, сунъий идрок, робототехника ва компьютерни ўрганиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.

Учрашув иштирокчилари бизнес ташаббусларни ривожлантириш ва илгари суришга оид масалаларни муҳокама қилдилар. Баъзилар ўзлари ишлаб чиққан ғояларни тақдим этдилар.

«Бошқа томондан, биз Марказий Осиё минтақаси бозорини ва маҳаллий стартапларни ўрганмоқдамиз ва жамғармамиз фаолиятига мос соҳаларда истиқболли ҳодисаларни излаяпмиз», деди Мирзалиев MUIC матбуот хизмати хабарига асосан.

«Бошқа томондан», – давом этди у, – «Мен Ўзбекистон фуқароси сифатида ахборот-коммуникация соҳаси ривожи учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман ва муваффақиятли деб кўрилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ниятидаман».

ИТ-стартапларни қўллаб-қувватловчи ва ўзининг 147 аъзосига солиқ имтиёзларини тақдим этувчи Мирзо Улуғбек инновация маркази (MUIC) март ойида марказда Thundermark Capital делегацияси ва раҳбарлари билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистондаги бизнес муҳитни яхшилаш

Хорижий мутахассислар Ўзбекистонда инвестиция бозорини ривожлантиришга кўмак бериши мумкин.

10 январь куни Жаҳон банки миссияси билан учрашув чоғида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Жаҳон банкидан венчур капитали экотизимини яратишда ҳамкорлик қилишни сўради. Томонлар ушбу масалада фикр алмашинувини давом эттиришга келишиб олди.

«Хорижий инвесторлар, жумладан, АКТ соҳасидаги компаниялар ҳам Ўзбекистонга келишдан чўчир эдилар, бунга мамлакатнинг имижи асосий сабаб эди», деди Карвонсаройга тошкентлик иқтисодчи Шукурулло Мавлонов.

«Фойдани инвесторнинг мамлакатига олиб чиқиш асосий муаммо эди. Авваллари валютанинг эркин конвертацияси йўқлиги сабаб бу имконсиз эди», – деди у.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати эркин конвертацияни очганидан сўнг, кўпчилик мамлакатимизга эътибор қаратди, бироқ улар ислоҳотларга тўла ишона олмаяптилар» деди у. «Имижимизни яхшилаш узоқ вақт талаб қиладиган жараёндир».

Ўзбекистон корхоналарини хориж бозорларига олиб чиқиш

Ўзбекистонлик тадбиркорлар хориж бозорларига чиқишга интилмоқда ва Америка компаниялари уларга ёрдам бериши мумкин, дейди расмийлар.

Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси вакиллари 13 январь куни Американинг Amazon компаниясида ишловчи Ўзбекистон фуқароси Шоҳрух Жўраев билан учрашди.

Жўраев ўзбекистонлик аёлларнинг Amazon орқали қай тарзда савдо қилишлари мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

АКТРВ вакиллари ҳам қатнашган Тошкентдаги учрашув иштирокчилари Ўзбекистон қонунчилигида самарали ҳамкорликка тўсиқ бўлаётган камчиликлар, жумладан, PayPal билан ишлаш имкони йўқлигини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистонда UzCard миллий тўлов тизимини халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур технология ҳали бутун мамлакат бўйлаб жорий этилмаган бўлса-да, ўтган йилнинг 30 июнь куни UzCard тизимида илк бор MasterCard транзаксияси амалга оширилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500