Карвонсарой
Иқтисодиёт

Европа банки Қозоғистонда кичик бизнес учун кредит олишни осонлаштиради

Ксения Бондаль

Қозоғистонлик эркак яйлов бўйлаб отда сайр қилмоқда, 10 июль. ЕТТБ мамлакатда кичик бизнесни кредитлашни осонлаштириш бўйича янги лойиҳани ишлаб чиққан. (Франк Фифе/AFP)

Қозоғистонлик эркак яйлов бўйлаб отда сайр қилмоқда, 10 июль. ЕТТБ мамлакатда кичик бизнесни кредитлашни осонлаштириш бўйича янги лойиҳани ишлаб чиққан. (Франк Фифе/AFP)

ОЛМАОТА – Қароргоҳи Лондонга жойлашган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Қозоғистонга кичик бизнесни кредитлаш усулларини ривожлантиришга кўмаклашмоқда, деб маълум қилди банк вакиллари.

ЕТТБ бош банкири Николас Друденинг сўзларига кўра, Қозоғистонда кичик бизнеснинг кредитга бўлган талаби ва амалда тақдим этилган кредитлар ўртасида катта тафовут мавжуд.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, ушбу тафовут 47 млрд. долларни (15,2 трлн. тенге) ташкил қилади, деди у.

«Қозоғистондаги молиявий муассасалар – банклар ва микрокредиторлар учун умумий кредит портфели тахминан 9,5 млрд. долларни (3,1 трлн. тенге) ташкил қилади», деди Друде Карвонсаройга. «Бу мамлакатдаги барча кредиторлар кичик бизнес корхоналарига жами 9,5 млрд. доллар кредит тақдим этгани, бироқ, кичик бизнес қўшимча 47 млрд. долларлик (15,2 трлн. тенге) кредитга муҳтож эканини англатади.»

Олмаотадаги интернет фойдаланувчиси RSBP веб-сайтини текширмоқда, 31-январь (Ксения Бондаль)

Олмаотадаги интернет фойдаланувчиси RSBP веб-сайтини текширмоқда, 31-январь (Ксения Бондаль)

Қозоғистон иқтисодиёти банк кредитлари ажратишда қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, деди 25 январь куни журналистларга Остонада Қозоғистон миллий банки раиси Данияр Акишев.

«Банкларимиз томонидан бир йил ичида тақдим этилган кредитлар ҳажми ўзгармаган ва 2017 йил январь ойидаги ҳолатида, яъни 12,7 трлн. тенге (39,3 млрд. АҚШ доллари) ҳажмида сақланиб қолмоқда», деди у.

Кичик бизнес корхоналарини кредитлар билан таъминлаш

30 январь куни ЕТТБ томонидан 4 йилга мўлжалланган Марказий Осиёда кичик бизнесни ривожлантириш (RSBP) минтақавий дастури ишга туширилганди. Ушбу лойиҳа минтақанинг барча мамлакатларида амалга оширилади, унинг бош офиси Олмаотада жойлашади, деди Друде.

Микро, кичик ва ўрта бизнес корхоналарини энг замонавий билимлар ва ахборот билан таъминлашга қаратилган ушбу дастурни амалга оширишда ЕТТБ миссияси ҳамкор компаниялар билан ишлайди.

Қозоғистонда ЕТТБ ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган Тадбиркорликни ривожлантириш фонди DAMU билан ҳамкорлик қилади. Дастур тўлалигича Германиянинг IPC (Internationale Projekt Consult GmbH) консалтинг компанияси томонидан амалга оширилади.

Дастур доирасида ЕТТБ молия ташкилотлари ходимларига кичик бизнес компанияларини қандай қилиб тегишли кредитлар билан таъминлаш ўргатилади.

«Илк босқичда биз кичик бизнесни молиялаштириш бўйича Европанинг илғор тажрибасини Марказий Осиё ва Қозоғистонга олиб киришга ҳаракат қиламиз», деди Друде.

Тренинг машғулотларини IPC мутахассисларидан иборат жамоа олиб боради, деди у ва Қозоғистондаги 20 та молия институти ушбу таълим дастурига қизиқиш билдирганини қўшимча қилди.

Лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилгани сабабли тренинг бепул бўлади.

Гап қарздорларнинг тегишли баҳолашлари, кредитларни сотиш ва келажакда ушбу қарзларни узиш ҳақида кетмоқда, деди Карвонсаройга ЕТТБ молиявий институтлар департаментининг минтақадаги раҳбари Жорж Орлов.

Кредитлаш соҳасида инновация ва технологияларни қўллаш

Қозоғистонда кичик бизнес соҳасининг молия институтлари билан ишлаш усуллари эскирган, дейди RSBP менежери ва IPCнинг молиялаштиришни ривожлантириш бўлими раҳбари Марга Шек.

«Шубҳасиз, рақамлаштириш молия ташкилотлари учун бизнес моделларини ўзгартиради», деди у Карвонсаройга. «Бизнинг RSBP дастуридаги иштирокимиз рақамли таълимни олиб боришга кўмаклашишдан иборат. Муҳокама форуми кичик бизнесни кредитлаш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиёдаги ҳамкасбларимиз учун махсус ташкил этилмоқда».

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир банк ёки микрокредитор бизнесни ривожлантириш бўйича ўзининг ички дастурига эга, бироқ RSBPнинг афзаллиги шундаки, у бир неча мамлакатда амалга оширилади ва энг яхши халқаро тажрибани ўзида жамлаган.

Бу узоқ кутилган дастур, деди Олмаотадаги CenterCredit банкининг корпоратив молия бўйича раҳбари Мурат Нургазин.

«Банклар кредит мутахассислари малакасини ошириш устида доим мустақил равишда иш олиб борган», деди у Карвонсаройга. «Эндиликда бу ЕТТБ шафелигида, марказлашган ҳолда амалга оширилади. ЕТТБ молия соҳасида катта халқаро тажрибага эга ва бу Қозоғистон банк сектори учун жуда муҳимдир».

ЕТТБ тренинги CenterCredit банкининг ҳозирги ва бўлажак ходимлари учун мажбурий талаблардан бири бўлади, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500