Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ Қирғизистон мактабларини соғлом озуқа билан таъминлайди

Арман Калиев

image

Боткент вилояти, Лейлек туманидаги мактабда соғлом таомдан сўнг, қирғиз болалари юзига табассум югурган, 2017 йил, декабрь. (Раҳм-шафқат корпуси)

БИШКEК – Қирғизистондаги минглаб мактаб ўқувчилари АҚШнинг қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) томонидан амалга ошириладиган «McGovern-Dole Food for Education and Child Nutrition 2017-2021» дастури орқали соғлом озиқ-овқат билан таъминланадилар.

Америка элчихонаси Қирғизистонда АҚШ ҳомийлигидаги озиқ-овқат дастури «юз минглаб» болаларни қамраб олишини айтсада, «McGovern-Dole Food» дастурининг ўзи 92000 болага озиқ-овқат етказиб беради.

Бишкекдаги Америка элчихонаси маълумотларига кўра, АҚШ ҳукумати Қирғизистондаги мактаб ва боғчаларда озиқ-овқат таъминоти ва саводхонликни яхшилаш учун 1 миллиарддан зиёд қирғиз сўми (14,7 миллион АҚШ доллари) ажратди.

Қирғиз мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва меҳрибонлик уйларини тўйинтирилган буғдой, гуруч ва сариёғ билан таъминлайдиган дастур 6 февралдан расман иш бошлаган.

image

Боткент вилояти, Лейлек туманидаги мактаб ошпази ўқувчилар учун озиқ-овқат билан тўлдирилган омборхонада. 2017 йил, декабрь. (Раҳм-шафқат корпуси)

АҚШ элчихонаси баёнотига кўра, қирғиз ўқувчиларини тўйимлироқ тушлик билан таъминлаш режалаштирилмоқда. «Шу билан бирга, дастур болаларнинг саломатлиги ва таълим олиш қобилиятини мактабгача ёшда яхшилашга эътибор қаратади, бунда ҳомиладор ва эмизикли аёллар, гўдаклар ва мактабгача ёшдаги болалар учун турли озиқланиш дастурлари таклиф этилади.»

Дастурнинг асосий ғояси соғлом витаминлар ва микроэлементлар билан бойитилган тўйимли озуқа ёрдамида ўқувчиларнинг ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

“Mercy Corps («Раҳм-шафқат корпуси») нодавлат ташкилоти ва дастур ижрочиси бўлган Save the Children («Болаларни асранг») халқаро хайрия ташкилоти, дастур асосида хизмат кўрсатилаётган жамоалар кейинчалик ҳомийлик тадбирларини ўзлари ёки бошқа манбалар, масалан, ҳукумат ёки маҳаллий аҳоли кўмагида давом эттира олишларини таъминлаш устида ишламоқда”, деб хабар беради элчихона.

Болаларни соғлом ва иссиқ таом билан таъминлаш

Салтанат Мукамбетова Норин вилояти, Қора-Саза қишлоғида жойлашган Сагинбай Орозбаков номидаги мактабда ошпаз бўлиб ишлайди. У ўз малакасини ошириш мақсадида «Меҳр-шафқат корпуси» томонидан ташкил этилган ўқув курсларида таҳсил олди. Бу курслар унга болалар қандай озиқланиши кераклиги ҳақида яхшироқ тушунча берди.

«Биз соғлом ва фойдали овқат тайёрлаяпмиз», деди у Карвонсарой нашрига. «Биз манний ёрмасидан тайёрланадиган оддий бўтқани буғдой бўтқасига алмаштирдик. Энди бўтқага қайнатилган сабзи ёки қовоқ қўшиб, уни янада бойитмоқчимиз.»

«Раҳм-шафқат корпуси» дастурига асосан, бизга замонавий ускуналар ўрнатиб беришди ва энди ишлаш анча енгиллашди,” деди у ва ёрдам учун америкалик хайриячиларга миннатдорчилик билдирди.

Иссиқкўл вилоятининг Теплоключенка шаҳридан бўлган биология ўқитувчиси, 42 ёшли Асел Мамбетова тўрт нафар фарзанднинг онаси; уларнинг уч нафари мактаб ўқувчиларидир.

У вақт ва пул етишмаслиги сабаб, фарзандларини сифатли озиқ-овқат билан таъминлашга қийналиб қолганини айтади.

«Болалар қуруқ чой ичиб, оч-наҳор мактабга кетишарди», деди у Карвонсарой нашрига. «Энди бундан хавотир олмасам ҳам бўлади; улар мактабда мевалар ва ферментланган сутли ичимликлар билан иссиқ овқат еяптилар.»

«Тўлақонли озуқа болаларга овқат ҳақида ўйламай, дарсларни яхшироқ ўзлаштиришга имкон беради», дейди у.

Ёрдам мактабларда тушлик учун ажратилган бюджетни тўлдиради

Ўқувчиларни юқори сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш Қирғизистон таълим тизимидаги энг катта муаммоларидан бири бўлган.

Ўтган йилларда бюджет танқислиги сабабли мамлакат таълим тизими ҳар бир ўқувчининг таоми учун атиги 14 қирғиз сўми (тахминан 20 АҚШ сенти) ажратган эди.

Маблағ етишмаслиги расмийларни мактаб овқатлари сифатини пасайтиришга мажбур қилди, дейди Бишкек шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Таълим кенгаши раиси Нурлан Бойгулов.

«Озиқ-овқат нархи ошгани сабабли, бўтқа ва шўрва етказиб бериш қийинлашди», деган эди у 2016 йил сентябрда Knews.kg нашрига. «Биз бир стакан чой ёки компот ва кулчадан иборат менюга ўтдик.»

Халқаро донорларнинг кўмаги билан, бу борадаги вазият яхшилана бошлади.

Ўтган йил март ойида «Раҳм-шафқат корпуси» ва бошқа халқаро хайрия ташкилотлари кўмагида Қирғизистон ҳукумати бошланғич мактабларда иссиқ овқат билан таъминлашни қайта йўлга қўйди. Бу ҳақда Таълим ва фан вазири Гулмира Худайбердиева «Новые лица» газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Ўша пайтда 2218 та мактабдан 788 таси ўқувчиларни юқори сифатли тушлик билан таъминлар эди.

АҚШ Қирғизистон мактабларига ёрдам беришда давом этади

АҚШ ҳукумати Қирғизистон ёшларига озиқ-овқат ёрдамини кўрсатиш бўйича ўз тарихига эга.

2010 йил октябрь ойида USDA маҳаллий мактабларга 3,2 миллион АҚШ доллари (217 миллион қирғиз сўми) ажратиб, уларга 670 тонна озиқ-овқат етказиб беришга кўмаклашди.

Соғлом озиқ-овқат, жумладан, бойитилган буғдой, гуруч ва сариёғ Mercy Corps («Раҳм-шафқат корпуси») томонидан бутун мамлакат бўйлаб муҳтож мактаблар, боғчалар ва меҳрибонлик уйларига тарқатилмоқда.

АҚШ ҳукумати қирғиз болаларига 2001 йилда ҳам шундай ёрдамни тақдим этганди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Булар генетик модификация қилинмаган маҳсулотлар эканига ишончингиз комилми? Улар бизга бепуштлик, саратонга сабаб бўлувчи нарсаларни етказиб беришлари ҳам мумкин...

Жавоб бериш