https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/02/22/feature-01
| Бизнес

«Тараз» уюшмаси қозоқ ва қирғиз тадбиркорларига муваффақият сирларини ўргатади

Александр Богатик

image

Жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис ва блоггер Алишер Еликбаев 12 февраль куни «Тараз бизнес уюшмаси» томонидан ташкиллаштирилган «LEVEL UP» форумида бизнес бошлаш қандай қилиб мамнунлик ҳисси ва каттагина даромад келтириши мумкинлиги ҳақида сўзламоқда. (Александр Богатик)

ТАРАЗ, Қозоғистон – «Тараз бизнес уюшмаси» бизнес эгалари ва ёш тадбиркорларга муваффақиятли бизнес юритишга кўмаклашиш учун форумлар орқали уларга сабоқ беришни режалаштирмоқда.

12 февраль куни уюшма «LEVEL UP Тараз 2018» бизнес-форумини ўтказди. Муваффақиятга эришган қозоғистонлик бизнес эгаларининг маърузаларини тинглаш учун Таразга Қирғизистон ва Қозоғистондан 900 га яқин иштирокчи ташриф буюрди.

Форум эндигина иш бошлаган ишбилармон эркак ва аёлларга ўз билимларини ошириш, компанияларини ривожлантириш ва ўз мамлакатларининг иқтисодий барқарорлигига ҳисса қўшишларига кўмаклашишни мақсад қилган.

Иштирокчилар қозоғистонлик тадбиркорлар, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар ва блоггерларнинг сўзларини тингладилар.

Олмаоталик тадбиркор Қуаниш Шонбай китоб сотиш ортидан қандай қилиб катта даромадга эришганини сўзлаб берди. Ҳозир у Қозоғистон бўйлаб бир нечта ресторанларга эгалик қилади.

Сўзга чиққанларнинг баъзилари бизнесда аёл кишиларнинг ролини алоҳида урғу берган бўлса, бошқалар коррупцияга қарши кураш, инвестиция ва тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш муҳимлигини таъкидладилар.

«Ҳозирда Қозоғистонда жуда катта салоҳият ва муваффақиятли бизнес юритиш учун кўплаб соҳалар мавжуд», деди форумда сўзга чиққан жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис ва блоггер Алишер Еликбаев. «Биз коррупцияни енгсак, тадбиркорлик учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди.»

Замонавий бизнесни ривожлантириш

Форумда ёритилган асосий мавзулардан бири – бизнесни ривожлантириш учун интернет ва ижтимоий медиа каби замонавий технологиялардан фойдаланиш бўлди.

Сўзга чиққан яна бир маърузачи, Остона Халқаро молия маркази бош директори ва Ижтимоий сиёсат институти директори Саясат Нурбек замонавий технологиялар ва сунъий онг ролига алоҳида эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, замонавий технология ютуқларидан фойдаланмай, муваффақиятли бизнес ташкил этиб бўлмайди.

«Энг яхши тажрибаларни татбиқ қилиш ва янги технологияларни қўллаш орқали маданият билан бизнес юритишни ўрганишимиз жуда муҳим», деди «Тараз бизнес уюшмаси» ижрочи раиси Ўлжас Қуандиков Карвонсарой нашрига.

«Форумга кўпчилик ташриф буюрди, демак, бизнес юритиш ва уни ривожлантиришга қизиқиш катта», деди у.

«ОАВ имкониятлари ва ижтимоий тармоқлар кучидан фойдаланиб, ўз бизнесини ташкил қилган нотиқларни мароқ билан тингладик», дейди Карвонсарой билан суҳбатда Жамбил вилояти ёш тадбиркорлар кенгаши раиси ва Жамбилдаги «Энг яхши сармоя» ўқув маркази директори Айнур Заурбекова.

«Бутун дунё бизнес учун очиқ»

Биз Европа тараққиёти таклиф қила оладиган энг яхши нарсаларни ўзлаштирамиз, хусусан демократия ва бизнес юритиш усулларини», дейди LEVEL UP форуми иштирокчиси, Тараздаги реклама агентлиги эгаси Виктор Репенко.

«Бундан ташқари, қозоғистонликларнинг ўз миллий анъаналари бор», дейди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Бу айрим радикал диний оқимлар бизни мажбурлаб киритмоқчи бўлаётган жаҳолат йўлидан афзалдир».

Репенко форумда бир неча янги ғояларни ўргангани ва уларни ўзининг кичик шахсий бизнесини юритишда қўлламоқчи эканини айтди.

«Биз учун бутун дунё очиқ», дейди у. Интернет ва инглиз тили кўплаб имкониятларга йўл очади

Таҳсил олиш имкониятлари

«Тараз» бизнес уюшмаси форумлар ташкил қилиш билан чекланиб қолмай, эндигина тадбиркорликни бошлаётганлар учун ўқув курсларни ташкил қилмоқчи.

Жумладан, яқин орада уюшма ўз бизнесини бошламоқчи бўлганлар учун икки ойлик тадбиркорлик курсларини очишни режалаштирмоқда, деди Карвонсаройга уюшма матбуот котиби Диана Абдигаппар.

Унинг сўзларига кўра, курс ҳар бири 2 соатлик 8 та дарсдан иборат бўлади.

«Талабалар маркетинг, менежмент ва ўз бизнесини ташкил этиш ва юритишга оид бошқа соҳалар бўйича билим оладилар», деди у ва курс баҳоси 80 минг тенге (250 АҚШ доллари) эканлигини қўшимча қилди.

Сизга мақола ёқдими?

0
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *